Ёмон гумонлардан четда бўлинг

Маълумки динимизда инсонларга нисбатан ёмон гумонда бўлиш қораланади.
Бу ҳақда Аллоҳ таъоло Ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар» (12-оят).
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасидаги бу ояти карима орқали мўъминларни бир нечта салбий қалб касалликларидан чета бўлишга буюрмоқда. Булардан биринчиси ёмон гумон қилишдир.
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам:
«Кўп гумонлардан четда бўлинглар…» – дейиляпти.
Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», – деганлар.
Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бу ҳақида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», – деган эканлар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», – деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», – деган эканлар.
Ёмон гумон қилиш жамиятда улкан муаммоларни келтириб чиқаради. Бунинг ечими Қуръон ва Суннатда келган қоида бор, агар унга амал қилинадиган бўлса, руҳониятимиз хотиржамликка чўмади, яқинларимиз қалбида хурсандчилик пайдо бўлиб, одамлар ўртасида меҳр-муҳаббат жўш уради. Агар бу қоидага асосан мусулмон жамияти шакиллантирилса, ҳеч бир душман мусулмонларнинг орасини буза олмайди, чунки уларнинг орасида душманлик бўлмайди, унинг ўрнига мустаҳкам дўстлик ва бир-бирларига муҳаббат бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши гумон қилиш (Аллоҳга) чиройли ибодат қилиш сирасидандир”, деганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийга эътиборингизни қаратинг: “Мен бандам Мен ҳақимда қандай ўйласа ўшандайман. Энди у Мен ҳақимда қандай ўйласа ўйлайверсин”. Агар банда Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради деб ўйласа, У кечиради. Агар Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади деса, У қабул қилади. Агар Аллоҳ унинг дуоларини қабул этиб, мустажоб қилади деб ўйласа, шундай бўлади. Бунинг маъноси: “Мен у билан у Мен ҳақимда қандай ўйласа шундай муносабатда бўламан”.
Одамлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш гуноҳ саналса, Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумон қилиш куфрдир. Одамлар ҳақида яхши гумонда бўлиш (масалан, Аллоҳ таолонинг тоатида мендан кўра яхшироқ бўлсалар керак, деб гумон қилиш) ўз эгасини одамларнинг ёмон кўришидан ва ҳасадидан асрайди. Шунинг учун ҳам бу иш ибодат ҳисобланади. Аллоҳдан яхши гумонда бўлиш У Зот гуноҳкорни кечиради ва Ўзининг кенг раҳмати билан раҳм қилади, деган умид билан Парвардигорга ибодат қилаверишдир. Ҳадиси шарифга кўра, банда Аллоҳ таоло ҳақида қандай гумон қилса, Аллоҳ таоло унга ўша гумонга яраша ҳолат ато қилади.
Кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритиш “бадгумонлик” дейилади. Одатда бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шунинг учун мусулмонлар заруратсиз ёмон гумон қилишдан қайтарилганлар. Кўрган, эшитган одамидан бирор ёмонлик ахтариб, “ундай бўлса керак, бундай бўлса керак» дейиш бадгумонлик бўлади. Бу нарса энг олдин аввало мўминлар ичида адоват қўзғайди, душманлик ва ишончсизлик муҳитини яратади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гумон қилсанг, ҳақ деб билмагин», деганлар. Яъни, бир мусулмон ҳақида ёмон гумонда бўлсанг, уни кўзинг билан кўрмагунингча ҳақ деб топма.
Хулоса қиладиган бўлсак бир киши ўзининг мўъмин биродари ҳақида зинхор ёмон гумонда бўлмаслиги керак экан. Бу гаплар айниқса бугунги кунда интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали аҳли илм уламоларга ,имом хатиблар ва ўз юртининг олимларига ёмон гумон билан тош отаётган баъзи кишиларга ҳам тегишлидир.
Аллоҳ таъоло ўз каломида «Кўп гумонлардан четда бўлинглар…» – деган бўлса нима учун биз ўз мўмин биродаримиз яна бизнинг диний рахбаримиз бўлган олимлардан ёмон гумонда бўлибгина қолмай ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг обросини тўкиб ғийбату бўхтон қилишимиз Аллоҳнинг буйруғига зид иш эмасми.
Биз мўъмин биродаримиздан айб излаб юрсак бу билан яна учинчи гуноҳга ҳам қўл урган бўламиз. Биринчиси ёмон гумон, иккинчиси ғийбат, учунчиси жосуслик қилиш. Ваҳолангки бизни Роббимиз буларнинг барчасидан қайтармаганмиди?
Азиз мўъмин биродарлар! Ҳозирги синовли кунларда Аллоҳ тоъолонинг “Албатта мўминлар ака-укадирлар!” («Ҳужурот» сураси, 10-оят) деган манашу ояти каримасини эсга олайлик, унга амал қилайлик, бир-биримизга елкадош бўлайлик, шоядки Роббимиз бизни гуноҳларимизни кечириб, бизни икки дунёда саодатманд қилса.

Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *