БИЗДАН ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН ҚОЛСИН

Ватан бу киши фахрланиши мумкин бўлган энг қимматли нарсадир. Ватан бу инсоннинг киндик қони тўкилган ер, гўдаклигидан юришни бошлаганда унга пояндоз бўлган, бола бўлиб ўйнаб-кулиб юрганда унинг учун кенг дала, кексайганда эса паноҳ бўлган, ҳаётий хотираларининг тирик гувоҳи, ота-боболарининг замини, фарзанду набираларининг ҳам уйи бўлган муборак бир макондир. Ватаннинг ҳар бир қаричи қалбларимизга ёқимли. Унинг ҳавоси, суви ва мевалари биз учун азиз ва қадрли. Тарихдаги барча шоирлару ёзувчилар, олимлару зиёлилар ватан туйғусини тараннум этганлар, ватанларини мадҳ қилганлар.

Ватанпарварлик — Ватанни севмоқликни англатса, бу илмни эгаллаган киши Ватанга жонини атаган комил инсон мартабасига етган бўлади. «Ватанни севмоқ» деган тушунчадан ташқари «Ватан билан ғурурланиш, фахрланиш» деган тушунча ҳам мавжуд. Зеро, бу икки тушунча бир-бирисиз яшай олмайди. Қадимдан эшитиб келамизки, киши ўзининг етти аслини (яъни, ўтган етти аждодини, насаби ва миллати кимлардан эканлигини) билиши керак, дейишади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматлар берган. Мана шу неъматлар ичида энг улуғи — тинчлик ва осойишталикдир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Аллоҳ таоло юртимиз фуқароларини мана шу неъмат билан сийлаб, мамлакатимизни бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоя қилиб турибди. Албатта, Парвардигор ҳеч нарсани бесабаб яратмаган. Юртимизнинг тинчлигига ва барқарорлиги  муҳтарам Юртбошимизнинг одилона олиб бораётган сиёсати билан чамбарчас боғлиқдир. Мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Қанчадан-қанча кўприклар, йўллар, ўқув даргоҳлари, турли корхоналар қуриб битказилди. Шаҳар ва қишлоқларимиз  чирой очиб, обод бўлиб бормоқда.

  Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келган бошқа ривоятда эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажбуран Маккани тарк этар эканлар, она ватанларига, севимли шаҳарлари Маккага хитобан шундай дедилар: “Эй шаҳрим, эй ватаним, сен нақадар яхшисан! Агар қавминг мени сендан ҳайдаб чиқармаганларида, қасамки, сендан бошқа жойда яшамаган бўлардим” (Термизий ва Ҳоким ривояти).  Башарият саййиди бўлмиш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ватанларини севмаганларида бундай сўзларни гапирмаган бўлардилар.Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир. Ислом дини бу туйғунинг шаънини юксакларга қадар кўтарди. Шу боис ҳам барча фақиҳ уламолар иттифоқ қилишганки, агар ёв юртга ҳужум қилса, унга қарши курашиш ҳар бир мусулмонга фарзи айнга айланади. Ҳижрат қилгандан кейин ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинани иккинчи ватан тутдилар. Ул зотнинг ватанпарварликлари, тупроғида яшаётган маконга мансубликлари жуда кўп ўринда яққол кўзга ташланади.

     Ватан неъмати буюк неъматдир. Барча инсон Аллоҳ томонидан ато қилиб қўйилган мана шу неъмат бағрида туғилиб, ўсиб-улғаяди, унинг яхшиликларидан насибадор бўлади. Бинобарин унинг зиммасида мазкур муҳитга нисбатан, бу муҳит ўз ичига олган нарсаларга нисбатан маълум ҳақ-ҳуқуқлар ва мажбуриятлар пайдо бўлади. Ўзини ватанига мансуб деб билувчи киши бу ҳақларни адо қилмоғи лозим. Бу ҳақ-ҳуқуқлар ватанга садоқат, уни яхши кўриш, уни кўз қорачиғидай асраб, келажак авлодларга озод ва обод ҳолда етказиш, унинг ривожи ва равнақи учун имкониятидаги бор нарсаларни ишга солиш, унда яшовчи кишиларга нисбатан ўз мажбуриятларини адо этишдир.
Ҳаммамиз ватан олдида қарздормиз. Ватанга муҳаббат туйғусини фазандларимиз қалбида гўдакликлариданоқ шакллантиришимиз айни муддаодир. Келажак авлод ватанпарварлик ҳиссида улғайса, ватанимиз албатта гуллаб, яшнайди.

                                                                                  М.Мансуров

Қўшкўпир тумани “Нур Азиз бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *