УЛУҒ МУҲАДДИС ИМОМ АТ-ТЕРМИЗИЙ

Аллоҳ таолонинг чексиз инояти ва марҳамати жўш уриб турган мана шу улуғ кунларнинг, буюк аждодларимиз, азиз авлиёларимиз абадий қўним топган табаррук гўшалар обод қилиниб, руҳлари шод этилаётган ушбу фараҳбахш лаҳзаларнинг шукрини адо этиб бўлмайди.

Ана шундай буюк бобокалонларимиздан бири, етук муҳаддис аллома Абу Исо Термизийнинг қолдирган бебаҳо меросини илмий асосда пухта ўрганиш, муқаддас юртимиз азал-азалдан улуғ алломалар ва авлиёлар юрти эканлигини кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руғида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида муҳтарам президентимизнинг “Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари қалбида заррача иймони ва инсофи бор ҳар бир мўмин-мусулмон юртдошимизни тўлқинлантириб юборгани ҳақиқатдир.

Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ ас-Сулмий аз-Заририй ал-Буғий ат-Термизий ҳозирги Термиз шаҳридан 6 фарсаҳ узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида 209 ҳижрий санади таваллуд топдилар. Кунялари абу Исо, боболарининг исмлари Савра, нисбатлари Жайҳун дарёси билан ўралган қадимги Мовароуннаҳрнинг «Термиз» шаҳри номи биландир.

Имом ат-Термизийнинг устозлари кўп бўлиб, улардан энг машҳури Имом ал-Бухорийдир. Кўп ҳадисларни Бухорийдан ривоят қилганлар. Имом ал-Бухорий Имом ат-Термизийга қарата: «Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойдаландим», деб айтадилар.

Яна устозларидан Имом Муслим ва Абу Довуд ҳамда Басра, Куфа, Хуросон, Хижоз шайхлари бўлиб, уларнинг раъйи ва воситаси орқали ҳам фойдаланганлар. Имом ат-Термизий китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган 6 нафар имом ичида тўртинчи ўринда турадилар. У зотнинг китоблари бўлмиш «Сунани Термизий» эса «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларидан кейинги ўринларда туради. Имом ат-Термизий ҳадисни жамлашликда ва уни аниқлашда, ёдлашда ва зикр қилишда алохида бир мақомга эга эдилар.

Шогирдларидан бирлари: «Имом ал-Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Исо ат-Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди», деб айтади.

Ибн Атийя: «Менинг ҳузуримда Имом ал-Бухорий ва Муслимнинг китобларига қараганда Имом ат-Термизийнинг китоблари нурлироқ ва тушунарлироқ», деб айтадилар. «Нима учун?», деб сўралганда, Атийя: «Чунки, иккита имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлларигина фойдалана олишади, холос», деб айтганлар.

Имом ат-Термизий кўп китобларнинг муаллифидир. Айниқса, «Сунан» китоблари чиройли, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилгандир. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом ат-Термизийнинг «Жомеъ ас-Саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар«, деб айтадилар. У зотдан бизга қуйидаги китоблар мерос бўлиб қолди.

«Китобу Азим», («ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ»), бу китоб «Саҳиҳ ат-Термизий» номи билан машҳурдир, «Шамоилу Набавия», «Илалу Муфрад», «Илалу фи охири Жомеъ», «Китоби Зуҳд», «Китоби Тарих», «Асмоу Саҳоба», «Асмо ва Куна», «Китоби фий асари мавқуфа».

Имом ат-Термизийнинг машҳур таълифларидан биз айтиб ўтган «Шамоилу Набавия» (Пайғамбаримизнинг фазилатлари) бўлиб, баъзи манбаларда «аш-Шамоил фи шамоил ан-Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам номи билан ҳам келтирилган. Номидан ҳам кўриниб турибдики, бу асар Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсий ҳаётлари, у кишининг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилатлари, одатларига оид 408 та ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатлари одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган.

Ўрта Осиёлик машҳур олим ва тарихчи абу Саъд Абдулкарим ас-Самоний «ал-Ансоб» номли асарида ёзишича, Имом ат-Термизий Буғ (ҳозирги шеробод тумани) қишлоғида вафот этганлигини қайд қилиб ўтган. Шунинг учун унинг номига ал-Буғий таҳаллуси ҳам қўшилган.

Буюк ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий бизга бой ва катта илмий мерос қолдирган. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, бу қимматбаҳо меросни ўрганиш жумҳуриятимизда давлат сиёсати даражасига кўтариляпти. Кенг жамоатчилик оммаси ҳам у зотнинг ҳаёти ва ижод маҳсули ҳақида маълумотга эга бўлиши ва ундан баҳра олиши учун Имом ат Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилиши барчамиз учун қувонарли ҳолдир. Ўзбекистон ҳукуматининг буюк муҳаддис Имом атТермизийга бўлган бу буюк эҳтиромини Ислом оламидаги барча уламолар ва нуфузли зиёлилар ҳам самимий қутлаяптилар Жумладан, Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши бош котиби Али Муҳйиддин Қорадоғий Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига самимий табрик йўллади.

Бизлар жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳадиси шарифларини ўз ичига олган ишончли олти тўплам муаллифларидан бири Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Имом ат-Термизийнинг номи тилга олинганда биз мусулмонлар учун Расуллулоҳ (с.а.в)нинг муборак дурдона ҳадисларидан иборат улкан диний меросни қолдириб кетган улуғ бир зотни эслаймиз. Расуллулоҳ (с.а.в) эса Роббил аъламин томонидан фасоҳат ва балоғатга асосланган нотиқлик фазилати берилган улуғ пайғамбардирлар. Шунинг учун ҳам бул зоти бобаракотнинг сўзлари Аллоҳнинг каломидан кейинги энг афзал ва шарофатли сўз бўлиб, шариат аҳкомлари, Куръони Каримдаги барча илмларнинг изоҳлари бу жанобга боғликдир. Зеро, дини Ислом аҳкомлари модомики ул жанобнинг ҳаққоний мезонлари ва ўлчовлари билан ўлчанмас экан, уларга ишонч ва эътиқод йўқдир.

Имом Термизий «Сунан» тўпламларига ҳадис турларидан саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариб ва муаллал (иллатли) ҳадисларни қиргизганлар ва иллатли бўлиш сабабини ҳам баён этганлар. Китобларининг обрўсини туширадиган бирор пуч маълумот бермаганлар. Имом Термизий ҳадис илми, иллатлари, ровийлари ва турлари билан бирга фиқҳ- ҳуқуқшунослик фанини ҳам эгаллаган эдилар. Ўзлари гувоҳлик бериб айтадиларқи: «Бу китобимни таълиф қилиб бўлганимдан кейин уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига кўрсатдим. Ҳаммалари маъқуллаб розилик изҳор этдилар».

Уламолар иттифоқ қилиб айтдиларки, Имом Термизийнинг бу «Жомеъ» китоби яна шуниси билан мақтовга сазоворки, муҳаддисларнинг одатидек ҳадисларни амалга тадбиқ этишда унинг саҳиҳ, ҳасан, заиф каби турларини келтириб, ҳадисларнинг иллатларини, баъзида ҳукм чикариш, баъзида ишончсиз ровийдан ишончлисини ажратиб бериш каби кўп фойдаларни келтириш билан намуна кўрсатганлар. Бу бошка саҳиҳ ҳадислар тўпламларида камдан-кам учрайди. Шунинг учун ҳам Имом Термизийнинг бу асарлари мисли кўрилмаган тасниф бобида мустақил бир китоб бўлиб танилди. Шунинг учун салаф уламолари Термизийнинг «ал-Жомеъ» асарларининг фазлу фазоиллари тўғрисида кўп гапирганлар. Ибн ал-Асир ўзининг «Жомиул усул» китобида:

«Абу Исонинг китоби энг фойдали китоб бўлиб, чиройли тартибда берилган. Такрор ҳадислар оз, бошқаларида учрамайдиган услубларидан бири шундаки, унда мазҳаблар, далил келтириш йўллари, ҳадис турлари, «жарҳ» ва «таъдил» қоидалари баён қилинган»,- дейди. Жалолиддин Суютий ўзининг «Қут ал-муғтазий» асарида нақл қиладики: «Имом Термизийнинг «Сунан» асари бобларга бўлинган. Бу ҳам бир илм. Ундаги фиқҳ — ҳуқуқшунослик ҳам бир илм. Саҳиҳ билан сақимни ажратувчи илални айтишлари ҳам бир илм. Уларнинг ўртасидаги ҳадис турларини зикр этиш ҳам бир илм. Ровийларнинг номлари ва лақаблари ҳам алоҳида бир илм. Жарҳ ва таъдил. Расулуллоҳни топган ва топмаган ровийларни белгилаш иснодли ривоят. Уни келтирганларнинг номлари, буларнинг ҳаммаси ижмолий илм турларидир. Аммо тафсилийси жуда кўп. Хуллас, бу асар манфаати кўп бир тўпламдир».

Шулардан кўриниб турибдики, Имом Термизийнинг бу асарларига уламолар томонидан жуда катта эътибор берилган. Зеро унда мусулмонларга етказиш лозим бўлган фойда ва фазилатлар мавжуддир. Имом Термизийнинг «Сунан» деб номланган асарини кўздан қечирар эканмиз, биз унда ибодат, инсоний ҳаёт муаммоларини қулай йўл билан ҳал қилиш йўлларини учратамиз. Сир эмаски, ҳозирги замон кишилари олдида муҳимдан-муҳим чексиз янги муаммолар вужудга келмоқда. Уларнинг ичида асрлар оша ҳамма халқларга ҳам мавжудлигича қолиб келаётган бир муаммо бор. У ҳам бўлса ушбу ҳаётнинг асоси ва гарови саналмиш тинчликни мустахкамлашдир. Тинчлик бу Аллоҳ таолонинг энг муҳим топшириқларидан биридир. Зеро усиз ҳеч бир инсон асосий бурчи бўлмиш ҳаётни ва бошқа мавжудотларни сақлаб қола олмайди. Имоми Термизийнинг «Сунан» асарлари эса худди шу қаби умматларини тинч-тотув яшашга, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишга, зулм, жангу-жадал, аразлаш, ҳасад каби сифатлардан узоқ бўлишга даъват қиладиган Расулуллоҳнинг муборак ҳадислари билан тўладир. Қуйида Расули ақрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикматомуз ҳадиси шарифларидан намуналар келтирмоқчиман, токи Аллоҳдан қўрқадиган, охиратдан умиди бор мўъмин мусулмонлар диққат билан тинглаб жаноб Расулуллоҳнинг ушбу ҳадисларини ривоят қиладилар.

«Аллоҳ номи билан қасамёд этаманки, сизлар то мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар. Ўзаро меҳр-муҳаббат ҳосил қилмагунларингча мўмин бўлолмайсизлар. Меҳр-муҳаббат ҳосил қилишнинг йўли — ўрталарингда саломлашишни кенг жорий қилишдир».

Расулуллоҳ бу сўзлари билан саломлашиш одатини меҳр-муҳаббат манбаи деб ҳисобладилар. Ўзаро меҳр-мўхаббатли бўлишни эса ҳамма амаллар ва ибодатларнинг асоси бўлмиш иймоннинг гарови деб талқин этдилар.

Расули акрам саллоллоҳу аллайҳи васаллам умматларини барча яхшиликларни амалга оширишга буюриб, фақат моддий маблағ садақа қилиш йўли билангина Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш мумкин эмаслиги, балки ўзидан бошқа инсонларга турли хил яхшилик қилиш йўли билан ҳам садақанинг савобини топиш мумкинлигини баён қиладилар. Чунончи, Имом Термизий ривоят қилган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладиларки: «Биродаринг юзига табассум билан бокишинг ҳам садақадир. Амри маъруф, наҳий мункар қилишинг ҳам садақадир. Адашган кишини тўғри йўлга йўллаб қўйишинг зўравонлик қилувчи ёмон одамнинг азиятига сабр қилиб туришинг йўлда ётган тош ёки тикканни олиб ташлашинг ва челагингдаги олган сувингни биродаринг челагига қуйиб беришинг ҳам барчаси садақа ҳуқмидадир».

Пайғамбари Худо бизларга мурожаат қилиб жиноятчи, осий бандаларни имкони борича турли воситалар билан оммага зарар келтиришдан ва Аллоҳга гуноҳкор бўлишидан сақлаб қолишга буюрадилар. Чунончи Термизийнинг «Сунан» асаридаги ушбу ҳадиси шарифда бу мазмун қуйидагича ифода этилгандир:«Сизларнинг қайси бирларингиз бирор жиноий ишни қилинаётганини кўриб қолсангиз дарҳол уни қўлингиз билан тўхтатинг. Агар бунга имкониятингиз бўлмаса тилингиз билан қайтаринг. Бордию буни ҳам бажара олмасангиз дилингиз билан нафратланиб туринг. Лекин буниси иймони заиф кишининг ишидир».

Имом Термизийнинг ва бошқа муҳаддисларнинг тўпламларидаги ҳадиси шарифлар барча мусулмонларни ва уларнинг авлодларини Ислом руҳида тарбиялашда Аллоҳнинг розилигига мувофиқ равишда хизмат қилиб келаётир. Айниқса, улар бизнинг ҳозирги аҳлоқий, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларимиз кўпайиб бораётган асримизда яна ҳам катта аҳамият касб этади. Биз мусулмонлар барча ҳаётий муаммоларимизни Қуръони Карим ва ҳадиси набавий таълимотлари асосида ҳал этиб боришимиз зарур бўлади. Чунончи, Ҳақ таоло хитоб қилиб айтадики:«Эй мўъминлар! Аллоҳга, унинг Расулига ва ўз раҳбарларингизга итоат қилингизлар! Бирор нарсада низолашиб қолсангизлар, уни Аллоҳнинг ва Расулининг ҳукмига ҳавола қилингизлар, башарти Аллоҳга ва охиратга иймон келтирувчи бўлсаларинг. Шунда яхши ва маъноли иш бўлади» (Нисо сураси, 59-оят).

Ҳақ таоло бизларни бирликка чақиради ва турли тафриқаларга бўлиниб кетишдан қайтаради. Чунончи У шундай амр қилади: «Аллоҳнинг кўрсатган йўлини маҳкам тутиб боринглар, турли фирқаларга бўлиниб кетмангизлар, ҳамда Аллоҳнинг сизларга ато этган неъматини ёд этинглар, қайсики сизлар ўзаро адоватли халқ эдингиз, у сизларнинг дилларингизни бир-бирига ошно қилди. Ана шу неъмати сабабли сизлар биродарлашдинглар. Оловли чоҳ ёқасига келиб қолган эдингизлар. У сизларни қутқариб қолди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло сизларга ўз оятларини баён қилади, шоядки сизлар ҳидоят йўлидан адашмай борурсизлар» (Оли — Имрон сураси, 103-оят).

Кўп сонли ҳадиси шарифларида жаноби Расулуллоҳ алайҳи васаллам барча аҳли Исломни ўзаро дўстлашишга чакириб, ҳасад, бадгумонлик қаби разил сифатлардан қайтарганлар. Бир ҳадисларида шундай деб буюрадилар: «Гумонсирашдан сақланингизлар, зеро у ёлгон сўздир. Бир-бирларингни текшириб жосуслик килманглар, ҳасад, буғзу адоватдан узоқлашиб Аллоҳнинг биродарлашган бандалари бўлингизлар».

Дарҳақиқат, Аллоҳ буюрганидек ва Расулуллоҳ васият этганларидек биродарлашган Ислом уммати бўлишимиз керак. Динимизни маҳкам тутиб бўлинмаган ҳолда Расулуллоҳнинг суннатларига иқтидо қилиб яшашимиз лозим. Жаноби Роббил аъламин буюрганларидек, пайғамбаримизнинг келтирган барча фармонларига итоат қилиб, қайтарган нарсаларидан қайтишимиз вожиб бўлади. Биз мусулмонлар диний, аҳлоқий-ижтимоий, ҳатто сиёсий муаммоларимизни ҳам Қуръони Карим ва суннати Расулуллоҳ таълимотларига суянган ҳолда ҳал этиб боришимиз зарур. Шундагина Парвардигор ҳам бизлардан рози бўладилар. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларни ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ этиш ҳозирги кунда яна ҳам каттароқ, аҳамият касб этади.

Имом Термизийнинг тўпламидаги ҳадислар бу ҳусусида ўз хизмати ва нуфузини кўрсатиши мумкин. Зеро у мағрибдан то машриққа қадар ўтган уламолар томонидан эьтироф этилган машҳур олтита ҳадис тўпламларининг биридир. Ундаги ҳадислар ҳам саҳобалар давридан то бизнинг кунимизгача нақл этилиб келинаётган ҳадисларнинг энг ишончлисидир.

Собиров Махмуджон

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *