ХАЛҚҚА ХИЗМАТ-ИСЛОМИЙ ФАЗИЛАТ

Ҳаммамизга маълумки, Ислом дини инсонпарварлик, эзгулик динидир. Ҳар доим инсонларга манфаат етказиб, уларга ҳамиша яхшилик қилиб туришликка чорлайдиган гўзал бир диндир. Халққа, инсонларга яхшилик қилишлигимиз нафақат улар учун фойда, балки бизнинг икки дунёда саодатманд бўлишимизга сабаб бўлади.

Динимизда инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалардан ҳисобланади дейилган. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар”. Имом Тобароний ривоят қилган.

Динимиз мўмин-мусулмонларни бир тану бир жон бўлиб, ўзаро бир-бирига ёрдам бериб, манфаат келтириб яшашга тарғиб қилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

яъни: Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, унинг бирорта аъзоси оғриса, жасаднинг қолган (аъзолар)и унинг учун бедорлик ҳамда иситма ила безовта бўлишади”, дедилар.

Ягона бир жасада бирор аъзо хасталаниб кқлса, тананинг барча аъзолари у билан кўшилиб азоб чекади. Мисол учун,  кўзни олайлик кўзи оғриган одамнинг фақат кўзигина азоб чекмайди, балки бутун вужуди хасталик дардини чекади. Шунингдек, бош оғриса ҳам, тиш оғриса ҳам, хаттоки, бирор тирноқ оғриса ҳам шу.

Мусулмон жамияти ҳам худди бир тана каби. Унинг бирор аъзосига салгина озор етса ҳам қолган барча аъзолар у билан бирга дард чекиши лозим. Дунёнинг бир четида оддий бир мусулмонга етган мусибат дунёнинг иккинчи четидаги подшохлик қилаётган мусулмонга ҳам етган мусибат бўлиши лозим. Ва аксинча. Мусулмонлар орасидаги мехр-оқибат, ўзаро ҳамдардлик ана шу савияда бўлиши керак.

    «Набий соллаллоху алайхи васаллам: «Мўмин мўминга худди бинога ўхшаб бир-бирини мустаҳкамлайди», дедилар ва панжаларини бир-бирига киритдилар».

Ҳар бир бино мустаҳкам бўлиши учун унинг деворлари бир-бирига киришган ва бир-бирини суяб турадиган бўлиши керак. Агар деворларнинг ораси очиқ бўлса, улар бир-бирини суяб турмаса, бино ҳеч қачон мустаҳкам бўлмайди.

Мусулмонлар ҳам ушбу ҳадиси шарифдаги маънога биноан, бир-бирларини худди мустаҳкам бинонинг бир-бирига киришиб турадиган қувватли деворларига ўхшашлари керак. Бир бинонинг девор­лари бир-бирларини суяб тургани каби мусулмон­лар ҳам бир-бирларини суяб, қўллаб-қувватлаб турмоқлари лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:

яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унитмагин….”- дедилар. (Қасос сураси, 77-оят).

Аллох  таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим.

Мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охиратни излашга интилади. Яъни, молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ фисқу фужур ва бехуда ишларга сарф этмайди. Чунки, бехуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусул­мон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб, унутиб ҳам юбормайди.

Бу дунёда ҳам яхши яшаб, Аллоҳ  берган молу дунёдан ҳалол йўл билан, такаббурлик қилмай фойдаланади. Чунки, Аллоҳ таоло ҳалол-пок ризқларни бандалар фойда, хузур ва лаззат олишлари, сўнгра уларни берган Зотга шукр қилишлари учун яратган. Ана шунда тавозуъли, ширин ва бахтли-саодатли холга эришилади.

Ўзгаларга яхшилик улашишимиз, айниқса, ҳазрати инсоннинг икки дунё саодати ва манфаати йўлида хизмат қилиш, нафақат уларга, балки энг аввало ўзимизга фойдалидир. Чунки қайси бир инсон бошқа бир инсонга яхшилик қилиб, ёрдам қўлини чўзиб, унинг мушкилини енгил қилса, Аллоҳ таоло у бандага Ўзи ёрдамчи бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан қиёмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ёрдам қилса, Аллоҳ таола унга ёрдам қилади. …”, дедилар. (Имом Муслим ривоят қилган).

Бугунги кун Аллоҳ таола сиз биз бандаларнинг ўзининг мусибати билан синаб турибди. Лекин бу синовлар ота-боболаримиз бошидан ўтказган қатағон йиллардаги ва иккинчи жаҳон уруши каби мусибатлар олдида ҳеч гап эмас. Шунинг учун айни вақтда фуқароларимизни карантин билан боғлиқ холатни босиқлик билан қабул қилишга, турли асоссиз ваҳимали хабарларга ишонмаслик ва тарқатмасликлари лозим. Шунингдек, тадбиркорларимиздан фуқаролар учун зарур озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа воситаларни нархини оширмасликлари лозим.

Чунки инсон ўзга юртдан ўз юртидаги мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни жалб қилиши савобли ишлардан экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

яъни: “Жалб қилувчи – ризқи мўл, “эҳтикор қилувчи” – Аллоҳнинг раҳматидан узоқдир” (Имом Ибн Можа ва Имом Доримий ривояти).

Ҳадисдаги “Жалб қилувчи” киши – бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келувчи тадбиркор инсондир. Демак, бундай кишининг ризқи улуғ бўлади. “Эҳтикор қилувчи” киши эса – ўз юрти бозоридан энг керакли нарсаларни сотиб олиб, бироз муддат ушлаб туриб, сунъий равишда нархини орттирувчи монополиячи кишидир. Ундай киши эса ризқ берувчи Зотнинг раҳматидан узоқдадир. Чунки у аҳолини ноилож ҳолга қўйиб, ўзи ишлаб чиқармай ёки бошқа ҳудуддан маҳсулотлар олиб келмай фойда топишга уринган, оддий халқ ҳисобига бойлик орттиришга ўтган кимсадир.

Шунинг учун инсонпарвар, яхшиликка тарғиб қилувчи динимиз таълимотига амал қилган холда, доимо инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга харакат қилайлик. Халқимизга наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзимизга шараф деб билайлик.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *