ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ЕНГЛИЛМАС КУЧ

Маънавиятни юксалтириш, хусусан, келажагимиз бўлмиш ёшлар ахлоқини юксак инсоний фазилатлар билан бойитиш, уларни мафкуравий хуружлардан асраш давримизнинг долзарб масалаларидан биридир. Бу борада мустаҳкам имон, буюк эътиқод, ҳаққоний маслак эгаси бўлган, Ватаним деб қайғурган, унинг озодлиги, истиқболи учун умр бўйи курашган, давр тузумининг сиёсий, иқтисодий тазйиқларига бардош берган, миллатнинг виждони бўлган биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг асарлари замонамиз ёшларини юксак маънавият, ахлоқ, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. У киши ёшларимизни она-Ватанга муҳаббатли, бой тарихимизга, муқаддас Ислом динига садоқатли, миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишларини кўп бора таъкидлар эдилар.
Чунки бугунги тезкор ўзгаришлар даврида ёшларимиз онги ва қалбини эгаллаш учун астойдил уринаётган ёвуз кучлар мавжуд. Улар айрим ёшларнинг соддадиллигидан фойдаланиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби баҳоналар билан ўз тузоқларига илинтиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Ёвуз кучлар томонидан қилинаётган қўпорувчиликлар, хунрезлик ва босқинчиликлар ҳар қандай кишининг қалбини ларзага солади. Шу боис замонамиз уламолари, айниқса, ёшлар қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлайдилар:
– Ҳар бир ишда ақл юритишлари, билмаган масалаларида аҳли илмдан сўрашлари, зеро, Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 7-оятида: «Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб марҳамат қилган. Шунингдек, террорчи гуруҳлар орасида бирорта ҳам олим киши йўқлигини яхши билишлари керак;
– Бошқа дин вакилларига меҳр-шафқатли, бағрикенг муносабатда бўлиш, ахборот хуружлари асирига айланмаслик ҳамда террорчи гуруҳлар томонидан эътироф этилаётган ғоялар ёлғон ва сохталикка хизмат қилишини англаши лозим;
– Террорчи гуруҳлар томонидан эълон қилинган халифаликнинг ботил эканига аниқ ишониш лозим. Чунки у Пайғамбаримизнинг тутган йўлларига ҳам маънан, ҳам шаклан зиддир. Бу каби ҳаракатлар зулм, истибдодга асосланган ташкилот эканини англаш керак.
Бугунги кунда уларнинг асл мақсадини очиб бериш, унинг хатарли оқибатлари ҳақида барчани огоҳлантириш ҳар бир кишининг бурчидир.
Демак, биз ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз, дўст-у душманни ажратишимиз зарур. Ҳар бир фасод иш ортида разил мақсадлар, манфаатдор кимсалар турганини бир лаҳза ҳам унутмайлик. Токи, жоҳил кимсаларнинг “даъвати”ни ҳам, ахлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялари ҳам ёшларимизга ўз таъсирини ўтказа олмасин.
Маълумки, маърифат кишиларнинг онгини, билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбиядир. У табиат, жамият ва инсон моҳияти ҳақидаги турли билимлар, маълумотлар мажмуасини ҳам билдиради. Маърифат тушунчаси маданият, маънавият тушунчалари билан боғлиқ. Маърифат маънавий қарамликни бартараф қилади, инсонга куч-қудрат ато этади. У кишиларни жаҳолатдан қутаради, бузуқ ишлардан қайтаради, яхши хулқ ва одоб эгаси бўлишга ёрдам беради. Маърифатли кишилардан ташкил топган жамият равнақ топади, келажаги порлоқ бўлади. Маърифат билим ва маданиятнинг қўшма мазмуни бўлиб, маориф уни ёйиш воситасидир. Маърифатни ҳаётга сингдириш маориф тизими орқали амалга оширилади.
Инсоният тарихи, аслида, сабоқлардан иборат. Шулардан бири: ҳар бир халқ, миллат ёки элат ўз тарихини, ота боболари босиб ўтган йўлни, урф-одатларини, ўзигагина хос бўлган қадриятларини, тили, дини ва, ҳатто, олис аждодлари куйлаган қўшиқларни ҳам унутмаслиги лозим. Бунга амал қилмаганлар миллат сифатида тарих саҳнасидан тушиб қолганлигига мисоллар кўп.
Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, инсон зоти кечагидан кўра яхшироқ яшашга, роҳат-фароғатга интилади. Ҳар бир халқ миллий тараққиёт сари юзланар экан, табиийки, шу ният билан яшайди. Бунинг учун у, аввало, ўз ўтмишига зийрак нигоҳ билан қараши, яхши ёмон кунларидан англашиладиган хулосаларни диққат-эътиборда тутиши, хатоларни такрорламаслик лозим бўлади. Яна бир сабоқ —    озодлик, ҳурлик йўлидаги интилишлари ижобат бўлиб, мустақилликни қўлга киритганлар ҳам, бир лаҳза бўлсин, бепарво бўлмай, ҳамиша огоҳ туришлари, маънавий тарбияда бўшлиққа йўл қўймасликлари лозим бўлади.
Дунёда шундай мамлакатлар борки, табиий бойликлари ҳисобига туриш-турмушида қийинчилик нима эканлигини асло билмайди. Аммо инсон қалби, онг-тушунчаси, дунёқараши, маънавий олами билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда куч-қудрат, бойлик нечоғли кўп бўлмасин, барибир, ожизлик қилади. Бундай муаммога дуч келган миллат учун ягона нажоткор унинг маънавиятидир. Маънавияти юксак миллат ҳар қандай оғир шароитда ҳам тўғри ва адолатли ечимларни топа олади. Бундай юксак даражага эришган халқ
нинг келажаги, шуб
ҳасиз, порлоқ бўлади.
Маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракат ёки таҳдид, энг аввало, у ёки бу мамлакатнинг хавфсизлиги ва яхлитлигига, шу заминда яшаётган турли миллат ва элатларнинг аҳил-иноқлигига раҳна солувчи, истиқбол йўлларидан адаштирувчи ҳаракат, таҳдид эканлигини исботлаб беради. Маънавий қуролсизлантирилган ва бунинг оқибатида маънавий олами заифлашган халқ эса, энг оддий хавф-хатар олдида ҳам кучсиз бўлиб қолиши, жаҳолат сари юз тутиши мумкин. Шу боис ҳам жаҳолатга қарши фақат ва фақат маърифат билангина ёндошиш мумкин.
Ҳақиқатда жаҳолатга маърифат билангина курашиш мумкин. Маърифатли авлодни тарбиялашда биз юқорида маориф вакилларининг хизматларини қайд этиб ўтдик. Аммо фақатгина маориф вакилларигина масъул десак хато қилган бўламиз. Бу каби хатти-ҳаракатга нафақат педагоглар балки ота-оналар ҳам маҳалла фаоллари ҳам масъулдирлар. Агар оилада маънавий муҳит ўрнак бўладиган даражада, фарзандлар миллий қадриятларимизга хос анъаналар руҳида тарбияланаётган бўлса, улар ҳеч қачон ота-оналарини, яқинларини ва маҳалла куй юзини ерга қаратмайди. Шу босдан ҳам халқимиз азал-азалдан оилада фарзанд туғилиши биланоқ унинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор билан қарашган Дархақиқат мамлакатимизга суқулиб кириб келган экстремистлар, ақидапарастлар тушкунликка тушган, ишсиз юрган, эътиқоди, маънавий дунёқараши суст одамларни танлаб олиб уларни ўз домига тортмокда. Мазкур салбий ҳолатлар жамиятимиз тараққиёти, аҳолимиз тинчлиги, осойишталигига таҳдид солмокда, баъзи ёшларимиз уларнинг домига тортилмоқда.
Ушбу таҳдидлардан қутулиш йўли қандай? Аввало ёшларимизни маънавий салоҳиятини шакллантириш, улар қалбида миллий истиқлол ғояларини сингдириш, турли динлар, уларнинг таълимотлари борасидаги билимларини ошириб бориш лозим. Бу борада юртимиз миқёсида амалга оширилаётган ишларни таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Яъни, бугунги кунда ёшларимизни бадиий адабиётга қизиқтириш орқали улар қалбида миллий истиқлол ғояларини янада чуқурроқ сингдиришга эришилмоқда.Умуман олганда ёшлар маънавий салоҳиятини юксалтириш, улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз руҳида тарбиялаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Шу боис, таълим муассалаларида ёшлар ўртасида турли ёд ғояларнинг олдини олиш, “оммавий маданият”нинг салбий оқибатларини очиб берувчи тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозим. Шунингдек, бу борада нафақат таълим муассасалари балки маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳам фаол иштирок этишлари керак. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишлар мақсадида турли тўгаракларга жалб қилиш, иқтидорларини намойиш этишга яқиндан ёрдам бериш, турли кўрик-танловларнинг жорий этилиши ижобий самара беради. Шундагина, йўлимизни жаҳолат шамчироғи эмас, балки, эзгулик, ёруғ келажак нури ёритгай.

М.Ёқубов
Хонқа туман “Сайид ота” масжиди имоми-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *