ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК РУҲИ

 Аллоҳ таоло, инсонни азизу мукаррам қилиб яратганлигини ўз каломи шарифида баён қилган, бунга бутун маҳлуқотларию мавжудотлари ичида, инсонга берган, ягона, ақл неъматини ўзи мисол бўла олади. Демак, инсон ўзига берилган мана шу ақлни ишлатиб, ҳар бир қилаётган ишида, ўзини назорат қилиши, қилаётган амаллари шариъат мезонига тўғри, нотўғри, эканлигини билиши зарур. Шунингдек, бағрикенглик ва раҳмдиллик, Ислом шариатининг энг улкан мақсади эканлигини англаши лозим.

Бу маънони таъкидловчи ҳужжат ва далиллар кўп. Бағрикенглик инсоннинг табиатига боғлиқ бўлган сифат. Аллоҳ таоло инсонни худди шу табиатда яратган. Инсон табиати қўполлик ва қийинчиликни ёқтирмайди. У доимо осонлик ва юмшоқликка мойил бўлади. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 159-оятида: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар”. Ушбу ояти каримадан маълум бўладики қайси бир инсон дағал ёки тошбағир бўлар экан, унинг атрофидан бошқа одамларнинг қочишига сабаб бўлади. Демак инсон бошқа одамларга нисбатан бағрикенг ва мулойим бўлиши керак экан.

  Исломнинг бағрикенглик ва осонлик сифати унинг ўзи етиб борган ерларда тарқалиши ва боқий қолишига таъсир қилган.

Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир ва машаққатли таклиф остида қолдирмаслик – Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган.

  Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобалардан Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо ал – Ашъарий розияллоҳу анҳумларни Яманга юбораётиб: “Башоратли сўзлар айтинглар, нафрат қўзғатадиганини айтманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар” , деганлар.

Бухорий қилган ривоятда Пайғамбаримиз(с.а.в.): “Аллоҳга энг маҳбуб дин, ҳанифлик (ботилдан ҳаққа моил), осон диндир” , дедилар.

  Бу борада барча инсониятга ўрнак бўладиган шахс – Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дирлар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни (с.а.в.) барча оламлар учун раҳмат қилиб юборди. Қуръони каримнинг Анбиё сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: (Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз.

  Пайғамбаримиз с.а.в. инсонларни бағрикенг ва раҳм – шафқатли бўлишга чақирарди. Ҳадисларидан бирида: “ Инсонларга раҳм – шафқатли бўлмаган кишини Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди” деган эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) аҳли китоблар билан чиройли муомалада булар эди. Уларни ҳурмат иззат қилар, касал бўлса бориб кўрар, ҳадиялар берар ва ҳадиялар қабул қилиб олар эди.

 Пайғамбар (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилган пайтларида у ерда анчагина яҳудийлар бор эди. У зотнинг давлат ишларидаги биринчи амаллари улар билан ақидаларини эҳтиром қиладиган аҳднома тузиш бўлди. Унга кўра, давлат яҳудийларни ўз ҳимоясига олади ва улар ҳам ўз ўрнида Мадинага ёмон қасд қилган кишиларга қарши мусулмонлар билан бир қўл бўладилар. Пайғамбарнинг (с.а.в.) аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфатини бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: «Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман».

Бир марта Нажрон насоролари келганда, уларни ҳам масжидга жойладилар ва унда ибодатларини адо этмоққа рухсат бердилар. Улар масжиднинг бир томонида ибодат қилишса, Расулуллоҳ ва мусулмонлар бошқа томонида намоз ўқишган. Улар динларини ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ билан муноқаша этмоқчи бўлганларида, уларни тинглаб, чиройли шаклда мужодала қилганлар. Буларнинг барчаси мулойимлик, одоб ва гўзал ахлоқ билан бўлган. Муқавқиснинг (қибтийлар подшоси) ҳам ҳадясини қабул қилганлар. Унинг юборган жориясини қабул этиб, Иброҳим исмли фарзанд ҳам кўрганлар. Шундан мусулмонларга: «Мен қибтларга яхши бўлишингизни тавсия этаман, чунки сизларда улар билан насаб ва қуда-андачилик бор», деб васият қилганлар.

Миср аҳолисидан бўлган бир масиҳий аёл ҳазрати Умарга ҳовлисини Амр ибн Ос мажбуран масжидга қўшиб олганлиги ҳақида шикоят қилди. У зот Амрдан бу ҳақда сўраганларида, шундай жавоб олдилар: мусулмонлар кўпайиб, масжид уларга торлик қилиб қолди. Масжид ёнида эса бу хотиннинг ҳовлиси бўлган. Амр унинг ҳовлисига бир миқдор пул таклиф қиладилар. Пул миқдорини қанчалик кўпайтирмасинлар, хотин барибир рози бўлмайди. Бу ҳол Амрни ҳовлини бузиб, масжидга қўшиб олишга мажбур этади. Ҳовлининг пули эса хотин қачон хоҳласа, оладиган қилиб, Байтул-молга қўйилди. Амр қилган ишларида узрли бўлган бу ҳолат ҳозирги қонунларимизда ҳам жоиз, деб билингани ҳолда Умар унинг бу ишларидан рози бўлмайдилар ва Амрга масжиднинг янги биносини бузишга ва хотинга ҳовлиси олдин қандай бўлса, шундай топширишга буюрадилар!

Демак ислом бағрикенглик дини бўлиб динда ғулувга кетмаслик ва мутаъассиблик қилиб ўзга дин вакилларини чўчитмаслик керак албатта раҳмдиллик кенгбағирлик бу чин комил мўмин мусулмонларнинг сифатларидандир. Пайғамбар аълайҳиссалом Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо ал – Ашъарий розияллоҳу анҳумларни Яманга юбораётиб: “ Башоратли сўзлар айтинглар, нафрат қўзғатадиганини айтманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар”, деган сўзларини ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак.

                                                                                                                                     Ғ.Бобожонов

Ҳазорасп тумани “Султон Санжар Мозий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *