ГИЁҲВАНДЛИК МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ КУШАНДАСИ

Бандаларига раҳм қилиб уларга зарар келтирувчи нарсаларни ҳаром қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Аллоҳнинг китобида келган буйруқларнинг ҳукмларини баён қилиб, ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиб берган Пайғамбаримизга саловоту дурудлар бўлсин.

Ер юзидаги барча инсоният обод ва фаровон яшаб, камолот ҳосил қилиши учун Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга Ислом динини нозил қилди. Зотан ислом сўзининг луғавий маъноси ҳам саломатлик, тинчлик демакдир. Бу диннинг икки буюк манбаси: Қуръони карим оятлари ва муборак ҳадисларни ўқиб ўрганган, улар билан танишиб чиққан ҳар қандай киши ислом динининг эзгулик ва тинчлик дини эканига ва инсонни ҳақиқий камолот чўққисига олиб чиқишига ишонч ҳосил қилиши аниқ.

Ҳақиқатда ҳам ислом динининг ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли эканини хозирги давримиз муаммоларини ҳал қилиш учун бўлаётган ҳаракатлар жараёнида яққол тушуниб олса бўлади. Ислом дини ҳозирда бутун дунё муаммосига айланган наркоманияга қарши курашаётгани ва инсонни бу залолат ботқоғидан олиб чиқаётгани сўзимизнинг яққол исботи бўла олади.

Аллоҳ таоло инсонга тафаккур бериб, уни ер юзидаги жонзотлар орасида энг азиз ва мукаррам қилиб яратди. Худди шу тафаккур, ақл билан инсон яхшини ёмондан, эзгуликни ёвузликдан ажратиш қобилиятига эга бўлди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонга сайёрамизни гуллаб-яшнатиш вазифасини юклади. Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади: “Биз одам зотини мукаррам қилиб яратиб, қуруқлик ва сувда юрадиган қилиб, уларга ҳалол-пок ризқлар бердик ҳамда уларни кўп маҳлуқотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро сураси 70-оят)

Ҳақиқатан ҳам, инсоний камолотга эришган одам эзгулик йўлидаги ҳаракатлари билан айни чоғда ўзи ҳам камол топа боради, жамиятнинг фаол аъзосига айланади. Таассуфлар бўлсинким, орамизда ақл ва қалб йўриғидан чиққан, иймонга зид ишлар қиладиган кимсалар ҳам бор. Улар ўз қилмишлари билан нафақат ўзларига, балки бутун жамиятга зарар етказадилар. Инсонийлик шаънига доғ туширувчи ишларнинг аксари эса гиёҳванлик каби иллатлар орқали юз беради. Ислом дини фан, хусусан, табобат илмидан анча аввалроқ ақл-идрокка, саломатликка путур етказадиган ҳар қандай нарсаларни истеъмол қилишни таъқиқлаган. Аллоҳ таоло ояти каримада шундай марҳамат қилади: “У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”. (“Аъроф” сураси, 157-оят.)

Аллоҳ таоло инсонга нимани ҳаром қилган бўлса у инсоният учун катта зарардир. Бу иллат ҳам халқ учун ана шундай моддий ва маънавий зарар манбаи бўлган. Гиёҳвандликни тиббиёт ҳам қаттиқ қоралаган ҳолда организмга, наслга, зурриётга бўлган салбий таъсир ва оқибатини исботлаб берган.

Маълумки, уламоларимиз гиёҳвандлик ҳақидаги динимиз кўрсатмаларини чиройли тарзда тушунтириб, бу хусусида кўплаб асарлар ёзганлар. Лекин афсуслар бўлсинки, уларнинг аксарини амалда фойдаси кам бўляпди. Зеро, бу иллат домига илинганлар шаҳват, шайтон ва нафс қўлида ўйинчоқ кабидир, ундайлар жамиятни хароб қиладилар, чунки уларда исломий ахлоқ ва муайян бир иродасининг устунлигини кўриш жуда қийин. Улар ўз манфаатлари йўлида нафс чангалига асир тушганлар ҳисобланади. Ҳаром нарсалар у ёқда турсин исломда ҳалол нарсаларда ҳам меъёр мавжуд. Ислом динида инсоннинг фақат руҳига эмас, балки жисмига ҳам ўзига яраша аҳамият берилган. Инсон жисмига берилган аҳамиятни унга ўз ҳаётини сақлаш ва ундан ҳалокатни даф қилиш учун зарур бўлган таом ва ичимликни истеъмол қилишни вожибга айлантирганида кўрамиз. Барча нарсалардаги каби, еб-ичишда ҳам ислом дини мўътадилликни тавсия этади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларига еб-ичишлари учун жуда кўп неъматлар берган. Бақара сурасининг 168-оятида: “Эй, одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ, ошкора душмандир”.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминлар эмас, балки барча одамлар ҳалол пок нарсаларни ейишга чақирув бор. Аллоҳ таоло ер юзидаги бандалари учун яратган ноз-неъматларининг ҳалол-покларидан ейишга умумий рухсат бермоқда. Ҳалол-пок неъматларни номма-ном санаб ўтишнинг ҳожати йўқ, улар ниҳоятда кўп ва беҳисобдир. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Нажот уч нарсада – ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан бири – тафаккур кучидир! Тафаккурсиз инсон ҳайвонга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Инсоннинг ақлини олувчи иллатлар одамларни ана шу тафаккурдан айирувчи воситадир.

Исоқов Бохрам

Имом Фахриддин Ар-Розий ЎМИБЮ мударриси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *