ОИЛАДА АЁЛНИНГ ҲАҚЛАРИ

Аллоҳ таоло инсонларнинг ер юзини макон тутиб яшашларини, насл қолдириб кўпайишларини ирода қилди. У зот эркакларнинг таскинлик ва осойишталик топишлари учун уларга жуфтларни, яъни аёлларни ҳам яратди. Шу билан бирга эркак ва аёллар ўртасида муроса ва тотувлик бўлиши учун улар ўртасида муҳаббат, иноқлик ва меҳрибонлик туйғуларини ҳам пайдо қилди. Оила мустаҳкам бўлса, жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлади. Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг иродаси билан азизу мукаррам қилиб яратган инсонга ер юзида тинч, фаровон ва саодатли турмуш кечириши ва наслини давом эттириши зарур бўлган барча шароитларни муҳайё қилди. Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила қуриш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг ҳаммаси шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради.
Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди. Аллоҳ субҳанаҳува таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради…”.(Нахл 72 оят)
Пайғамбармиз (соллаллоҳу алайи васаллам ) ҳадисларида маҳамат қилиб: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас»(яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади. Аллоҳ таоло инсоният силсиласини давом эттириш учун аёлга оналик бахтини ва масъулиятини берди. Аёл эркак учун умр йўлдош, таскин ва осойишталик тимсолига айланди. Аёлнинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берган бу илоҳий дин бўлмиш Ислом, бундан ўн беш аср муқаддам юзага келди. Инсониятнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб беришда фақат ислом умматига эмас, бутун кишилик жамиятига ибрат бўлдилар. Исломда эркакларга ўз аёлларига яхши, хушмуомалада бўлиш, уларни хорламаслик, илм олишига ва динини ўрганишига шароит яратиб бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Ислом таълимоти аёлни улуғлабгина қолмай, балки эркакка берган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларни аёлга ҳам берди. Илм олиш эркак ва аёлларга баробар фарз қилинган. Динимиз аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қимматларини ниҳоят даражада юқори баҳолайди.
Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқулардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка қатъий ҳаракат қилмоғи лозим. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаб, унга юклатилган вазифаларни адо этишга буюриши билан бундай оилаларни бахтли бўлишларига йўл кўрсатади. Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилганлар: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”. Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига нафақаи аҳли аёл фарздир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” деб марҳамат қилганлар. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир эркаклар шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб қўяётганлари ҳаётда оз бўлса ҳам учраб турибди.
Хуллас, оила бошлиқлари, яъни ота-оналар намунали, аҳил оила қурсалар, фарзандларнинг тарбияси ҳам осон бўлади. Бинобарин, оиланинг муқаддас даргоҳ эканини ҳеч қачон унутмаслик лозим. Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, оилаларимизни мустаҳкам қилсин.

П.Бобожонов
Шовот тумани “Қори эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *