ДИН НИҚОБИДАГИ ТАҲДИДЛАРДАН ҲИМОЯЛАНАЙЛИК

Глобаллашув шароитида дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, зиддиятли тўқнашувларга теран қараш ҳиссини ошириш, ҳар қандай кўринишдаги таҳдидларга қарши маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш ҳамда ахборот соҳасидаги хавфсизликни таъминлаш йўлида комплекс вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, замонавий ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муносабатларнинг шиддат билан ривожланиши, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, ёшлар маънавий камолотига салбий таъсир этувчи мафкуравий хуружлар глобал муаммога айланди. Бу долзарблик Ер юзидаги кишиларнинг онги ва қалби турли ғояларни синаш майдонига, бошқача айтганда мафкуравий полигонга айлантирилаётгани билан ҳам белгиланади. ХХ асрда инсониятга ядро қуроли катта хавф солган бўлса, бугунги кунга келиб турли мақсадларни кўзлаб уюштирилаётган ахборот хуружлари халқлар, давлатлар, минтақалар ҳаётига, келажак тақдирига таҳдид солмоқда.
Дарҳақиқат, Ватанимиз хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёт кечиришида бугунги замон талабларига мос равишда шакллантирилган Қуролли Кучларимизнинг муносиб ўрни бор. Лекин, ғоялар кураши авж олган XXI асрда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани, кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган янги шаклдаги таҳдидларнинг кун сайин пайдо бўлаётгани ва бунинг натижасида бузғунчи ғоялар мафкура майдонини қуршаб олаётгани жамиятимизнинг барча соҳа вакиллари каби ҳарбийларимиздан нафақат жисмоний жиҳатдан етарли кучга эга бўлиш, балки маънавий жиҳатдан ҳам етук, баркамол бўлишни талаб этмоқда.
Ҳозирги кунда инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олаётган экан, мафкура майдонида турли қарашларнинг ҳукмронлик қилиши табиий ҳолатдир. Масалан, ғоя ижобий моҳиятга эга бўлганда улкан бунёдкорлик қувватини намойиш этса, бузғунчи мазмунни ифодалаганда даҳшатли вайронкорлик қудратига эга бўлади. Иккинчи гуруҳга хос бўлган бундай бузғунчи ғоялар глобаллашув шароитида дин ниқоби остида фаолият кўрсатаётган экстремистик ҳаракатлар томонидан тарғиб қилиниб, инсон онги ва қалбини забт этиш мақсадида ҳар қандай разил йўллардан фойдаланиш ҳоллари авж олмоқда. Бундай кучларнинг динимиз асосларини, Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни ислом билан боғлашга уриниши эса уларнинг ҳар қандай қабиҳликдан тап тортмаслигидан далолат беради.
Умуман олганда, кишиларда ижобий таассурот қолдириб, хайрихоҳлик ҳиссини уйғотиш ва шу йўл билан тарафдорлар сонини кўпайтириш мақсадида муҳтожларга хайр-эҳсон улашиш ва бошқа шу каби ишларни амалга ошириб кўзга кўринишни диний-экстремистик ҳаракатлар фаолиятининг илк босқичида кенг қўлланадиган усул деб тавсифлаш мумкин. Бунда биринчи навбатда оила аъзоларини, яқин қариндошлар, дўстлар ва масжидларга доимий равишда қатнайдиган кишиларни аъзоликка жалб қилиш диний экстремистик ҳаракатлар фаолиятининг марказида туради. Экстремистларнинг ўз сафларига дастлаб оила аъзолари, қариндош-уруғлар ва яқинларни жалб қилиши жиддий асослар ҳамда маълум бир сабабларга эга. Биринчидан, бундай услуб кенг фаолият доирасига чиққунча махфийликни сақлашга хизмат қилиб, фош бўлиш имкониятини кескин пасайтирса, иккинчидан, ҳаракат ривож топган пайтда қариндошларнинг ташкилот иерархиясидаги юқори мавқеини ва корпоративлик кайфиятини таъминлаш орқали сафдошлар устидан қатъий назорат ўрнатиш имконини беради.
Бундай оқимларга қабул қилинган аъзодан, жамоанинг ҳаракатлари сир сақланиши билан бир қаторда, агар унга яқинлари томонидан қаршилик қилинса, бу йўлда ҳатто ота-онаси, ака-укалари ва қариндош уруғларидан ҳам воз кечиши талаб қилинади.  Шунингдек, ташкилотга янги аъзоларни жалб қилиш учун масъул этиб тайинланган “фаоллар” асосан ёрдамга муҳтож кишиларни, амалдаги ҳукумат сиёсатидан норози кимсаларни ўлжа сифатида танлайдилар. Бундай “ўлжа”ларни муайян вақт оралиғида кузатиб, ўрганиб, сўнг у билан диний-сиёсий мавзуларда суҳбатлашиб, тарғиб этилаётган ғояларга мойилликни шакллантириш, кейин эса мутаассиб характерга эга бўлган адабиёт ҳамда турли воситалар билан қуроллантириш ва тузоққа тўлиқ илинтиришдек босқичлар амалга оширилади.
Маълумотларга қараганда, Ироқ ва суриядаги террорчи гуруҳлар таркибига қўшилиб, ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган “жангари”ларнинг бевалари бегона одамлар билан қайтадан никоҳдан ўтказилади. Бундай аёллар олдига “жиҳодчилар туғиб бериш” вазифаси қўйилган. Аёллар уй қамоғи шароитида яшашга мажбур этилиб, қочишга ҳаракат қилганларга ўлим жазоси берилади.
Минг афсуски, бундай манфур кучлар асосан илм ва маърифатдан йироқ, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаган кишиларни, асосан ёшларни жалб этишга интилиб, ўз Ватанини тарк этишга даъват этмоқда.
Демак, бугунги кунда дунё ҳамжамиятида мафкуравий полигонларнинг ёшлар тарбиясига кўрсатаётган салбий таъсири ҳар бир мамлакат, давлат, халқ олдида турган долзарб муаммолардан бири саналади. Бундай шароитда ўсиб келаётган баркамол авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар онгини турли хил ёт ғоя ва ахборот хуружлардан сақлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Шундай экан, глобаллашув жараёнида кишиларни, айниқса ёшларни турли хил кўринишдаги мафкуравий хуружлар таъсиридан асрашда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш зарур:
Мустақил фикрга эга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга шахсларни тарбиялаш, ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш орқали ҳар хил бидъат-хурофот амалларни фарқлаш, турли диний оқим ва йўналишлар таъсири ҳамда ақидасига қарши иммунитет ҳосил қилиш;
диний экстремизм ва терроризм билан курашда, асосан ҳуқуқ-тартибот органларига суяниш, фақат жазо чораларини қўллаш орқали унга барҳам беришга интилиш мазкур салбий ҳодисанинг оқибати билангина курашиш деганидир. Бошқача айтганда, бундай йўлдан борилса, диний экстремизм ва терроризмни озиқлантириб турган “илдиз”лар зарарланмай қолаверади, маълум бир давр ўтиши билан улар янги “куртак”лар беришда давом этишини ҳисобга олиб, бундай манфур кучларнинг кирдикорларини фош этиш ва уларга қарши курашишда ҳар бир соҳа вакили ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш.

Х.Уллиев
Хонқа тумани “Хўжа Нураддин бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *