ДИНИЙ МУТААССИБЛИК КУЧЛАР ДАЪВОСИ

Диний мутаассибликнинг минтақамизда намоён бўлиши таҳлил қилинганда, унинг ўтган XX асрнинг 80-йилларида бир қанча омиллар сабабли янада очиқроқ намоён бўлганлиги кузатилади. Жумладан, Фарғона водийсида, айниқса Наманган ва Андижонда яширинча очилган ҳужралар сони тез суратларда кўпая бошлади. Чет элдаги айрим исломий ташкилотлар билан алоқа боғлаш натижасида водийда Марказий Осиё учун анъанавий ҳанафий мазҳабига қараганда радикал кўринишга эга бўлган “салафий”, яъни, вахобийликнинг таъсири кучайди.

Баъзи тадқиқотчилар, шу жумладан, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда диний ақидапарастликнинг намоён бўлиши ҳақида изланишлар олиб борган О.Абдуллажонов ўзининг “Диний ақидапарастликнинг келиб чиқиши, моҳияти ва Ўзбекистонга кириб келиши” номли рисоласида уни анча олдинроқ, аниқроғи хонликлар даврида деб кўрсатиб ўтади. Жумладан, у XIX асрнинг бошлари ва ўрталарига келиб дастлабки “салафий”лик оқими ғоялари Марказий Осиё ҳудудига тарқала бошлаганлигига урғу берган. Ўша даврларда Марказий Осиё ҳудудидаги мавжуд хонликларнинг барчаси “салафий”лик таълимоти кенг тарқалган Ҳиндистон ва Афғонистон давлатлари билан турли кўринишда алоқалар қилишарди. Хусусан, ушбу давлатлараро йўлга қўйилган алоқалардан энг “самара”лиси бу — савдо алоқалари бўлиб, унда нафақат товар айирбошлаш, балки фикрий ғоялар ҳам аралашган эди. Агар, Ҳиндистонда асосий динлар ҳиндуизм ва ислом бўлса, мусулмон аҳоли ўртасида “салафий”ликнинг “валиулло”лари бор эди. Ўз навбатида Марказий Осиёдан борган савдогарларга ҳам ўшаларнинг таъсири бўлган.Лекин нима бўлганда ҳам XIX аср бошлари ва ундан кейинги даврларда мазкур таълимот ғоялари жамият аъзолари, хусусан омма мусулмонлар томонидан рад этилган. Ҳозирда тарихчи ва исломшунос тадқиқотчилар томонидан диний ақидапарастликнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга кириб келишини XX асрнинг 70-80 йиллари деган фикр ҳам илгари сурилмоқда.

Бироқ, ўтган асрнинг 80-йилларига келиб, минтақамизда нафақат “салафий”ликнинг янги услуб ва фаолиятда намоён бўлиши, балки “ҳизбут-таҳрир”, “таблиғ” каби ашаддий экстремистик уюшмаларнинг ҳам фаолияти кучайиши кузатилади. Юртимизда ашаддий экстремистик ташкилот бўлмиш “ҳизбут-таҳрир”нинг фаолияти ўтган асрнинг 80-йилларнинг охири 90-йилларнинг бошларидан кўзга ташланади. Унинг олий органи бўлмиш “қиёдат” томонидан собиқ “иттифоқ”нинг парчаланиш даврида таҳсил олиш ниқоби остида турли олий ўқув юртларига бир гуруҳ талабалар “мақсадли” юборилган. Дастлаб, Россия давлатининг турли олийгоҳларида таълим олаётган “ҳизбий эмиссар”лар аста-секинлик билан Марказий Осиё минтақасига, хусусан Тошкент шаҳрига келиб ўрнаша бошлаган.  Бундай мақсад, яъни сохта инқилобни экспорт қилиш ғояси ўтган асрнинг 30-йилларида Ҳасан ал-Банно томонидан баён этилганди. Натижада Марказий Осиё давлатларида хориждан келаётган молиявий ёрдам ҳисобига жангари сифатида фойдаланиланиладиган шахсларни танлаш ва тайёрлаш билан шуғулланадиган тизимни яратган гуруҳлар пайдо бўлди. Унинг яратиш чоғида чет эллик йўриқчилар раҳбарлиги ва маҳаллий бузғунчи кучлар иштирокида минтақада беқарорлик келтириб чиқариш ва ўзларининг олдиндан режалаштирилган мақсадлари сари йўналтирилган эди. Шубҳасиз, юртимиздаги фаолияти кузатилган диний мутаассиб оқимларнинг халқаро экстремистик ва террорчи ташкилотлар билан узвий занжир ҳосил килганлиги эътиборидан, унинг ички ва ташқи таҳдидлари фақатгина шахс, жамият ва давлатимизга хос бўлмай, балки минтақавий ва глобал таҳдид манбаи сифатида қаралиши ўринлидир.

Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган Ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларни шаклланишига хизмат қилган. Шу сабабли инсоният цивилизациясига тамал тошини қўйган дин Ислом дини ҳисобланади. У туфайли турли-туман ва бепоён мусулмон оламида маънавий-маданий ҳаётга асос солинди. Тарихда инсон ҳуқуқлари кафолатланган илк жамият, бу – мусулмонлар жамияти, деб эътироф этилади. Бу тарихий ҳақиқатдир. Европа давлатларининг  инсон ҳуқуқлари ҳамда “уйғониш даври”нинг асослари ислом дини аҳкомларининг ўзлаштирилиши сабабли эришилгани ҳам Европанинг нуфузли алломалари томонидан эътироф этилган. Агар биз бугун дину диёнатимизни уни бузиб талқин этаётган кимсалардан ҳимоя қилмасак – шундай хатарни яқин тарихимизда ва бугуннинг ўзида ҳам бошимиздан кечирмоқдамиз – одамлар, айниқса, ҳаёт тажрибаси, онгу тафаккури ҳали етарли бўлмаган ёшлар эртага ана шу кучларнинг машъум таъсирига тушиб қолиши мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча соҳада ҳам меъёрни унутмаслик лозим. Ҳадни билмасак, мутаассибларча иш тутсак, тўғри йўлдан озган бўламиз. Кейинги пайтларда ҳар хил мутассиб фирқа ва оқимлар пайдо бўлиб жамиятда, айниқса ёшларимиз онгини бузишга уринишлари кўзга ташланмоқда. Бундай бузғунчи оқим ва фирқаларни асл мақсади ва улар бошлаган йўлнинг нечоғлик хатарли эканини халқ орасида тушунтириш ишларини олиб боришимиз зарур.   Айни пайтда юртимизда бундай бузғунчи оқимлар ва фирқалар ҳақида батафсил маълумот берувчи кўпгина фойдали асарлар яратилди. Жумладан, А.Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, А.Закурлаевнинг “Ғоялар кураши”, “Ўзбекистон ривожига таҳдид солаётган ғайри қонуний диний оқим ва террорчилик ташкилотлари”, А.Муҳиддиновнинг “Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби” каби бир қанча адабиётларда диний мутаассиб оқимлар ва фирқаларни асл башараси очиб берилган.

Машарипов Муминжон

Урганч тумани Ших Шароф бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.