Фариштанинг дуоси

Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Кунлардан бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарга кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Кейин иккинчисига кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Сўнг тик турдилар-да, “Омин”, дедилар. Бу ҳолатдан таажжубланган саҳобалар: «Нима учун “Омин”, дедингиз, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди». Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳозир ҳузуримга Жаброил (алайҳиссалом) келиб, менга: “Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Сизнинг исмингиз зикр қилинганда, ким сизга салавот ва салом айтмаса, унинг бурни ерга ишқалансин”, деди, мен “Омин”, дедим.
“Ким ота-онасининг ёки улардан бирининг кексаликларида хизматларини қилмай, жаннатга кирмаса, унинг ҳам бурни ерга ишқалансин”, деди, мен “Омин”, дедим.
“Ким рамазон ойига етса-ю, гуноҳлари мағфират қилинмаса, унинг ҳам бурни ерга ишқалансин”, деб дуо қилди, мен “Омин”, деб жавоб қилдим», деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Термизий).
“Бурни ерга ишқалансин”, деб таржима қилинган бирикма “хор бўлсин, юзтубан бўлсин” деган маънода ишлатилади.
Шарҳ. Бу ҳадисда ҳар бир инсон бажариши лозим бўлган учта улуғ амал ҳақида сўз бормоқда.
Биринчиси, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва салом айтиш. Аллоҳ тао­ло бундай марҳамат қилади:
«Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинглар» (Аҳзоб,56).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади”, дедилар» (Бухорий).
Ҳар бир мўмин Пайғамбаримизнинг исмларини эшитганида: “Соллаллоҳу алайҳи ва саллам” деб айтиши шариатимизда мустаҳаб амаллардан ҳисобланади.
Иккинчиси, ота-она хизматини қилиш. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди…»(Исро,23).

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *