Муборак ойнинг ғанимат кунлари

Маълумки, Рамазон ойи мусулмон киши учун тарбия, меҳр-шафқат ойидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутганларнинг гуноҳлари мағфират қилиниши ҳақида бир неча ҳадисларида айтиб ўтганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда имон ва савоб умиди ила рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда имон ила савоб умидида “лайлатул қадр”да қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар.
Мусулмон кишининг йил давомида адо этиб юрган намоз, садақа ва шу каби амаллари бандалик билан содир этилган гуноҳларини кетказиб туради. Аммо булардан ҳам ортиб қолган гуноҳлари бўлса, бу гуноҳлар Рамазон рўзасини тутиш орқали кетказилади. Гуноҳлар мусулмон киши учун ҳудди баданга етган заҳар кабидир. Заҳарланган танага, заҳарни кетгазгучи восита қанчалик муҳим бўлса, мусулмон кишига ҳам гуноҳларни ювиш учун Рамазон ойи шунчалик муҳимдир. Демак, бу ой тавба қилишга истиғфор айтишга, савобларни кўпайтиришга ва қалбларимизни сайқаллашга энг яхши фурсатдир. Бошқача қилиб айтганда, бу ой ибодат, меҳр-оқибат ва шукроналик мавсумидир. Рўза инсон тарбияси учун муҳим дастур ҳисобланади. Яъни рўза сабабидан ҳаёт тарзимизни тўғрилаб, нафсимизни жиловлаб оламиз. Бунинг натижасида эса, гуноҳ ва маъсиятлардан узоқлашамиз.
Пайғамбаримиз Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоват бобида беназир зот бўлганлар. Айниқса, Рамазон ойи келганда Расулуллоҳнинг саҳоватлари ошиб кетар эди. Биз ҳам ул Зоти муборакнинг умматлари эканмиз ҳар соҳада ўрнак олиб барчамиз бу кунларни ғанимат билиб, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш, боқувчисини йўқотган оилаларга, бемор-ногиронларга ёрдам қўлини чўзишимиз, муҳтожлар ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтаришимиз даркор.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *