МАЪНАВИЙ ТАРБИЯ МУТААССИБЛИККА БАРҲАМ БЕРУВЧИ ВОСИТА

Бугунги кунда дунёнинг турли ёвуз ниятли кучлари ўз мақсадлари йўлида қабиҳликнинг барча усул ва воситаларидан максимал даражада фойдаланишга уринмоқдалар. Бундай кучлар эндиликда халқларнинг маънавиятини бузишга, ёшларнинг онгини заҳарлашга, асрлар мобайнида давом этиб келаётган миллий қадриятларни йўқотишга, эътиқодини ва миллий туйғуларини сустлаштиришга ўтдилар. Бу йўлда улар ахборот воситаларининг деярли барча турларидан, жумладан, газета, журнал, телевидения, интернет материалларидан тарғибот ишларида кенг фойдаланмоқдалар.

Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар кенг халқ оммаси ичида ва жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришишдек манфур мақсадларни кўзлайдилар. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг биринчи президенти И.Каримов шундай деган эди: “Барчамизга аён бўлиши керакки, қаерда бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзи бўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Бу аксинча, қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксакақл идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”.

Лоқайдлик, бефарқлик ҳукм сурган жойда адолатни қарор топтириш қийин. Айниқса, мафкуравий жараёнлар мисли кўрилмаган даражада глобаллашиб бораётган, хатарли ахборот хуружлари кучайиб, унинг тарқалиш жараёни бутун ер юзини қамраб олаётган бир пайтда, даврнинг ўзи ҳар бир инсондан атроф-муҳитга нисбатан, кириб келаётган ҳар бир янгилик ва янги ахборотларга нисбатан ҳушёр ва эътиборли бўлиш, уларга тўғридан-тўғри эмас, балки чуқур таҳлилий ўрганиш орқали муносабатда бўлишни тақозо этмоқда. Лоқайдликнинг олдини олиш чораларидан бири – бу инсон қалбида фидоийликни тарбиялаш. Фидойиликни ҳар бир шахс, аввало, ўзига умуминсоний фазилат сифатида, қолаверса, қадр-қиммат сифатида қабул қилиши керак.

Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган ноҳуш ҳолат ўша янги ислом “элчи”ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган ҳақиқий исломнинг ўрнига қўймоқчилар. Бу соҳада энг кўзга кўринган ҳаддан ошиш – ғулув, қўполлик ишлатишдир. Мазкур қўполликни ўз эгалари “жиҳод” деб номлайдилар. У аслида илмий тилда “террор” деб аталади. Аммо асл исломий манбаларга қарайдиган бўлсак, буни “хуруж” деб аталишини кўрамиз. Ислом оламида кўзга кўринган суриялик олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий куч ишлатишни жиҳод деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган “Ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида қуйидагиларни ёзган эди: “Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди, аксинча баъзи одамларнинг фикрлари ва мизожларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавои нафснинг султонидан келиб чиқади”.

Диний фанатизмнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у фақатгина ўзи эътиқод қилаётган нарсани ҳақиқий деб билиб, бошқа диний эътиқодлар билан келиша олмаслиги, муросасиз муносабатда бўлишидан иборатдир. Экстремистик ва террористик кучлар эса ўзларининг мутаассибона манфур ишларини, гўёки ислом йўлида қилишаётганини, бошқаларни “кофир” бўлгани учун гаровга олганлари ва қатл қилганларини даъво қиладилар. Энг ачинарлиси, улар бу ишларига муқаддас ислом динидан далил топишга ҳаракат қиладилар ва ўзларини мужоҳид, ўзларидан ўлганларини эса шаҳид деб атайдилар. Бу ҳақда Қуръони Каримда: “Улар Аллоҳни ва имонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор. Уларга: “Ер юзида бузғунчилик қилманглар!” дейилса, “Биз-ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. “Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир”, дейилган1. Ҳадисларда ҳам ушбу маъно ўз аксини топган бўлиб, Пайғамбаримизнинг ҳадиси муборакларида: “Қайси бир мусулмон иккинчи бир мусулмон биродари бошига тиғ кўтарса, Аллоҳ таолонинг фаришталари то ўша тиғни қайтариб ўрнига қўймагунча лаънат айтиб турарлар”, дейилади.

Ўзбекистон фуқароларининг, айниқса, ёшларнинг диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда ўқув муассассалари, ташкилот ва маҳалла йиғинлари томонидан ўтказиладиган маърифий тадбирларда ёшларни мустақил дунёқарашга эга ватанпарвар, ҳар томонлама билимли шахс қилиб тайёрлашга урғу бериш, диний-экстремистик оқимлар тарафдорлари тарқатаётган ғояларнинг аслида ислом таълимотига зид экани ва сиёсий мақсадларга йўналтирилганини аниқ далиллар билан исботлаб бериш мақсадга мувофиқдир.

Маълумки, илм-маърифатли бўлиш одам эсини таниганидан бошлаб, токи ўлгунча давом этадиган жараёндир. Чунки дунё ҳар доим узлуксиз ўзгариш ва ривожланишда. Инсон тафаккури ҳам у билан биргаликда ривожланиши даркор. XX асрнинг сўнгги ўн йиллигида яратилган мўъжиза, яъни интернет тизимининг вужудга келиши ва у орқали ахборот-коммуникатив жараённинг тезлашиб бораётгани инсониятга ғоявий таъсир ўтказиш кўламини янада кенгайтирмоқда. Интернет инсониятнинг муҳим ютуғи бўлиб, бугунги ҳаётимизда қатор имкониятлар ҳам яратди, буни инкор этолмаймиз, албатта. Бироқ, кучли мафкуравий таъсир кўрсатиш воситаси бўлган ушбу мўъжиза жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас.

Интернет орқали узатилаётган ахборотлар ичида тун-у кунини ўтказиб ўтирган айрим ёшларга ачинасан киши. Ахир у ахборотларнинг кераги бор ва кераксизлари ҳам. Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ: “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замон илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деган ҳаққоний фикр билдирган.

Баъзан ёшлар билан илмий мавзуларда суҳбатлашсангиз ёки уларга бирор савол билан мурожаат қилсангиз, улар дарҳол интернет борку, тайёр материалларни олсангиз бўлмайдими? – деб жавоб беришади. Наҳотки, интернет туфайли инсоният, айниқса, ёшлар китоб ўқиш, билим олиш, изланиш каби муҳим фаолиятдан йироқлашиб борса. Шу нарсанинг ўзи одамда лоқайдлик деган иллатни шакллантирмайдими? Илмга одам тинимсиз интилиш, изланиш ва меҳнат билан эришади. Ислом диничалик илму-маърифатни улуғлаган дин ёки тузум йўқ. Чунки Ислом инсонларни бешикдан то қабргача илм излашликка, ўзи аниқ билмаган нарсаларига эргашмасликка буюрган. Буни Ислом кириб борган жойлардаги илму-маърифат ва тараққиётнинг ривожланишидан билсак ҳам бўлади.

Ҳозирги кунда фарзандларимиз дунёнинг энг ўткир, фаол, уддабурон, ватанпарвар ёшларига айланиши, уларни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ, чунки “Қуш уясида кўрганини қилади”. Бу борада, албатта, ота-онага ёрдам беришда бутун жамоатчилик – биргаликда фаол ишлашлари керак. Ёшларга ушбу офатнинг салбий жиҳатлари ва зарарли оқибатларини кенгроқ тушунтиришда ижобий таъсир қилишнинг барча восита ва услубларини қўллаш керак. Баландпарвоз шиорларни такрорлаш ўрнига, фикрни ҳаётий мисоллар орқали етказиш маъқулроқ. Бу мақсадларни амалга оширишнинг бош шарти аҳоли, оилалардаги ғоявий тарбия билан белгиланади. Қайси ҳудудда муҳит соғлом бўлмаса, ўша ерда ахлоқи бузуқ, ноқобил фуқаролар пайдо бўлиши хавфи орта боради.

Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири бу халқнинг маънавий руҳини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдир. Маънавият шундай қимматбаҳо меваки, у бизнинг қадимий ва навқирон халқимиз қалбида бутун инсониятнинг улкан оиласида ўз мустақиллигини тушуниб етиш туйғуси билан етилган. Маънавият инсонга она сути, ота намунаси, буюк аждодлари эътиқод қилиб келаётган дини, ахлоқи ва панд-насиҳатлари билан сингади. Маънавият – тарбиядан бошланади. Миллий педагогика асосчиларидан бири А.Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир” деган сўзлари фикримизни қувватлайди.

Бугун таълим-тарбия мамлакатни барқарор ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳамда бизга ёрдам берадиган энг муҳим воситадир. Ўзбекистон ХХI асрда илдам қадам ташлар экан, ўзининг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрнини эгаллаши учун маънавий пойдеворга эга бўлмоғи лозим. Жамият маънавияти-ижтимоий тарбия маҳсулидир. Чунки халқимиз миллий ўзига хослиги, маънавиятини сақлаб қолиш, тиклаш ва такомиллаштиришни унинг маънавий тарбия анъаналарига таянмай амалга ошириш мушкул. Бир сўз билан айтганда бундай информацион ва мафкуравий тажовузларнинг моҳиятини очиб бериш ва уларга қарши курашиш учун фақат “ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр ва жаҳолатга қарши фақат маърифат” асосида фаол тарғибот ва маънавий-маърифий тарбия йўлини тутиш зарурдир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугун мусулмонлар орасида ўзига хос ихтилофлар ва зиддиятлар мавжуд. Шу сабабли исломни ўзларига мослаштиришни истаётган ўша мутаассиб кучларга муносиб қаршилик кўрсатиш учун асрлар давомида шаклланиб келган, Ўзбекистон шароитига ҳар томонлама мос келадиган, бағрикенгликка асосланган маърифий исломни тараққий топтиришга ҳаракат қилишимиз лозим.

1Қуръони Карим. «Бақара сураси 9-10-11-13 оятлар».

Собиров Маҳмуджон Маматсалиевич
Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *