СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ҲИЙЛАЛАРИ

Ислом адабиётида “салафлар” сўзи ёки дастлабки мусулмонлар тушунчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижратларидан кейин 400-йилгача бўлган даврда яшаганларни, шу жумладан Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳларни ўз ичига олади. Бу даврдан кейинги яшаган мусулмонларни халафлар (кейингилар) деб номланади. “Салафий” тушунчасини алоҳида атама ва ҳаракат сифатида Муҳаммад Абдо (Ал-Афғонийнинг шогирди) томонидан, Расулуллоҳ (с.а.в)дан 13 асрдан кейин пайдо қилинган бўлиб, деярли 100 йилдан бери бу атама мавжуддир. Ҳозирда, Ахли сунна вал жамоа мусулмонларини адашув, куфр ва ширкда айблайдиган ваҳобийлик фирқасидаги одамлар ўзларини “салафийлар” деб атайдилар.

Уларнинг энг асосий мавфкуравий даъвоси, Расулуллоҳ (с.а.в)дан ва дастлабки уч асрдан кейин яшаган мусулмонлар Исломни гўёки нотўғри тушунганликлари ҳисобланади. Мазкур ҳаракат “пок” шариатга қайтишга ва кейинги даврда пайдо бўлган “бидъатлардан” воз кечишга ҳамда барча ҳукмларнинг манбаси қилиб фақатгина Қуръон ва Суннатни олишга чақиради. Бу олий мақсад шундоқ ҳам ҳаммага маълум ва бу билан хеч ким баҳслашмайди. Лекин масала бошқа нарсада бўлиб – қандай равишда ва қайси усуллар билан бу мақсадга эришишдадир. Икки оғиз сўз билан бу ўзига хос фирқанининг асл моҳиятини тушунтириб бериш мушкул. «Салафийлар»нинг мантиқий хатосининг исботи шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бизга Қуръон ва Суннатга эргашишни буюрганлар.

Қуръон ва Суннат — ҳадислар орқали англанади, шаръий ҳукмларни эса олимлар тушунтирадилар. “Салафийлар”ни таъкидлашича, Ашъарийлар ва Мотурудийлар – Аҳли суннадан чиқиб кетган адашган фирқалардир. Ҳадис тўпламларини шарҳ қилган деярли барча олимлар, ақийдада Мотурудий ёки Ашъарий бўлганлар. Салафийлар эса, Суннатни бизга тушунтириб берган бу олимларни адашган деб эълон қилиб, Суннатга эргашиш имкониятини йўққа чиқармоқдалар.

“Фақатина Қуръон ва Суннатга эргашиш керак” деган салафийларнинг чақириғи назариётдагина яхшидир, амалий ҳаётда эса, мусулмонларнинг кундалик муаммоларига тааллуқли минглаб саволларга дуч келинади. Охир оқибат, ҳар бир одам учун, “ҳақиқий мужтаҳид олимга эргашиш керакми ёки навбатдаги бир фирқанинг “етакчисининг” ижтиҳодигами?” деган савол кўндаланг бўлади. Ахир, ҳозирда мужтахидликни даъво қилаётган фирқалар етакчилари ўзларига берилаётган саволларга жавоблари, дин масалаларини яхши билмайдиганлар орасида кўп учрагани каби, ўзининг нуфузини маъқуллашдан иборат бўлади холос. Бугунги кунда “салафий” деган сўзни эшитганда, биринчи навбатда ҳаёлингизга дин ҳақида баҳслашадиган ёш йигитларгина келади. Бу ёш “ислоҳотчилар”нинг ягона умидлари, уларнинг фикрлари билан келишмаган одамлар билан бахслашиш ва уришиш Исломни “поклаш”га ёрдам беради деб ўйлашларидир. Бу борада айнан таълим кўплаб муаммоларни ечишда энг муҳим ўрин тутади. Баъзи бир одамлар: “Исломни Расулуллоҳ (с.а.в), дастлабки асрдаги салафи солиҳлар ва менинг Шайхимдан бошқа хеч ким тўғри англай олмайди”, деган уйдирма муаммолар билан мусулмонларни бошини айлантиришмоқда.

Бугунги кунда, Ироқ ва Шом давлатида “халифалик” эълон қилган “Ислом давлати” (ИШИД) деган нарсани ташкил қилиб, фитнани каттасини қилаётган хаворижлар ҳам айнан Ибн Абдул Ваҳҳобнинг издошлари бўлиб, Аҳли сунна вал жамоанинг 4 та фиқхий мазҳабларига, ашария-мотурудия ақида мазҳабларига эргашган мусулмонларни кофир ва муртадга чиқариб, уларни жони ва молини ўзларига ҳалол санаб, минглаб мусулмонларни қириб ташлаб, баданларини хочларга илишмоқда, бошларини кесиб олиб копток қилиб ўйнашяпти, кесилган бошларни кичик болаларга бериб қўйиб, расмларга тушиб бутун дунёга тарқатишяпти, муслима аёлларни зўрлашмоқда, уларни чўри қилиб сотишмоқда.

Ўзларини салафийман деган айрим ваҳобийлар Ироқ ва Шомдаги “Ислом давлати” деган нарсага ҳеч қандай алоқаси йўқ эканлигини таъкидлайди. Шу билан бир қаторда улар ҳам, худди шу хаворижлар сингари, юқорида санаб ўтилган Аҳли сунна мусулмонларини адашган ва ҳатто кофирга ҳам чиқаришади, бироқ улар ҳозирча, ўзларининг жангари ақидадошлари сингари шиддатга берилмайдилар. Бундайларни чегарадан чиқиб кетиб мутаассибликка олиб боришига йўл қўймаслик керак, яъни бошқа ҳақиқий мазҳабга эргашганлиги учун мусулмонга нисбатан адоват қилмаслик керак, чунки бу иш фирқабозликка ва мусулмонларни бўлинишига олиб боради. Буни қандай шиор остида амалга оширилишидан қатъий назар, у “Ислом ҳаракати”, “Салафийлик” ёки бошқа шунга ўхшаш номлар билан бўладими — Исломий меросга бўлган бундай беписанд муносабатни ҳеч нарса оқлай олмайди. Бундай жоҳилона тасаввурлардан қанча тез қутулсак шунча яхши бўлади.

 

З.Рахматуллаев

Боғот тумани “Бежганик бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *