ТЎЙ ВА МАРОСИМЛАРДАГИ ДАБДАБАБОЗЛИК

Маълумки, азал-азалдан икки ёшни унаштириб тўй-тантана қилишдан асосий мақсад уларни эр-хотин деб эълон қилишдан иборатдир. Ана шуни эълон қилиш мақсадида ўтказиладиган тўй маросимлари турли халқлар орасида миллий ва диний қарашларга суянган ҳолда ўтказилади.

Аммо минг афсуски, кейинги вақтларда халқимиз орасида тўй тантаналарида ҳаддан ташқари исрофга йўл қўйиш, ким ўзарга тўй қилиш, шуҳратпарастликка ружу қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундан ташқари кечқурун ўтказиладиган никоҳ базмларида келин-куёв ва уларнинг дўсту дугоналарининг шарқона одобга зид кийинишлари, келин ўз дугоналарини бир хилда кийинтириб, оммавий маданият таъсирида шаклланган тарзда даврада рақсга тушиш ҳолатлари, баъзи “санъаткорлар”нинг қулоқни қоматга келтирадиган даражада чиқишлари ва маънавиятимизга муносиб бўлмаган қўшиқларни куйлашлари, келин-куёв ҳақида танишув ва ишқий саргузаштлардан иборат бўлган видеолавҳаларни намойиш этишлари каби шарқона маданиятимизга зид бўлган салбий ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

Эслатиб ўтиш жоизки, бундан 1998 йилда ҳам тўй-ҳашам, маърака ва бошқа маросимларни ихчам, ортиқча сарф-ҳаражат ва дабдабаларсиз ўтказиш бўйича Президент Фармони ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Фатво”си эълон қилиниб, маҳаллаларда тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш бўйича тузиладиган маслаҳат кенгашлари ҳақида тавсиялар ишлаб чиқилган эди.

Бугунги кунга келиб халқимиз моддий маъмурчиликда ҳаёт кечирмоқда. Моддий ҳаётимизда камчилигимиз йўқ. Лекин юқорида таъкидлаб ўтилган салбий ҳолатлар тўқликдан келиб чиқмоқда.

Агар ёшларнинг бахти қўша-қўша сарполар, тоғора-тоғора овқату пишириқлар, қиммат баҳо тўй машиналари, охири йўқ орзу ҳавас, хуллас,  моддий тўкислик билан рўёбга чиққанида ҳозирги кунимизда биз кўплаб бузилаётган оилаларни эшитмаган бўлар эдик. Чунки, келин‑куёв яшаши учун тайёрланган хоналар, тўй оқшоми ўтаётган гўзал кошоналар аввалги замонлардаги шохларда ҳам бўлмаган. Аммо, қалблари фақат моддий ҳаёт билан банд бўлган инсонларнинг барча орзу‑ҳаваслари тўй ўтгач маълум муддатдан кейин саробга айланмоқда. Баъзиларининг кўзларидан оқаётган ёш хурсандчилик томчиларими ёки алам томчиларими?  Бунинг асосий сабабларидан бири фақат моддий ҳаёт билан банд бўлиб қолгани эмасмикан!

Агар ҳаётнинг маънавий, руҳий жиҳатига кўпроқ эътибор берилса, қуда‑андаларнинг дунёқараши, эътиқоди бир бўлса, кўп муаммолар ўз‑ўзидан ҳал бўларди. Иккала томон ҳам униси кам экан, буни қилиш керак дейишдан четланиб, фарзандларига келажак ҳаётида зарур бўладиган чиройли таълим-тарбияни бериб, бахт‑саодат сўрасалар албатта бунинг мевасини кўрадилар.

Саодат асрида бўлиб ўтган тўйларга эътибор қаратадиган бўлсак, бутун инсониятга гўзал намуна бўлган, жаннат башорати берилган, минг йиллардан бери тилларда достон бўлиб келаётган Али ва Фотима розияллоҳу анҳумонинг никоҳ тўйларида дастурхонга майиз билан хурмо қўйилган. Ҳазрати Алининг амакилари Хамза розияллоҳу анҳу бир қўй сўйиб зиёфат берди. Саҳобалар улардан тановул қилганлар. Ҳа, чинакам бахт қасрининг икки соҳиблари тўйида тортиқ қилинган нарсалар ана шундай оддий ва саноқли неъматлардан иборат эди. Келажакда улар Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумодек улуғларнинг ота-оналари бўлиш бахтига муяссар бўлдилар.

Айтиш жоизки, тўй кишилар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамловчи, узоқ вақтлардан буён кўриша олмай юрган қариндош-уруғлар, ёру-дўстларни дийдор кўришишларига муяссар қилувчи воситадир. Бойлик эса кўп яхши амалларни қилиб қолишга катта имкониятдир. Молу‑дунёмиз исроф, риё, манманликка эмас, яхшилик ва саховатга хизмат қилсин. Бир сўз билан айтганда, тежамкорлик – ҳаддан ошмаслик ва шукроналик аломатидир.

Мунисов Ҳусниддин

Боғот тумани Саид Мансур эшон бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *