НИҚОБ ОРТИДАГИ ЖАХОЛАТ

Маълумки ислом дини инсонларни ҳидоятга эришишлари учун Аллоҳ таъоло тарфидан юборилган мукаммал диндир.
Динимизнинг асл мақсади инсон зотини икки дунёда саодатга эришиши учун яратган зотнинг розилигини топишдир.Эзгулик ,меҳр ва ғамхорлик динимизда асл мезонлардан ҳисобланади.
Афсуски айрим оқимлар тарафидан динимиз номидан ҳар хил ҳунрезликлар қилинмоқда.гуруҳларига жозибодор номларни қўйиб,диний эътиқоди хали шакилланиб улгурмаган ёшларни ўзларининг ғаразли мақсадлари билан йўғрилган бузуқ ақидалари билан алдашга ҳаракат қилмоқдалар.Бунинг оқибатида,ҳали дин ва эътиқод нималигини билмаган баъзи кишилар уларнинг домига тушуб қолмоқда.
Динимизда ақида масаласи энг биринчи ўринни эгаллайди.Ақидаси тўғри бўлмагмн кишининг ибодати қабул этилмаслиги далиллар билан такидланади.
Киши одатда бирор нарсага эътиқод қилиши учун унинг моҳиятини аъло даражада билиши керак. Акс ҳолда ақида борасида чалкашлик ва хатоликлар келиб чиқиши табиий. Бунинг учун маърифат зарур. У онгимизда мустаҳкам қарор топсагина, эътиқодимиз мусаффо бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим. Аслини олганда, барча нарсанинг туб мағзини англашда илму маърифатга муҳтожлигимиз кундан-кун сезилиб туради.
Ақида софлиги ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир. Чунки ақидасиз амалларнинг заррача фойдаси йўқ. Буюк бобокалонларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмининг зарурлигини баён қилиб шундай деганлар:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур.
Шунингдек, ақида нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Динда ғулувга кетиш ҳам шулар жумласидандир. Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади.
Ғулувдан сақланиш борасида Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта айтганлар.
Шунингдек, у зот умматини огоҳлантириб бундай деганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти).
Ҳакимлардан бири бундай деган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: биринчиси, банданинг амалда ғулувга кетиши бўлса, иккинчиси, амалда нуқсонга йўл қўйишдир. Шайтон буларнинг қайси бири ғолиб бўлишига асло парво қилмайди”.
Банда иблис алайҳил лаънадан устун келиши учун амалини шариат мезонига солиб кўрсин. Агар унда нуқсон бўлмаса ва ҳаддан ҳам ошмаса, зафар уники. Аксинча бўлса, оқибати ҳам, шубҳасиз, аксинча бўлади. Буни билиш учун албатта илм керак. Инсон аввало тўғри йўл қайсилигини билиб олмоғи лозим. Шунинг учун шариатимиз илмга буюрган.
Бугунги кундаги бузуқ ақида вакиллари эса ўзларининг нотўғри ақидаларини тарихда кўпгина фитна ва фасодларга сабаб бўлган оқимлар:қадарийлар,жабарийлар,азрақийлар ва шунга ўхшаган адашган тоифалардан ўзларига мерос қилиб олишган.
Бизнинг аҳли сунна эътиқоди бўйича аҳли қиблани яни мусулмонни қилган гуноҳи учун куфрда айбламаймиз лекин адашганақидадаги оқимлар эса айнан гуноҳи кабира қилган мусулмонни куфрда айблаб уни ўлдиришга фатво берганлар.Шундан билса бўладики бундай тоифалар пайғамбаримиз тўғри йўлда деб айтган аҳли суннатдан эмаслар.
Бундай динни ниқоб қилиб олган оқимларнинг асл ниятлари бошқа ва қилаётган даволарига умуман зид эканлигини ҳам кўришимиз мумкин.Ўзларини гўёки «ислом динини янгиловчи холоскор»қилиб кўрсатаётган у оқимлар,ноҳотки динимизда одамни ўлдириш,қон тўкиш ва фитна қиқариш динимизда қаттиқ қораланган ва қайтарилган ишлар эканлигини билмасалар?
Шундан кўриниб турибдики бундай динни ниқоб қилиб ,унинг номидан иш қилаётан бузғунчи ғаразгой оқимлар,бу қилаётган ишлари билан а ислом динини ёмонотлиқ қилишмоқда.
Бундай тоифаларнинг юзларига тутган жилвагар ниқоблари ортида нималар борлигини тўлиқ тушунмаган кишилар уларнинг ҳийла ва алдов тузоғига илинмасликлари учун динимизнинг соф ақидасини ота боболаримиз бизга қолдирган улкан маънавий меросларини ўрганиб,шуни ҳаётларига татбиқ этмоқликлари лозим.

Р.Эрназаров
Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *