Одам боласи азиз ва мукаррам

Инсонга ҳамма неъматни фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини ҳис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, балки доимо Аллоҳнинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Шууро сурасида шундай марҳамат қилади:                                             “Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этади ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этади. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилади (ҳам ўғил, ҳам қиз беради) ва Ўзи хоҳлаган кишини бепушт (бефарзанд) қилиб қўяди. Албатта, У (барча нарсани) билувчи ва (барча нарсага) қодир (зот)дир”. Муқаддас динимиз таълимотида фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъмат бўлиши баробарида у омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғил-қиз, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: яъни: «Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз». (Таҳрим, 66).                           Ислом таълимоти кишилик жамиятида ўз ўрнини топиб, унинг дунёвий ва диний ҳаётида амалий суратда татбиқини топган илк саодат асридан бошлаб ёш авлод тарбиясига катта аҳамият бериб келади. Ислом таълимоти ва йўл-йўриқлари жамият асосининг пойдевори, уммат истиқболи бўлган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини талаб қилади.                                                                                  Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчларидан энг аввалгиси болага чиройли исм қўйишдир.                                                                                                                                     Ота онанинг фарзанд олдидаги кейинги  асосий бурчи уни чиройли тарбия қилмоқлигидир.                                                                                                                                                «Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди»                                                                                                                                                                                                                                                               Шуни унутмасллик керакки, болага гўзал одоб бериб  уни дину диёнатли, элу юртга манфаати тегадиган солиҳ фарзанд бўлиши учун аввалам бор ота-онанинг ўзи солиҳ, ҳаромдан ҳазар қилувчи бўлиб, фарзандларини ҳам ҳалол луқма билан боқмоқликлари даркордир. Унга яхши тарбия бериш дегани айтганини ўша заҳоти муҳайё қилиш ёки яхши едириб-яхши кийинтиришдангина иборат эмас. Энг аввало, боланинг халқумини пок тутиш, яъни унга бериладиган озуқанинг халол бўлишига эришиш лозим. Агар озуқа пок, халолдан топилмаган бўлca, бундай боладан яхши Одам етишиб чиқиши гумон иш. Бу ўринда Пайғамбаримиз саҳобаларидан бири билан бўлиб ўтган қуйидаги воқеа диққатга сазавордир.                                                                                                                         Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг суюкли саҳобаларидан Абу Дардо (р.а) барча намозларини Масжиди Набавияда, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ортларида туриб ўқишга ҳаракат қилардилар. Шунинг учун масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг намоздан кейингги суҳбатларини диққат билан тинглардилар.
Бироқ хурмо териш мавсуми бошланганида Абу Дардо аввалгидан намозга кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб, сўрадилар: “Сизнинг масжидга келиб-кетишингизда бир ўзгариш кўраяпман, нима бўлди?” Абу Дардо (р.а) бундай жавоб қилдилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти меваларни тўка бошлади. Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушаяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимнинг боғидаги ўша дарахтнинг тагига тўкиб қўяман. Шу сабаб масжидга кеч келаяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб қўшнимизникига қўйиш учун шошиламан. Шундай қилсам, болаларим ҳаром емайди, қўшнимга ҳам зарар етмайди”. Расулуллоҳ (с.а.в) Абу Дардонинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар. Буюк ҳамюртимиз Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади». Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбат мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчига ўхшайди. Сен мушки анбар сотувчининг мушкидан сотиб олмаган тақдирингда ҳам унинг хушбўй ҳидидан баҳраманд бўласан, темирчининг босқони уйингни ёки кийимингни ёндириб юбормаган тақдирда ҳам, унинг бадбўй ҳидидан кўнглинг хира бўлади”.
Ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-харакатлар қилишдан сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлишга чақириш керак. Айрим ота-оналар борки дунёнинг бир чеккасида нима бўлётганини билади-ю фарзанди нима иш қилаётганини, кимлар билан дўст тутиниб, кимлар билан борди-келди қилаётганини билмайди. Чунки ота-она, махалла-куй, жамоатчилик эътиборидан четда қолган бола ёмон хулқли кимсалар билан дўст тутинади, улардан гуноҳ ва жиноий ишларни ўрганади, гиёҳвандлик, ароқҳўрлик, бузуқлик каби ишлардан тап-тортмайдиган бўлиб улғаяди. Бундай тарбияси бузуқ болалар кейинчалик ота-оналарига ҳам, жамиятга ҳам катта кулфатга айланади. Бола қалбига ёшлигиданоқ имон, эътиқод уруғларини сепиш, унга Парвардигоримизни ва Пайғамбаримизни танитиш ҳамда севдириш лозим. Чунки имони, диёнати, виждони бўлмаган бола жоҳил, нодон, ёвуз, жамият ва эл манфаатларини назар-писанд қилмайдиган худбин кимса бўлиб ўсади. Давлатимиз ва миллатимиз учун бундай каслар эмас, балки қалби тоза, уйғоқ, илмли ва мўмин инсонлар зарурдир. Болани шу йўсинда тарбиялаш ҳамманинг бош вазифаси бўлиши керак. Юртбошимиз  «Биз фарзандларимизни Имом Бухорий  ҳадислари, Яссавий ҳикматлари, Термизий ўгитлари, Нақшбанд таълимоти асосида тарбиялашимиз керак» – деганларидек фарзандимизни Аллоҳдан қўрқадиган, жамиятга фойда келтирадиган, халқига хизмат қиладиган диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш келажакда унинг комил инсон бўлиб улғайишида қўл келади. Демак, ҳар бир фарзанд оилада таваллуд топиб, илк одоб-ахлоқ ва тарбия кўникмаларини ота-онасидан билиб  ўрганар экан. Бунда ота-онанинг ўзлари фарзандлар тарбиясида қанчалик масъул эканликлари ва бу улуғ масъулиятни қанчалик ҳис қилишларига боғлиқдир. Оиладаги ўғил ва қиз фарзандларнинг ҳар бирига яраша одоб-ахлоқ ва тарбия усуллари мавжуд. Ота-оналар фақат фарзандларни жисмоний соғлиғи, моддий таъминоти тўғрисида эмас, балки уларнинг маънавий бойликларини, инсоний фазилатларини баркамол қилиш тўғрисида ҳам қайғуриб боришимиз керак бўлади.                                                              Бунинг учун уларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму-маърифатга қизиқтириб, илм ўргатиб боришга тўғри келади. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасида бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб, ўрганиб маълумот ҳосил қилган ҳар қандай инсон, албатта, одамийлик хусусиятларига маълум миқдорда бўлсада, эга бўлади. Ҳозирги кунда ота-она, нафақат ота-она балки жамиятдаги ҳар бир киши зиммасидаги мажбурият  бу болаларни, келажак авлодни юртимизга турли йўллар билан кириб келаётган оммавий маданият ва турли оқимларга кириб қолишдан сақлашдир. Бунинг учун биз болаларимизда бундай иллатларга қарши имунитет ҳосил қилмоғимиз, уларга бундай иллатларнинг асл моҳияти, зарарларини тушунтириб беришимиз керак бўлади. Уларни ким билан дўстлашиши, қайерга бориб қайердан келиши, нималар эшитиб нималар кўришини, интернетда қандай сайтларга кириб кимлар билан мулоқот қилишларини қаттиқ назоратга олиш зарур. Шунинг учун ҳам ёшларимиз, фарзанларимиз ҳамма орзулари ушаладиган, интилишлари қўллаб- қувватланадиган мамлакатда яшаётганидан бахтиёр булишлари керак. Энг муҳими ана шу ғамхўрлик ва эътиборга муносиб бўлишлари лозим. Барчаларимиз азиз фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик» уларнинг ёшлик йиллари саодатли, шукухли замонга туғри келганини уларга англатайлик, буларнинг барчасига шукр қилиш керак. Болаларимиз хамманинг хавасини келтирадиган, истеъдодли бўлиб вояга етишяпти. Бугунги кунда спорт, санъат, мусиқа, фан-техника сохасида юртимиз довруғини жаҳонга ёяётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Яна қанчалари ана шундай орзу-хавас билан хаётга ишонч ва интилиш билан яшамоқдалар. Ёшлар дилидаги бундай пок ниятлар бугун барчанннг онгу шуурига бирдек жо булган. Буларнинг бари тинчлик-осойишталик, фаровон хаёт маҳсулидир. Буларни фарзандларимизга тушунтириш барчамизнинг вазифамиздир.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *