НАВРЎЗ – МИЛЛИЙ ШОДЁНАМИЗ

Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати ва қудрати ила инсонни яратиб, уни барча жонзотлардан азизу мукаррам айлади. Унга ер юзида гўзал яшаши учун барча нарсаларни қулай қилиб яратиб, улардан қандай фойдаланиш ва қандай асраш лозим эканини ҳам баён қилиб берди. Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун қароргоҳ қилиб яратди. Осмондан баракот сувларини тушириб, шу сувлар билан дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини берди. «Наврўз» байрамига ҳам мана оз фурсат қолди. Юртимизда байрам шодиёнаси. Ўлкамизнинг барча чеккаларида Наврўз байрами кенг нишонланади. Байрам арафасида биз миллий қадриятларимиздан бири бўлган мазкур байрам ва унинг анъаналарига тўхталишга қарор қилдик.
Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи олам – шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадрли, азиз ва суюкли миллий байрамдир. Наврўз миллий маънавиятимиз ривожидаги энг муҳим шодиёнадир. Бу кунда юртимизнинг ҳар бир гўшасида баҳорий таомлару, турли миллий ўйинларга алоҳида урғу берилади. Хусусан, миллий таомларимиздан сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара кабилар байрам дастурхонининг кўркига айланади. Айниқса, сумалак базмларининг ўзгача гашти бор. Наврўз байрамининг асосий таоми Сумалак тайёрлаш анъанасининг тарихи қадим – қадимларга  бориб тақалади. «Сумалак» атамаси – «шарбат учун қилинган», «ундирилган  арпа» маъносини англатувчи қадимги туркий сўз бўлмиш “сума”дан келиб чиққан.
Манбаларда қайд қилинишича, қадимги аждодларимиз эрта кўкламда келаётган йилнинг баракали бўлишини ният қилиб, муқаддас ўсимликлардан бирини туйиб, ширасини олганлар  ва маросим амалларини бажариш чоғида уни тановул этганлар.Сумалак тайёрлашда даставвал буғдой маълум вақт ўстирилади. Тайёр ҳолга келган буғдойнинг шираси олиниб, дошқозонга озроқ ёғдан сўнг солинади. Буғдой ширасидан сўнг ун солинади. Шу тариқа сумалак 24 соат давомида пиширилади.
Бир сўз билан айтганда Аллоҳ таоло бу борлиқнинг барчасини инсон учун яратди. Ҳа, йилнинг ўтиши, фаслларнинг қиш, баҳор, ёз ва куз бўлиб алмашиши бу – бизнинг умримиз, бизнинг ҳаётимиз, бизнинг бир бўлагимизнинг кетишидир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Эй одам боласи, сен саноқли кунлардан иборатсан. Бир куннинг ўтиши, сенинг бир бўлагинг кетиши демакдир”! Мана, баҳор фасли ҳам кириб келди. Бу фасл уйғониш, яшариш, кўкаламзорлаштириш фаслидир. Барча мамлакатлар сингари бизнинг она юртимизда ҳам баҳор фасли ўзгача хурсандчилик билан қарши олинади. Ҳукамоларнинг бирига “Фаслларнинг қайси бири яхши?” деб савол қилинганда, у зот: “Кўзга баҳор, оғизга эса куз яхшидир”, деб жавоб берган экан. Мана бугун баҳор-наврўз арафаси кунларидир. Айни кунларда кўчат экиш ва атроф-муҳитни тоза тутиш айни муддао бўлган ишлардан. Бу кунда қилинган амаллар зое кетмайди, бу қилинаётган хайрли ишлар асло мукофотсиз қолмайди. Инсон қаерда яшамасин, у қишлоқ бўладими, шаҳар бўладими, истиқомат қилиб турган жойларини обод ва чиройли қилиш ҳаракатида бўлиши лозим! Ҳа, бугунги баҳор кунларида хайрли амалларни қилишга имкониятимиз жуда ҳам кўп. Лекин бу кунлар кутиб турмайди. Биз бу кунларда мана шундай хайрли ишларни қилсак ҳам, қилмасак ҳам, бу кунлар ўтиб кетаверади. Савобли ишлар машаққатли бўлсада, ажри улкандир. Айниқса, халқ жамият манфаати йўлида қилинган ҳар қандай хайрли иш Яратганнинг ҳузурида ҳам ютуқларга сабаб бўлади. Шунинг учун бефойда ишга чалғимасдан, бу мавсумдан унумли фойдаланайлик. Шунинг учун бизлар манфаатсиз нарсаларга машғул бўлмасдан, баҳор кунларини ғанимат билайлик. Сайфул Яманий раҳматуллоҳи алайҳ айтган экан: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати уни манфаатсиз нарсага машғул қилиб қўйишидир”. Айниқса, мана шундай баҳор кунларида хайрли ишларга машғул бўлсак, бугун эксак, эрта ўрамиз, фойдани барчамиз кўрамиз.
Биз умримизни қадрлайлик. Саҳобалар хайрли амаллар қилишга ўта ҳарис бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг расули, қайси амал яхши?” деб савол қилар эди ва жавобни олиши биланоқ, шу амални қилишга шошилишарди. Баҳор фасли – хайрли амалларни қўлга киритишда биз учун энг ғанимат фурсатлардан биридир. Ҳадисда эса шундай дейилган: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирортангизнинг қўлингизда кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин”, дедилар”. Эътибор беринг! Динимиз фойдали иш қилишга шунчалик чорлаганки, ҳатто инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, узоқ йиллар давомида жамиятга манфаат келтирадиган яхшилик ва эзгу ишларга тарғиб қилинмоқда. Шу кунларда дала ва боғларда қизғин меҳнат авжида. Юртдошларимиз халқ фаровонлиги, турмуш ободлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демай баракали меҳнат қилиб, бу йилги ҳосилларининг мўл бўлишини сўраб Аллоҳга дуои хайрлар қилишяпти. Уларнинг ҳалол меҳнатлари, касб-корлари, иншааллоҳ, самарасиз қолмайди. Уйдаги чиқиндилар ва ахлатларни кўчага чиқариб, белгиланган жойга олиб бормасдан, йўлда хоҳлаган ерга ташлаб кетувчи, бепарво лоқайд кимсалар лаънатга қолишдан қўрқишлари керак.
Айниқса, турли хил юқумли касалликлар тарқалишига сабаб бўладиган чиқиндиларни сув манбаларига яқин жойларга уларнинг ўзанларига, катта ариқ бўйларига, кўчаларга тўкиб кетиш катта гуноҳ. Ислом дини атроф муҳитни озода сақлашга, ободонлаштиришга чорлайди. Бунинг учун эса, ҳар биримизга боғлиқ ва қўлимиздан келадиган ишларни қилишимиз, яъни уй-ҳовли, маҳаллаларимиз, атроф-муҳитни озода сақлашимиз, ҳар хил чиқиндилар ташланишига йўл қўймаслигимиз зарур. Бу бизнинг инсонийлик, фуқаролик, мусулмонлик бурчимиз эканини асло унутмайлик ҳамда фарзандларимизга ҳам буларни ўргатайлик, азизлар! Бугун шодиёна айёмда, Аллоҳ таолога барчаларимизни ушбу қутлуғ дамларга соғ-саломат, тинчлик-омонликда етказгани учун шукроналар айтамиз.

М.Матяқубов
Қўшкўпир тумани имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *