ТИНЧЛИК ВА ЭЗГУЛИККА ЙЎҒРИЛГАН ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

Барчамизга маълумки, юртимизда турли хил динга эътиқод қилгувчи кишилар яшаб келади. Бундай эътиқодий хилма хиллик, дунёнинг баъзи жойларида ката муаммо ва келишмовчиликка сабаб бўлаётган бўлса, бизнинг юртимизда турли динга эътиқод қилгувчилар тинчлик ва тотувликда яшаб келмоқда.
Ислом дини инсонларни ўзаро мурувватли бўлишга чақирганидек, бошқа дин вакилларига ҳам бағрикенглик билан муносабатда бўлишга чақиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг инсонларга кўпроқ манфаат келтирувчиси Аллоҳга маҳбуброғидир”
Юртимизда азалдан диний бағрикенгликка асосланган қадриятлар устувор бўлиб келган. Мисол учун қадим замонларда мусулмонлар яхудийлик, насронийлик каби дин вакиллари билан тинч-тотувликда яшаб келганлар. Кўҳна шаҳарларимизда азалдан масжидлар билан биргаликда, черковлар фаолият кўрсатгани, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида ҳам улар ўртасида келишмовчилик ва можаролар бўлмагани бунинг тасдиғидир. Бу холатлар Ўзбекистон заминидаги барча халқларнинг диний-маънавий тотувликда ва бағрикенгликда яшашининг нодир тимсолидир.
Ҳозирда ҳам мамлакатимизда ўтказиб келинаётган нуфузли халқаро анжуманларда, Ўзбекистонда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда диний бағрикенглик муносиб эътироф этилмоқда.
Диннинг жамиятда бажарадиган ижтимоий, маънавий, руҳий вазифалари мавжуд. Диний бағрикенглик эса турли эътиқоддаги кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олийжаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таянади. Бу борада Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида бундай марҳамат қилади:
“Айтингиз: “Аллоҳга ва бизга нозил қилинган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодига нозил қилинган нарсага, Мусо ва Исога ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз унга мусулмонлармиз” (136 -оят).
Исломда мусулмонларга бошқа дин вакилларига яхши муомала қилиш буюрилган. Улар билан бўладиган алоқалар, Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида бўлиши таъкидланган.
Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг диний-ақидавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ жабр қилмайди. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса, ёки унинг ҳаққини поймол этса, ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса, ёки ундан ўз розилигисиз бирор нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”, – дедилар. Имом Абу Довуд ривоят қилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар-бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деган норманинг акс эттирилиши ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги қонун, мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилди.
Диний бағрикенглик асосида тинчлик ва хотиржамликка эришганимизни, чет давлатлар ҳам эътироф этмоқда. Манашу эришилган натижаларни ва том маънодаги бағрикенгликни ўз қўлимизда сақлаб қолишимиз ва ривожлантиришимиз, бизнинг мамлакатимизга ҳар қачонгидан ҳам зарур. Чунки давлатимиз тараққиёт сари юз тутмоқда. Бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларимиз ривожланмоқда. Албатта бу ривожланиш замирида тинчлик ва эзгуликка йўғрилган диний бағрикенглик ҳам ўз ўрнини эгаллаган.

Ш.Қўчқоров
Ҳазорасп тумани “Олти аълам бобо” масжиди
имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *