Ислом – гиёҳвандликка қарши

Маълумки, ХХ асрнинг ўрталаридан ҳозирги кунга қадар гиёҳвандлик балоси бутун ер юзи бўйлаб кенг тарқалиб бормоқда.

Бу разолат манба бўлмиш афюнли гиёҳлар «лаззати»га берилиш ҳатто мактабларда, таълим олаётган ёшлару институт талабалари, эркагу аёллар ўртасида баробар илдиз отиб, палак ёзаётганлиги ҳар қандай ақл-идрокли кишини бефарқ қолдирмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда У (пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нар­саларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни улapгa ҳаром қилади …”, дея марҳамат қилади. (Аъроф сураси, 157-оят) Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло ўз бандаларига тўғри йўлни кўрсатиш учун уларга Ўз элчиларини юбориб турган. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом: «Маст қилувчи ҳар бир нарса – ҳаром», дедилар. (имом Муслим ривояти).

Динимиз Исломда гиёҳвандликнинг ҳаромлигига далолат қилувчи оят ва ҳадислардан кўплаб келган. Жумладан: «Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!» (Бақара сураси, 195 оят). «Ўзларингизни ўзларингиз ўлдирмангиз…» (Нисо сураси, 29 оят).

Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қасд қилмасликка, шунингдек ўзгаларнинг ҳам қонини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охири ўлимга олиб келадиган нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади.

Оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддаларнинг номи келтирилмаган-ку, деган савол тўғилиши мумкин. Тўғри, Пайғамбаримиз даврларида, ҳатто Аббосийлар халифалигининг дастлабки йилларигача ҳам гиёҳвандликнинг ўзи ҳам, номлари ҳам ислом оламида номаълум эди. Лекин пайғамбарлик мўъжизаларидан бири деб айтиш мумкинки, ўзларидан кейинги даврларда инсониятга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтирувчи нопок нарсаларнинг турлари ва номлари кўпайиб кетишини олдиндан билиб, ўз умматларини огoҳлантириб кетдилар. Хақиқатан ҳaм шyндaй маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи заҳри қотил моддаларнинг турлари ҳозирги кунда ҳам кўпайиб бормоқда. Шунинг учун ҳам Расулимиз алайҳиссалом ҳаммасига умумий қилиб:

«Ҳар қандaй маст қилувчu ва баданнu бўшаштирувчu нарсалар ҳаpoм» деб асосий қоидалардан бирини баён қилиб бердилар.

Имом Бухорийнинг ҳадис тўпламига шарҳ ёзган буюк алломалардан бири Имом Абу Бакр Қасталоний гиёҳванд модда турлари ва унинг ҳаромлигига бағишлaб aлоҳида бир китоб ёзганлар ва номини «Нашани ҳаpом қилиш билан турмушни икром этиш» деб атаганлар. Имомиддин ибн Абу Шариф ва бошқа олимлар ҳам гиёҳвандликка доир китоблар таълиф этганлар. Аллома Ибн Ҳожар ал-Маккийнинг «Фатовои Исломийя» асарида инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига гиёвандлик иллати етказадиган 120 хил жиддий зарар санаб ўтилган. Бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Аллоҳ таоло инсонга бежиз ақл-идрок, фаҳм-фаросатни ато этмаган. Инсон ақл ёрдамида нима зарару, нима фойда эканини аниқлаши, зарардан узоқда бўлиши талаб этилади.

Ҳадиси шарифда: «Кимки ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёмат куни дўзахда унга ўша нарса билан азоб берилади», дейилади.

Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Ислом динида ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар келтириш йўқ», дейилади. Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир.

Гиёҳвандликкка сарф этиладиган харажатлар шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириш билан бирга бениҳоя исрофгарчилик ҳиобланади.

Бир ҳадиси шарифда: «Аллоҳ таоло сизларга бекорчи гап-сўзлар, кўп савол бериш ва молни беҳуда зое кетказишни ман қилади», дейилган.

Молу бойликни беҳуда ва бефойда сарф этиш, шариатда ҳаром саналганидан кейин, гиёҳванд моддаларидек кони зарар нарсалар учун сарф этиш нега ҳаром бўлмасин? Гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари фақат муайян шахс ёки ижтимоий табақагагина эмас, балки, бориб-бориб, бутун мамлакатнинг соғломлиги ва барқарорлигига путур етказиши ҳам мумкин.

Маълумки, ёшлар ҳозиримизнинг ярми бўлса, келажагимизнинг бутун бир яхлит кишиларидир. Улар орасида гиёҳвандликнинг тарқалиши ўта хатарлидир. Зеро, ёшлар – келажакдаги раҳбарлар, олимлар, мутафаккирлар, сиёсатчилар, иқтисодчилардир. Аҳолининг бу қисми гиёҳвандликка қанчалик кўп берилган бўлса, жамиятнинг келажаги шунчалик хавф-хатар остида қолади.

Наркомания ва наркобизнесга қарши кураш Халқаро ассоциациясининг маълумотларига қараганда, бугунги кунда гиёҳванд эркакларнинг ўртача ёши 31, аёлларники эса 28 ни ташкил қилади. Уларнинг 77 фоизи 39 ёшдан катта бўлмаган шахслар бўлиб, ярмидан кўпроғи 15-19 ёшли ўсмирлардир. Агар аҳвол шундайлигича қоладиган бўлса, дунё миқёсида уларнинг умумий сони яқин орада икки баравар ошиш хавфи бор экан.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳвандлик моддалари таъсирига тушишда энг хавфли босқич 12 ёшдан 19 ёшгача бўлган давр ҳисобланади. Бугун 40 миллиондан ортиқ биргина ОИТСга чалинганларнинг 30 фоизини гиёҳвандлар ташкил этса, бу касалликдан вафот этаётган 3 миллиондан ортиқ беморнинг 500 минги вояга етмаган болалардир. Ўсмирлик даврида инсон гормонал жиҳатдан жуда тез ривожланади. Бу даврдаги ёшларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати ниҳоятда жўшқин ўзгаришларга бой бўлади. Фарзандларнинг жамиятда ўз ўринларини топишлари биринчи навбатда, ота-онага боғлиқ экан, улардан талаб этиладигани бу ёшдаги фарзандларининг келажагига бефарқ бўлмасдан, жиддий эътибор, алоҳида диққат, тажриба ва билим зарурдир.

Ўз навбатида, гиёҳвандликнинг оилага етказадиган зарарлари ҳам талайгина. Ҳолбуки, оила – жамиятнинг асосий ҳужайраси. У соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади, агарда у касалланса, жамиятнинг пойдевори дарз кетади, натижада унинг устига қурилган бино қулаши турган гап.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмонларни эзгулик, хайрли ва савобли ишларга буюриб, ёвузлик, ёмонлик ва гуноҳ ишлардан қайтариб туришликни фарз қилган.

Асримиз вабоси бўлган СПИД ва гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш, уларни моддий ва маънавий беркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий ҳайрли ишларда Аллоҳ таолонинг ўзи ҳаммага мадакор бўлсин!

О.Адилов

Имом Фахриддин Ар-Розий ЎМИБЮ мудир муовини

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *