ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ

Ватан меҳри аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда ўзи туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Бунинг учун “Ватанни севмоқ иймондандир” деган ҳикматни эсга олиш кифоя. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун Ислом дини уни Иймоннинг бир бўлаги деб қарайди.
Машҳур саҳобалардан Билол розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб, ўзларининг азиз ва муқаддас диёрларини эслаб шеърлар ўқирди. Бу ҳам албатта, ҳар бир инсоннинг қалбида Ватанига, туғилиб ўсган диёрига муҳаббатли бўлиши табиий эканини англатади.
Ислом – инсонпарвар дин. У барча инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва кишиларни шунга ўргатади. Мана шундай туйғулардан бири меҳр-оқибат, соғинч ва муҳаббатдир. Улар, аввало, ота-она, ака-ука, ёру-биродарлар билан боғлик. Бошқача айтганда, уларнинг барчаси инсон туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, кишлоғи, яъни Ватан деган тушунчада мужассамлашган. “Ватан” атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади. У кенг маънода бирор халк вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудудни англатади.
Ибн Ҳалдун: “Ватан- бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”,- деб таърифлаганлар. Пайғамбар Муҳаммад( а.с.) Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида орқаларига қараб: «Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени асло тарк этмас эдим”,- дея ноиложликдан кетаётганларини изҳор қилганлар.
Имом Бухорий “Ал-жомеъ ас Саҳиҳ” китобида келтирилган бир ҳадисда шундай дейилади: “Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келганларида Абу бакр билан Билол иситмалаб қолишди. Мен уларнинг ҳузурига кириб: Эй, падари бузруквор, (яъни, Абу Бакр), эй Билол, ўзингни қандай ҳис қилмокдасиз? – деб сўрадим. Абу Бакр иситма зўриққанда, “уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал, пойабзал ипидин яқиндир ажал,-дерди. Билол эса иситма бироз пасайганда, йиғлаб: Тақдиримда не эрур, билмасман, э воҳ, Бошимга ажалдан келурми сипоҳ? Бир кеча бўлса ҳам, она водийим, қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ! Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин, қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ!- дер эдилар. Мен бу ҳақда жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бориб айтганимда, у Зот: Ё, Аллоҳ! Бизга Мадинани Макка сингари ёқимли, ундан ҳам ортиқроқ маҳбуб этғил! Ё Аллоҳ, унинг тошу-тарозусига барака ато этғил, уни (аҳлини) ҳамиша бардаму соғлом қил, мана буларнинг безгагини эса Жуҳфага кўчирғил!- дедилар.
Кўриниб турибдики, икки улуғ саҳоба – ҳазрати Абу бакр ва Билол (р.а) ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан бирга яшаб, кундалик нозил бўлаётган ваҳийдан баҳраманд бўлишдек бахтга муяссар бўлсалар-да, ўз туғилиб ўсган Ватан соғинчида яшаганлар.
Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватанни қадрини англашга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик ва қудратли давлатларидан бири- Ҳиндистондек мамлакат ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи иси уфуриб туради.
Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган, туйғудир, у ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ж.Умаров
Шовот тумани “Араб бобо” масжиди имом-хатиби

.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *