ТИНЧЛИКНИ ҚАДРЛАШ ОЛИЙ ФАЗИЛАТ

Тинчлик неъматини бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб шундай мархамат қилган: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсан-гиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир» (Иброҳим, 7). Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда «алҳамду лиллоҳ» дейиш билан адо бўлса, бошка хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини адо этишда тил билан айтилган ҳамднинг ўзи кифоя қилмайди, балки буларга амалий шукр даркор. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни адо қилиш тан соғлиқнинг шукри бўлса, имон ва ислом неъматининг шукри фарзандларимизни имон-эътиқодли, ҳалол, пок қилиб вояга етказишдир. Неъматларнинг энг сараси бўлмиш мустақилликни, тинчликнинг амалий шукри эса ёшларимизни ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялаш, десак муболаға бўлмайди.

Тинчликнинг қадрини турли ўлкаларда бўлиб турган қўпорувчилик ҳаракатларини, одамларнинг нотинч ҳолатларини кўз ўнгига келтирган одамгина чуқур ҳис кила олади. У ердаги одамларнинг кўнглига ибодат қилиш у ёқда турсин ҳатто еб-ичиш ҳам сиғмайди. Бас шундай экан, маънавий неъмат-нинг шукрини доим адо этиб турмоғимиз лозим. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадисда: «Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: «Танингни соғ қилиб қўймаганмидим? Сени муздак сув билан қондирмаганмидим…?», деб сўрайди», деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: «Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани, молини қайси йўл билан топиб, қаерга сарф қилгани ва ниҳоят билганларига қай даражада амал қилгани», деб марҳамат қилганлар. Неъматни Аллоҳдан деб билиш, кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, тинчлик шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.

Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойидир. Болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир. Сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи, тинчлиги йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш тинчликка интилиш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, тинчликни неъмат билади, хатто ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда ватанини ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу тинчлик туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.

Аммо билиб қўяйликки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга ана шундай озод, обод Ватан насиб этибдими, буни буюк бир неъмат ўлароқ қабул қилишимиз керак, унга шукр қилишимиз керак, унга содиқ бўлишимиз, тинчликни асаршимиз керак. Содиқ бўлиш эса Ватанга вафо қилиш, унинг моддий ва маънавий мулкини асраш, тинчлик неъматига шукур қилишликдир.

Динимиз кишиларини тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида хамжихатлик ва бирдамлик билан харакат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга бархам беришга чақиради. Қурони каримда Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз!…(бақара 208) дейилади. Ёппасига итоат дегани, тафсир китобларда сулхга,ўзаро тинчликка киришинг, урушни тарк этинг маъносида берилади. Хадиси шарифларда эса “тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки, бундан кўп одамлар махрумдирлар” “ким бизларга қарши тиғ кўтарса, у ахли исломдан эмас” дея инсонларни тинчликни қадрига етишга ўзаро ахил-иноқ яшашга чақирилган.

Осмони мусаффо, фуқароси фаровон, юртни келажаги ободдур. Ислом дини Ватанни севишга, эл-юртга холис хизмат қилишга ҳамда юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида ҳамжиҳат бўлишга даъват этади. Бу борада Қуръони каримда «…Эзгулик ва тақво (йўли) да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..» дейилади (Моида, 2).

Эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш, ер юзида тинчликнинг барқарор бўлишида бош омилдир. Тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлиб, уни сақлаш ҳар-бир кишининг олий даражадаги бурчи, вазифаси бўлмоғи лозим. Ислом динида Ватанга, эл-юртга садоқат тушунчаси кенг улуғланади. Бу муқаддас заминда ҳар бир инсон, айниқса, ёшларимиз азиз она Ватанимиз олдидаги фуқаролик

бурчларини яхши англаб олмоқлари лозим. Ҳар биримиз хуқуқ ва эркинликларга эга бўлишимиз билан бирга, зиммамизда бурч ва мажбуриятлар борлигини ҳам асло унутмаслигимиз керак.

О.Машарипов

Янгариқ туман “Хазрати Ғойиб ота” масжидиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *