ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ ҲАММАНИНГ БУРЧИДИР

Аллоҳнинг охирги дини Исломнинг ҳар бир замон ва ҳар маконга салоҳиятли эканини ҳозирги давримиз муаммоларини ҳал қилиш учун бўлаётган ҳаракатлар жараёнида яққол тушуниб олса бўлади.

Хусусан, сиз билан бизга ушбу сатрларда мавзу бўлиб турган гиёҳвандлик масаласида бу масалани яққол тушуниб олса бўлади.

Бу ҳақиқатни 1400 йил аввал келган ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганишимиз жараёнида яна ҳам чуқурроқ англаб оламиз.

Буюк муҳаддис Имом Бухорий ривоят қилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадиси шарифларида: “Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин! Агар бунга қодир бўлмаса, бас тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир”, деганлар.

Мункар иш дегани, ёмон иш деганидир. Бугунги кунимизда гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир.

Ушбу ҳадиси шариф ҳукмига биноан гиёҳвандликка қарши кураш ҳамманинг бурчидир.

Биринчи навбатда имкони борлар учун мазкур кураш амалий равишда бўлиши керак. Бунга асосан, ҳукумат доиралари киради. Уларда бу мункар ишни қўл билан, яъни, амалий равишда ўзгартиришга ҳам ҳақ-ҳуқуқ ҳам имкониятлар бор. Зотан бу ишни қилиш уларнинг бурчлари ҳам. Айниқса, гиёҳвандликка қарши курашга масъул бўлган идоралар ва шахслар бу ҳақиқатни яхши англаб етмоқлари зарур. Улар бу ишда сусткашликка йўл қўйишлари мутлақо мумкин эмас.

Шунингдек, гиёҳвандликдек ёмон мункарга кўли билан қарши турадиганларга ушбу ёмонликни йўқ қилиш, олдини олишга оид барча ишларда ишлайдиган шахслар кирадилар. Уларнинг ичида гиёҳванд моддаларнинг чегарадан олиб ўтилмаслиги учун хушёр турган чегарачи ҳам, хийлa йўли билан гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринганларнинг фош қилишда ташаббус кўрсатган божхона ходими ҳам, гиёҳвандларни даволаш билан масъул шифокор ҳам ва бошқа шунга ўхшаш вазифаларни адо этаётган шахсларнинг барчаси ҳам кирадилар.

Гиёҳвандлик мункарини қайтаришнинг иккинчи даражаси, тил билан бўлади. Қисқа қилиб айтилганда ушбу балога қарши тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришдир. Бу иш билан шуғулланадиганлар қаторига ахборот воситалари масъуллари ва ходимлари, ёзувчилар, зиёлилар, газетачилар ва уларга ўхшаш ишларда ишлайдиган кишилар кирадилар.

Албатта, мусулмон уламолар бу рўйхатнинг бошида турадилар. Уларнинг бу иш бўйича масъулиятлари ҳамманикидан кучли.

Гиёхвандликка қарши курашда мазкур сохаларнинг соҳиблари билан бир қаторда ҳар бир инсон ҳам бирга бўлиши зарур. Бир оғиз сўз билан бўлса ҳам гиёҳвандликка қарши курашдек савобли ишга ҳар бир инсон ўз хиссасини қўшмоғи лозим.

Агар шунга ҳам қодир бўлмаса ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, гиёҳвандликка дили билан қарши бўлмоғи лозим. Ана ўша энг иймони заиф шахснинг иши бўлади.

Демак, мункар ишни дили билан инкор қилган, унга қўшилмаган, рози бўлмаган мусулмоннинг иймони заиф бўлади. Иймони заиф бўлмаса ёки тили билан, ёки кўли билан ёмонликни бартараф қилишга уринади.

Гиёҳвандликка қарши кураш омавий бўлиши лозимлигини янада чуқурроқ англаб етишимиз учун қуйидаги ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганмоғимиз лозим бўлади.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Аллоҳнинг хадди-чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга хожатлари тушса юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар, юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандоқ бўларкин, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар улар ҳам бошқалар ҳам ҳаммалари нажот топурлар». (Саҳиҳи Бухорийдан)

Бугунги кунимизда гиёҳвандлик қилаётганлар, ул моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар барча-барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тагидан тешиб ғapқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир. Агар кўплашиб уларнинг қўлидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб ҳалокатга учрашимиз турган гaп.

Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс учун гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиш зарурдир.

Ҳозир дунёда 8 миллиондан ортиқ киши героин, 13 миллиондан ортиқ киши кокаин, 141 миллиондан  зиёд киши марихуанна (наша) ҳамда 280 миллиондан ортиқ киши сунъий наркотик моддалар истеъмол қилишини инобатга оладиган бўлсак, бу балонинг бизнинг ичимизга кириб келмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шу нуқтаи назардан бу иллатга қарши курашда ҳар биримиз қўлидан келган хиссамизни қўшмоғимиз ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади.

О.Адилов

Имом Фахриддин Ар-Розий ЎМИБЮ мудир муовини

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *