Тасаввуф хурофотга эмас софликка чақиради

Аллоҳ таоло фаришталарни халқ қилиб уларга ақл бердию нафсу шахват бермади. Хайвонларни халқ қилиб уларга ақл бермадию нафсу шахват берди. Инсонни Аллоҳ таоло халқ қилиб унга ақл берди бу фаришталикдан бўлди. Хирсу шахват ва нафс берди, бу хайвонликдан бўлди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло инсонда фаришталикдан ақлни, хайвонликдан нафсни инсонда мужассам қилди. Шунинг билан биргаликда хадиси шариф мазмунида шайтон инсоннинг қон томирида оқиб юриши келтирилган. Шайтоний хислатларга, хасад, макр хила,такаббурлик, қайсарлик, душманлик каби хислатлар киради. Инсонда яратилиш табиатида мана шунча яхшиликдан тўсувчи монеълар мавжуд. Инсон ўз нафсига қарши курашиб уни тарбия қилишга интилмас экан унинг ёмонликка буюрувчи нафси фақат гунох маъсият бузғунчилик, фисқу фасодга олиб боради.Шунинг учун пайғамбаримиз нафсга қарши курашишни жиҳоди акбар дедилар.

  Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбаларини юбориб улар орқали ўзининг китобларини нозил қилиб уларга хақ йўл қайси , ботил қайси  эканини, гуноху савоб қайси эканини билдирди. Шунингдек кимки хасана амал қилса  унга савоб, кимки маъсият қилса унга азоб беришини билдирди. Аллоҳ таоло мархамат қилиб “аммо кимики туғёнга кетиб, хаддидан ошган бўлса, ва бу дунё хаётини устун қўйган бўлса,Бас. албатта , жахим ўрин бўладир.Ва, аммо кимики раббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини хаволаниб кетишидан қайтарган бўлса.Бас , албатта жаннат ўрин бўладир”.(нозиот сураси 37-41 оятлар). Шунингдек юсуф сурасида “Албатта, нафс, агар Раббим рахм қилмаса, ёмонликка кўп ундочидир”(юсуф сураси 53 оят) мана булардан инсоннинг нафси ёмонликка, жиноят қилишга, гунох ишларни қилишга моил эканини билишимиз мумкин.

 Хаётда инсоният томонидан қилинаётган шафқатсизликлар, бузғунчиликлар,вайронкорликлар бенихоя кўп. Инсоният томонидан қилинадиган жиноятлар ва тубанликлар айрим холатларда вахший хайвонлардан хам ўтиб кетади. Муқаддас ислом дини эса инсонларни гўзал ахлоқли бўлишга, комил инсон бўлиб ўзаро бир бировга ёрдамда бўлишга,касалларни бориб кўришга қўшнига яхшилик қилишга,омонатдор бўлишга, хиёнатдан сақланишга буюради. Пайғамбаримз алайҳиссалом “мен гўзал ахлоқларни мукаммал холатга етказиш учун юборилдим” деганлар.

Сўфийлик тариқатлари инсонни комилликка етишишида, инсондаги ёмон хулқларни кеткизиб унда гўзал хулқларни тарбилашга хизмат қилади. Тасаввуф халқимизни маънавий юксакликка эришишда асрлар оша гўзал қадриятларни шаклланишида беқиёс хизмат қилиб келган. Бу борада асосий эътиборни калбга қаратиш қалб мусаффолигига  эришиш каби улуғ ғояларни  илгари суриб келган.

Тасаввуф тариқатлари  халкимизнинг гўзал ахлоқиликка эришишда бутун дунёга шарқона одоб сифатида донг таратган. Халқимизнинг бундай гўзал урф оддатлари қон қонига сингиб,  кадриятларига айланиб кетган. Жумладан мехр окибат тушунчалари , ўзаро бир бирига ёрдам, камоли ахлок, ризку рузига эхтиром, нонни эъзозлаш каби нарсалар одатий холга айлаган. Ушбу кадриятаримиз ёши улуг карияларимиз нуроний отахонларимиз фарзанду набираларига  насихат килганларида  сувга тупурма нонни оёғ ости қилма,  катталарни хурмат кил, ўзингдан катталарга ёши улуг кишиларга  жой бер каби тарбиявий гапларни ёшларимизни гўдакликларидан қулоқларига куйиб боришган. Албатта ушбу тарбияни олган фарзанд келажакда хар томонлама комил инсон булиб инсонпарварвар маънавий ва ахлокий баркамол бўлиб тарбия топишида омил булади.

 Афсуски баъзи мусулмон араб давлатларида салафийлик оқими  салбий таъсири ўларок юкорида келтирилган нарсалардан  ном нишон хам қолмаган.. Чунончи уларнинг мусулмончиликлари ибодатларни бажаришда куриниб туради холос. Мисол учун уларнинг мусулмончиликка ёт куполликлари, шафкатсизликлари, айникса ризку рўзга нисбатан беписандликлари кишини ажаблантиради. Ўзим гувох бўлганим умра зиёратини рўза ойида бажариш учун борганимизда муборак Макка шахрида ифторга вакт якин колганида ифторлик учун дастурхон ёзилди. Бир пайт битта араб миллатига мансуб ёши катта бир киши бошка жойдан ўтишга йул бўла туриб дастурхон устидан тўғридан тўғри босиб ўтиб кетаверди. Пайғамбар алайхиссалом хадиси мубораклари «кайси кавм нонни оёг ости килар экан Аллох таоло уларни очликка мубтало килади» деб мархамат килганлар.   Албатта ибодатнинг самараси инсоннинг одоб ахлокида куриниб туриши керак. Куръони каримда  аллоҳ таоло мархамт қилиб

ان الصلاة تنهي عن الفحشاء والمنكرولذكر  الله اكبر والله يعلم ما تصنعون

Албатта намоз фохиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта , Аллоҳнинг зикри буюк ишдир, Аллоҳ нима қилсангиз билур (Анкабут сураси 45 оят)

Боборахим Машрабнинг шу тўғридаги бир мисраларини шу ўринда келтириб ўтиш жоиз.

                 Гар қўлингдин келса харгиз мурчани оғритмагил

                  Бил худо бандам демас хар кимки дил озордур

          Тасаввуф сўфийлик тариқатлари борасида тарихга назар солсак ислом оламида бир қанча йўналишлар юзага келган уларнинг машхурларидан Қодирия, Яссавия, Қубровия, Нақшбандия тариқатларини келтиришимиз мумкин. Ушбу тасаввуф пешволари хаётлари хақида хазрат Навоий ўзлариннг “Насоимул мухаммат” номли асарларида жуда гўзал келтириб ўтганлар. Кўриниб турибдики биз санаб ўтган тариқатларнинг тўрттасидан учтаси бизнинг Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан.

          Бизнинг диёримиздан айнан умрини ҳалолликка инсонпарварликка бахшида қилиб инсонларни эзгуликка чорлаб келган ва шу борада ижод қилиб бизга улкан маънавий мерослар қолдирган бир қанча шоирлар олимлар фозил кишиларни биламиз. Булар Бахоуддин Нақшбанд, Абдулхолик Гиждувоний, Хўжа Ахрор Вали, Пахлавон Махмуд, Алишер Навоий, Абдурахмон Жомий, Жалолиддин Румий, Нажмиддин Кубро, Ахмад Яссавий, Фузулий бўлса, яқин тарихда ўтган шоирлардан Сўфи Оллоёр, Бобораҳим Машраб, Махтумқули, Мухлис, Огаҳий каби улуғларимизни санаб ўтишимиз мумкин.Айнан мана шулар мумтоз адабиётимиз вакиллари Жахон адабиётида бизнинг миллатимизни довруғини нафақат осмонга кўтарган,  балки халкимизнинг маънавий, ахлоқий тарбияси ривожига улкан хисса қўшишган. Шу билан бирга асрлар ўтсада уларнинг ўлмас колдириб кетган бой мерослари ёш авлодни юксак одоб ахлок эгаси килиб тарбиялашда асосий ўрин тутмокда.   Шу ўринда хазрат Навоийнинг байтларидан келтириш жоиз.

Илм  ўргангил адаб хосил қил

Аҳли маъноға ўзни восил қил

Ёки

Олам аҳли билнгиз иш эмас  душманлиғ

Ёр ўлунг бир бирингизға ки ёрлдиғ ўлур иш

          Аммо шу билан бир қаторда ботил тариқатлар бор бўлиб улар аҳён-аҳёнда ўзларининг ботил даъволари билан чиқишлари, улар ичидан гумроҳ сўфийларнинг сўфийлик даъво қилиб умуман тариқатни нима эканини тасаввур ҳам қила олмайдиган, риёкорона ишларни қиладиган, одамлар ўртасида масала тортишиб жанжаллашиб юриш, аҳли тасаввуфнинг шаънига тўғри келмайдиган ишларни қилиш ҳолатлари кузатилиб келган. Мазкур ҳолат тарихда ҳам бўлиб ўтган бугунги кунда ҳам учраб келмоқда. “Рисолаи Азиза” номли саботул олжизиннинг шархида 14 та ботил тариқатларни номини келтирилган.

          Шунинг учун тасаввуф уламолари бу борада мезон яратиб кетганлар. Ислом оламида тасаввуф тарихида ном қозонган улуғ мутасаввиф олим Жунайд Бағдодий хазратлари “Сўфийлик (пирлик маъносида) даъво қилаётган кишининг ўнг тарафида қуръон, чап тарафида суннат ва рўпарасида фиқҳ бўлмаса, гувоҳ бўлгинки у шайтондир” деганлар. Имом Молик рахимаҳуллоҳ эса “ким сўфий бўлсаю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибдир. Ким фақиҳ бўлсаю сўфий бўлмаа фосиқ бўлибдир, ким иккисин жамласа , мухаққиқ бўлибдир” деганлар(тасаввуф хақида тасаввур. Шайх Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф).шайх Абдуллоҳ Деҳлавий нақшбандия тариқати хақида қуйидагиларни ёзади. “Бу тариқат Хақ таолонинг хузурида доимий хозирликдир.ислом ақидасини, аҳли сунна вал жамоа ақидасини мустахкамлашдир ва Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашишдир” деганлар. Ўз вақтида билдирилган бу фикрлар асрлар давомида инсонлар адашмасдан тўғри йўлда боришлари учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилиб келган.

 Ушбулардан келиб чиққан холдда  хар қандай тасаввуф тариқатлари аввало аҳлисунна вал жамоа ақидасига хамда мазҳаб уламолари фиқҳига мувофиқ бўлиши, ақида ва фиқҳ илмининг  барча мезонларига тўғри келиши лозим.  Акс холда хар қандай тариқат ва сўфийликни иддао қилганларнинг даъволари мардуд яни рад қилинган бўлади.

          Бизнинг замонамиздаги айрим ботил тариқатлар намоёндалари наздида тариқат бошқа шариат бошқа эмиш. Аслида эса тариқат нима эканини Хиндистонда яшаб ўтган улуғ мутасаввиф олим Нақшбандия тариқатининг намоёндаларидан Имом Ахмад сархиндий (Имом Раббоний) хазратлари ўзларининг “Мактубот” номли асарларида тариқат асли нима эканини тушунтириб ўтганлар Жумладан ушбуасарнинг 33 мактубида “Шариат уч нарсага илм амал ихлосга бўлинади. Тариқат билан ҳақиқат шариатнинг учинчи бўлаги бўлган ихлосни камолга етказиш учун хизмат қилади” деганлар. Кўриниб турибдики солик шариат авомирларини бажаришда унга бирор нарсани кўшмасдан ёки камайтирмасдан ихлос ва эътиқод билан бажаришни кўзда тутиб, қайтарилган навойихлардан албатта ўзини тийишни лозимлигини уктириб келинган.

          Шунингдек тасавуф намоёндаларининг буюк уламоларидан Жунайд Бағдодий рахмаҳуллоҳ сўфийлик нима экани хақида тариф бериб шундай деагнлар.

الصوفي من صفي قلبه عن الكدر واستوي عنده الذهب والشجر وامتلا جوفه عن الفكر وانقطع الي الله عن جميع البشر والا فكلب كوفي خير من الف صوفي

“Суфий қалби кина кудуотлардан пок бўлган кишидир. Унинг наздида олтину дарахт баробардир. Унинг қалби фикр билан тўлгандир. Аллоҳ таолога бутун башариятдан узилгандир. Ва илло битта Куфа ити мингта суфийдан яхшидир” деганлар. Саботул Ожизин асарига ёзилган рисолаи Азиза номли шархда нима учун куфа ити мисоли келтирилганлигини сабаби келтирилиб Имом Аъзам рахимаҳуллоҳ Куфа кўчаларидан ўтиб қолсалар ушбу шаҳарнинг итлари хуришдан тўхтар эди деган ривоят келтирилган.

Аммо бугунги кунги баъзи ўзларини тариқат издошларимиз деб юрган кимсаларда юқорида айтиб ўтилган шартларга риоя қилинмасдан ботил нарсаларни иддао қилиш ҳолатлари кузатилмоқда, жумладан:

Тариқатга киришни ҳар бир киши учун фарз деб биладилар. Ақида масалаларида тариқатга кириш фарз деган биронта масала кўрилмаган. Буни тушунмаган авом одамлар фарз экан деб билмасдан ботил тариқатларга кириб кетмоқдалар.

 Нафл намозларини жамоат жойларида риёкорона бажариб ўзларини тақводор кўрсатиб риёкорона ишларни амалга оширадилар. Асл тариқат эса инсонни риёкорликдан қайтариб амалини холис Аллоҳ учун хамда уни инсонлардан махфий бажариши лозим.Ханафий фиқхи уламолари масжидда ва жамоат жойларида нафл намозлари адо қилиш карих амаллардан эканини билдирганлар. Қолаверса бу риёкорликдир Пайғамбаримиз хадисларида “Кичик ширкдан сакланинглар деганларида кичик ширк нима деб савол берилганида пайғамбаримиз кичик ширк риёдир дедилар”

          Тариқатга кирган одамнинг қазо намозлари соқит дейишади. Бу масала ҳам Ханафий мазхаби уламоларининг фатволарига зиддир. Хеч қайси бир нарса инсонни зиммасига фарз бўлган хукмларни соқит қила олмайди. Бунга хеч қандай фиқхий китобларимизда далил йўқ.

Ҳар қайси тариқат издошлари ўз йўналиши намоёндалари билан алоҳида гуруҳ бўлиб одамларга қўшилмаслик ҳолатлари, уларни менсимасликлари, баъзи холатларда ўзларини бошқалардан афзал кўрсатишлари риёкорликнинг аниқ мисолидир. Бу нарса бошқа намозхонларни хакли норозиликларга сабаб бўлмоқда. Пайғамбаримиз хадисларида жамотадан ажралмасликка тарғиб этиб, кимки жамоат ўртасини бир қарич ажратса бўйнидан ислом арқонини ечибди деганлар(термизий ривояти).

Айрим масжидларда баъзи гумрох сохта сўфилар масала талашиб одамлар билан бакир чакир қилиб жанжаллашишлари нафақат ахли тасаввуф шаънига балки оддий мусулмоннинг шаънига ҳам доғ туширишмокда.

Энг ачинарлиси ўзларини бошқа мусулмонлардан айрича тутишга, беўхшов киликларни қилишлари бошқаларни ажаблантирмоқда.

Айримлари уйларида ота оналарига ва оила аъзоларига жанжаллашиб қолишмоқда. натижасида оилада келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Айниқса уларнинг фиқхий масалаларда ўз бошимчалик қилишлари, мазҳаб доирасидан ташқари чиқишлари, Жумладан масжидларда тўпланиб олиб эхтиёт пешин намозини масжидда адо қилиш, улуғ авлиёларнинг мозорларига атаб қурбонлик қилишлари шариатимизга зид амаллардандир.

Ёш йигитлар ўзларича пир муршидлик даъво қилиб ёшларни адаштириб ўзларини авлиё кўрсатишиб мурид овлай бошлаганлари ақли расо кишининг хаёлига сиғмайди. Пахавон махмуд Алаҳиррахма

مرد نشوى تا نكني خذمت مردى

Яни, “бир мард(эр кишининг маъносида)нинг хизматини қилмагунингча мард бўла олмайсан” деганлар.

Бу ишларни улуғларимиз қилишган деб ўз йулбошчиларини хужжат қилишга интилишади. Мутасаввиф шоирлардан Суфи Оллоёр буни куйидагича бахолаганлар.

                         Дема килдим фалон бузрук ишини

                         Қўя кўрма набийни килмишини.

          Бундай ҳолатлар юқорида Жунайд Бағдодий хазратларининг кўрсатиб ўтган мезонларига тўғри келмаслигини кўриниб турибди. Риёкор сўфиларни хамма замонда хам шу замоннинг олиму фузалолари томонидан танқид остига олиниб келинган. Шулардан Ахмад Яссавийнинг қуйидаги байтларини келтиришимиз мумкин

          Сўфи бўлмай найласун уйда қилурға иши йўқ

          Сўфилиғ даъво қилур халққа берурға оши йўқ

          Оҳу воҳ дерлар яна кўзида қатра ёши йўқ

          Сўфи нақш бўлдинг вали ҳаргиз мусулмон бўлмадинг

          Сўфилиғ шундоғмидир доим ишинг ғафлат билан

          Донаи тасбеҳ кўлингда тилларинг ғийбат билан

          Саллаи чил печ урарсан нафси бад иззат билан

          Сўфинақш бўлдинг вале ҳаргиз мусулмон бўлмадинг

Ушбу байтдан кўриниб турибдики тасаффуфнинг хақиқий маъноси риёкорлик нафси бадликдан кутулиш ва комил мусулмон бўлишдан иборат эканини тушунса бўлади. Бугун хар хил чақириқлар, иддаолар, даъватлар, тарғиботлар кўпайган бир даврда, ахборот  етказиб берувчи ниҳоятда кучайган бир даврда ақли солим киши хар бир иддао билан чиққан кишининг даъволарини мазҳабимизнинг ақидавий ва фиқҳий мезонларига мос келсагина олиш керак. Унинг акси бўлса дарҳол рад қилиб ёлғон алдовлардан сақланиш керак бўлади. Ўзида илми бўлмаса эътимодлик ишночлик расмий диний уламолардан сўраб кейин амал қилиш лозим бўлади.

 Маълумки юртимиз бутун дунё танийдиган уламоларга бешик бўлган. Буни ислом фиқҳида бўлсин, тафсирда,хадисда,ақида калом илмида бўлсин, дунёвий илмларда бўлсин, кўришимиз мумкин.    Юртбошимиз томонларидан илгариги мактаблар анъаналарини тиклаш хамда яна юртимизда буюк тарихимизда етишиб чиққан уламоларнинг издошларини етказиш учун илмий мактаблар ташкил этилди. Жумладан, Фарғонада Фиқҳ илмий мактаби,Самарқандда хадис илмий мактаби, Қаршида Ақида мактаби, қадим Бухорода тасаввуф мактаби ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Тасаввуфни ўрганмоқчи бўлган, унга қизиққан юртдошларимиз мана шу жойга мурожат этиб тасаввуф уламоларимиз қолдирган бой мерослари, тасаввуф илмининг мақсад моҳиятини ўрганишларини тавсия қилган бўлардик.

Д.Абдуқадиров

 “Имом Фахриддин ар-Розий” ислом билим юрти мудири

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *