ИСЛОМДА СЕҲРГАР ВА ФОЛБИНГА МУНОСАБАТ

Аллоҳ таоло ўзи яратган барча мавжудот ва махлуқотнинг тақдирини, келажагини, ғайбий нарсаларни ёлғиз ўзи билади. Бу ҳақиқат Қуръони каримда кўп бора такрорланган. Буюк парвардигор ғайб сирларидан ҳеч кимни, фаришталар, жинлар ҳатто дўстларини (валийларни) ҳам хабардор этмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди”, деганлар.

Инсонлар ва жинларнинг ғайб илмини, сирларини билиш ҳақидаги даъволари ёлғондан бошқа нарса эмас! Шундай бўлгач, ҳозирги айрим мунажжим, коҳин, фолбин, башоратчиларни ғайбни билиш даъволари ёлғондан бошқа нарса эмас! Шу ўринда таъкидлаш керак, ислом шариати бундай номақбул, ҳаром ишлардан мусулмонларни қатъий қайтаради. Шунинг учун фолбин, коҳиннинг ғайбдан берган хабарини тасдиқлаш куфр даражаси билан баҳоланади. Хазрати пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб бундай деганлар: “Кимки бир фолбин ҳузурига бориб бирор нарса ҳақида сўраса кейин фолбин берган жавобга ишонмаса ҳам, боргани учун (кўнглида пайдо бўлган шак-гумон сабаб) ўша кишининг қирқ кун ўқиган намози қабул бўлмайди, дуоси ижобат бўлмайди, деганлар.

Минг афсуслар бўлсинки, хозирги пайтда бошига бирор ташвиш тушган ёки бирор нарсасини йўқотган айрим кишилар дарров фолбин ҳузурига бориб, фол очтириш, иссиқ-совуқ қилдиришга, унинг айтганларини бажаришга ўрганиб қолишган. Ҳозирги кунда кенг тарқалган китобга, қартага, сувга ва бошқа нарсаларга қараб фол очиш, сеҳр қилиш, шунингдек юлдузларга қараб фол очиш, шунингдек юлдузларга қараб келажакни билишни даъво қилиш кабиларнинг барча барчаси Қуръони каримда таъқиқланган ношаръий амаллардан саналган.

Мўмин киши дунё ва охиратда пушаймон бўладиган ишлардан сақланмоғи лозим. Демак, оилаларимиз тинч ва омон бўлиши, айниқса янги турмуш қурган ёш келин куёвлар ўзаро муҳаббат, иттифоқлик, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб яшашлари, муборак ва муқаддас оила қурғонининг янада мустаҳкам бўлиши учун ҳаётимизда озми-кўпми учраб турадиган ижтимоий зарарли иллатлардан ҳисобланувчи фолбинларга ишонмаслик ва уларга мурожаат қилмаслик бўлади. Жамият аъзоларининг ҳаётларига салбий таъсир кўрсатувчи бу иллатлардан сақланиш ва узоқда бўлиш барчанинг бурч ва вазифаси эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.

Паноҳ сўралувчи зот ҳам, суянишга лойиқ зот ҳам бандаларининг тақдиринию келажагини биладиган зот ҳам фақат Аллоҳ таолонинг ўзидир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзидан бошқага муҳтож қилмасин, ҳақ йўлидан, ҳидоят йўлидан адаштирмасин.

Саидниёзов Мирзажон

тайёрлади

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *