ЭКСТРЕМИЗМНИНГ ДИНИМИЗГА ХАВФИ

Ислом дини руҳий-маънавий комилликка даъват этувчи дин ўлароқ нозил бўлган ва аввало, шу йўлдаги энг хавфли ғаним бўлмиш нафсга қарши кураш руҳи билан йўғрилган. Аммо минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда Аллоҳ таоло душман деб ҳисоблаган шайтони лаин найрангларига алданиб, яратилган барча неъматлардан фойдалана туриб, ношукрлик қиладиган, ғанимлар ноғорасига ўйнайдиган, ўз юртига қарата тош отадиган нобакор шахслар ҳам йўқ эмас. Айниқса, дунѐнинг турли давлатларида бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг борлиги кишини бениҳоят ранжитади ва сергакликка чорлайди.  Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 208-оятида хитоб қилиб шундай дейди:  “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.

          Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида ўз тасдиғини топди.

           Шу маънода ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қатор кўрсатмаларни баѐн қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот:

яъни: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар.

         Бугунги кунда айрим кимсалар томонидан яна бир шаръий масалани нотўғри талқин қилиниши кўзга ташланмоқда. У ҳам бўлса “байъат” тушунчасидир. “Байъат” арабча сўз бўлиб, “келишиш”, “битим тузиш” деган маъноларни англатади. Шариатда байъат тушунчаси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва у зотнинг халифалари (ўринбосарлари)га хосдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат қилиш – Исломни қабул қилиш, унинг амалларини бажариш, Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига содиқ бўлишда аҳднома маъносини ифодалаган. Бузғунчи тоифалар эса ўзларининг сохта амирларига жангарилар томонидан қилинадиган аҳдномаларни ҳам мазкур байъатга тенглаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу эса айни жаҳолат демакдир.

          Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда “байъат” масаласида тортишаѐтганлар, унга шаръий тус беришга уринаѐтганлар ушбу мавзуга доир оят ва ҳадисларни тўғри англамаган ѐки уларни тартибли равишда ўрганмаган ҳолда баҳс олиб бормоқдалар. Уларнинг сохта “халифалик” даъвоси ѐки байъат олиши динимиз таълимотига бутунлай зиддир. Зеро, ҳазрат Умар (р.а.): “Кимки мусулмонлар маслаҳатисиз бир одамга байъат қилса, бас, унга эргашилмайди”, деганлар.

    Кескин руҳдаги экстремистлар ноўрин қўллаѐтган яна бир атама ҳам борки, бу нарса бегуноҳ кишиларнинг ноҳақ қонлари тўкилишига сабаб бўлмоқда. Мусулмонларни мазкур «такфир» билан айблаш мусулмон жамиятларида яқинда пайдо бўлган ҳолат эмас. Бундай аянчли амалиѐт Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу халифалик даврларининг сўнгида юзага келган хорижийлар фаолиятида авжига чиққан эди. Бу тоифа вакиллари инсонлар ўртасида фитна келиб чиқишига сабаб бўлувчи турли саволлар билан мусулмонларга мурожаат этар, ўзлари учун мақбул жавобни бермаганларни «кофир» дея эълон қилишарди.

         Шунингдек, улар гуноҳ содир этган ѐки диний амалларни бажаришда камчиликларга йўл қўйган мусулмонни куфрда айблаб, унинг қонини ҳалол, яъни ўлдиришни мубоҳ санашган эди. Хавориж ѐки хорижий номи айни шу бузғунчи оқимга нисбатан айтилса ҳам, кўплаб дин уламолари бугунги кундаги илми оз бўлса ҳам ўзини доно санаб, ўзидан бошқа мусулмоннинг имонига шубҳа билан қарайдиган айрим тоифаларни ҳам «замонамиз хорижийлари», деб атамоқдалар.

Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш ислом дини таълимотига зид экани Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадислари ва уламоларнинг асарларида қуйидагича берилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:  «Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади. Яъни айбланган киши мусулмон бўлса, айбловчининг ўзи кофир бўлиб қолади.

         Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо): “Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ”, деганлар. Муфассир, муҳаддис олим Жалолиддин Суютий эса: “Мусулмонни кофирликда айблаган одам, уни ўлдирган билан баробардир”, деб таъкидлаганлар.

         Такфирчилар дин масаласида илм ва ақлни эмас, балки ҳис-туйғуни ҳукмрон тутишлари оқибатида айрим ояти карималар ва ҳадиси шарифларнинг нотўғри таъвил қилган ҳолда, қандайдир хатоларни рўкач қилиб, ҳеч бир шаръий асоссиз, мусулмонларни кофирга ҳукм қилмоқдалар.

Имон қалбда бўлади. Бир инсоннинг қалбини билмасдан туриб, қайсидир иши учун дарров кофирга чиқаришдан эҳтиѐт бўлиш лозим. Акс ҳолда бу тамға инсоннинг ўзига қайтиб, имондан айириши ҳеч гап эмас. Зеро, юқорида келтирилган ҳадиси шарифларнинг мазмуни кофир бўлмаган одамни кофирга чиқарган кимсанинг ўзи куфрга тушиб қолишини англатади.

Такфирчилар ва уларнинг издошлари Исломни ва Қуръонни англашда енгил муносабат билан ҳамда ўз қабиҳ манфаатлари нуқтаи назаридан ѐндашгани сабабли жуда аянчли оқибатлар юз бермоқда. Ана шундай саѐзликларидан бири фиқҳий масалаларни бузиб талқин қилишларидир.

          Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига теран назар ташлайди, келиши ѐки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаѐтганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади.

Хушнуд Абутов

Янибозор тумани « Жума» масжиди ноиб имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *