ВИРТУАЛ ЎЙИНЛАРНИНГ ВАСВАСАСИ

“Виртуал” (лотинча virtualis — имконият) реал кўринишга эга эмас, лекин маълум шартлар қўйиши мумкин деганидир. Виртуал сўзи IV асрда қадимги Византия фалсафасида қўлланилган. Хозирги кунга келиб, виртуал сўзи реаллик кўринишига етиб келди. Компьютер худди магнит металлни тортгани каби, кишиларни унданда кучли ўзига тортмоқда.
Компьютер ўйинлари оқибатида ёшларнинг мия фаолиятида ўзгаришлар кузатилган. Яъни, катта ёшли кишининг мия фаолияти ёш боланики каби ўзгариб қолиши, боланинг мия фаолияти эса аксинча анча катта ёшдагиларникига ўхшаб ўзгариши кузатилган. Виртуал оламда болалар рухий ҳолати ҳамда компьютер қаршисида катталар каби ўзини тутиши намоён бўлган. Минг афсуски, болалар ўзларининг беғубор ва такрорланмас болалик деган бебахо дунёсини, виртуал оламга алмаштириб кемоқдалар. Кўплаб олимлар компьютер ўйинлари зарарли экани ва ҳатто ҳалокатга олиб келишини таъкидлашган.
2005 йилнинг октябрь ойида Хитойлик қиз бир неча кун тинимсиз компьютердаги «World of Warcraft» ўйинини ўйнаши натижасида вафот этган.
Худди ичкиликбозлик, гиёхвандлик иллатлари каби компьютер ва виртуал ўйинлар хам ўз ноғорасига ўйнатиш хусусиятига эга. Катта ёшдаги кишилар реал хаётда ҳам ўзларини болалардек тутиб, масъулиятсиз бўлиб қолади. Бир боланинг айтишича, отаси шу қадар интернетдаги ўйинлар уммонига шўнғиб кетганки, натижада оилавий зиддиятлар келиб чиққан. Германиянинг Чарите университети илмий ходимларининг 20 кишидан иборат гурух ичида ўтказган тажрибасида шу нарса намоён бўлдики, иштирокчиларга машхур ўйинлардан олинган суратлар намойиш қилинганда, уларда худди ичкилик, гиёхвандликка ружу қўйганлар каби патологик ўзгаришлар рўй берган.
“Нотингем тренд” университети илмий ходимларининг 7000 кишилик кузатув тажриба гурухида олиб борган тадқиқотлари натижасида гурухдагиларнинг 12 фоизида компьютер ўйинларига тобелик аниқланган.
Ўйинга тобе бўлганлар хар доим рухшунос маслахатига мухтож бўлиб қолади. Ўзларини шахсий хаётлари ўзгариб бораётганини, қилаётган ишларидан қониқиш сезмаётганини, оддий инсонийликни йўқотиб қўяётганини, кайфияти тушкун бўлиши, фаоллик йўқолиши, жиззакилигидан шикоят қилади.
Албатта бу ўйинлар ичида ёшлар онгини ўстириш, ақлини чархлаш ва тил ўргатишга хосланган фойдали ўйинлар ҳам бор лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек бу вертувал ўйинлар ичида, инсонларнинг айниқса ёшларнинг онгини захарлашга, имон эътиқодидан айиришга, бузғунчилик ва бешафқатликни, беҳаёликни ўргатиб қўйишга қаратилган ва айнан шу нарсалар учун мосланган ўйинлар ҳам анчагина.
Мисоллар билан келтирадиган бўлсак:
Компьютерда соатлаб, кунлаб ўтириб, турли вертуал мукофотчаларни, ютуқларни “қўлга киритган” киши учун улар чинакамига қимматли маъно касб эта бошлайди. Бундай балл ва ютуқлар “содиқ” ўйинчилар орасида сотилади, харид қилинади. Бундай ишга эса пул аямай сарфланади. Масалан, “Ргожест Ентропиа” ўйинига муккасидан кетган австралиялик Дэвид Стор исмли талаба 35 минг АҚШ доллари эвазига виртуал орол сотиб олди. Бу оролда эски қалъа, бир қанча чўмилиш ва турли махлуқларни овлаш учун махсус жойлар бор. Лекин бу жойлар фақат тасаввурда, компьютер экранидагина, холос.
Жуда кўп ўйинлар одамларни, ҳайвонларни шафқатсизларча ўлдириш, қон тўкиш саҳналари асосига қурилган. Бундай аянчли лавҳалар нафақат ёшларнинг, ҳатто ёши катталарнинг онгига ҳам жуда кучли салбий таъсир кўрсатади. “СТА”, “Снайпер” ва “Қотил” каби ўйинларга берилганларнинг баъзилари кейинчалик ҳақиқий қотилга айланишгани фикримиз далилидир.
Энди эса бу ўйинлар оқибатида рўй берган нохуш холатларни келтириб ўтсак:
2002 йили америкалик Шон Вилли исмли 21 ёшли йигит ўзини ўзи пешонасидан отиб ўлдирди. Аниқланишича, у “ЕверҚуест” номли компьютер ўйинига муккасидан кетган экан. Унинг ўша ўйинда ютқазиб, йиғган баллари ва мукофотларидан ажралганига чидаёлмай, ўз жонига қасд қилгани маълум бўлди.
Ғарб давлатларида ёшлар ўртасида компьютер ўйинларининг зарарини камайтириш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширила бошланди. Францияда компьютер ўйинларида тўкиладиган қоннинг қизил рангда эмас, яшил рангда бўлиши жорий этилгани, Бельгияда компьютер клубларида порнографик ўйинларни тарғиб қилиш қамок жазоси билан жазоланиши ана шу ислохотларнинг бир кўринишидир.
«Virtual Image Productions» компаниясининг директори: «Компьютер ўйинлари оддий ўйинчоқ, бўлмай қолди. Улар жаҳолатни ўргатиш воситасига айланиб кетди ва биз болаларимизни тепкини босиб роҳатланишга ўргатяпмиз. Аммо биз реал ҳётда бунинг оқибати қандай бўлишини ўргатмаяпмиз».
Хўш, нега улар ғимирлаб қолишди, нега бошида ўзлари бу ўйинларни тарғиб қилишди-ю, энди пайтаваларига қурт тушиб қолди? Чунки улар асл хақиқатни англаб етишди. Бола онги бузилса, келажак ҳам бузилишини бироз кеч англашди.
Виртуал олам инсонни манипуляция (фикрий қарамлик орқали ўзига бўйсундириш) қилмокда. Ҳозир болалар ёки ўсмирларнинг интернет-кафени “иккинчи уйи”га айлантириб олаётгани сир эмас. Кузатишлар шуни кўрсатадики, онлайн ўйинларини ўйновчилар ҳам, асосан, ўсмирлар. Ўсмирлик шахснинг физиологик ва ижтимоий ривожланишидаги ўзига хос давр хисобланади. Агар шу даврда ўғил ёки қиз агрессив руҳдаги онлайн ўйинларига берилса, бу нохуш оқибатларга олиб келиши турган гап.

Х.Собиров
Боғот тумани “Қорри хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *