ДУНЁ ҲАЁТИГА ТОМОШАБИН БЎЛИШНИНГ ҲАТАРИ

Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг мақсади кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш концепсиясидир. Бунда фуқаролардан давлат ва жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишлари талаб этилади. Бунинг учун халқни бир мақсад йўлида, эзгуликлар сари сафарбар этиш, инсонлардаги лоқайдлик ва бепарволикка барҳам бериш лозим бўлади. Лоқайдлик бу – бурч ва масъулиятни ҳис қилмаслик, атрофдагиларнинг, ўзининг тақдири ва келажагига даҳлдор воқеликларга эътиборсизликдир. Барча даврларда зиёлилар бундай иллатга қарши курашганлар, халқни огоҳлантириб келганлар.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг, бундай иллатга қарши кураш алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Президентимиз ҳам доимо фуқароларимизни огоҳликка ва эътиборли бўлишга чақиради. Аллоҳ ато этадиган бу буюк неъматни асрай олиш инсоннинг ўз ҳатти-ҳаракатларига боғлиқдир. Аллоҳ таоло инсон зотига ақлу идрок ато этиш билан уни яратган барча мавжудотларидан афзал қилди. Шу боис одамзот ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, ўз ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда амалга оширади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонларга ўз жинсларидан бўлган, ўзларининг орасида яшайдиган кишилардан пайғамбарлар юборди ва барча илоҳий кўрсатмаларини уларнинг онгларига мос қилиб нозил қилди. Ушбу илоҳий кўрсатмалар орқали Аллоҳ таоло бандаларига фойдали бўлган нарсаларни баён қилиш билан бир қаторда, уларни дунё ва охиратлари учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳ қилиб келган. Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштириш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни турли ғоявий ва ахборот хуружларидан сақлаш, ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларидаги қуролли можаролар, ибодат уйларидаги қўпорувчилик ишлари бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди. Мамлакатимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида камол топтириш, уларни маънавиятимизга ёт зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аллоҳ таоло энг сўнги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Ислом динининг асосий манбаи бўлмиш Қуръони карим ва суннатларда ҳам биз мўмин-мусулмонларни дунё ва охиратимиз учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳлантирган. Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй, инсонлар! Мен сизлар учун аниқ огоҳлантирувчидирман, холос, — деб айтинг», (Ҳаж сураси, 49-оят) — дейилган оятда у Зотни «Назийр», яъни «қўрқитувчи», «огоҳлантирувчи» номи билан аталишлари ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният жаҳолат ботқоғига ғарқ бўлиб, инсонийлик қиёфасини йўқотиб бораётган бир даврда пайғамбар бўлиб келдилар ва одамларни олдиларида турган хатардан, яъни дунёдаги турли бало ва офат ҳамда охиратдаги оташи дўзахданогоҳлантирдилар. Юсуф Хос Ҳожибнинг қуйидаги мисралари ҳам кишини хушёр бўлишга чорлайди: “Ҳар бир ишда ҳам ғофиллик қилма, ҳушёр бўл, ғофилларнинг ишлари ҳеч қачон кўнгилдагидек бўлмайди”. Баҳоуддин Нақшбанд эса адашаётган кишиларга тўғри йўлни кўрсатишга чорлайди:
Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,
Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.
Ҳозирги кунда халқимиз орасида ҳам лоқайдлик ва бепарволик иллатлари учрайди. Аммо ҳеч ким ўз шахсий манфаатлари учун лоқайд эмас. Хулоса шуки, янги даврда янги жамият қураётган эканмиз, нотўғри ақида ва ғоялардан, зарарли иллатлардан воз кечишимиз биз учун сув ва ҳаводек зарур. Абдулла Авлоний айтганидек, “Маърифат соҳиби бўлмак учун аҳволи оламдан хабардор бўлмак керак”.
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига теран назар билан боқади, келиши мумкин бўлган хавфу хатарни келмасидан олдин бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил ва бепарво бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор қаратмай, охир оқибат турли хил бало ва офатларга дучор бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз, ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборадики, ундан кейин қанча дуо қилсангизда дуоингиз қабул бўлмайди» (Имом Термизий ривояти), – деб одамларни амри маъруф ва наҳий мункар қилмасликнинг оқибати қанчалик ёмон бўлишлигидан огоҳлантирганлар. Демак, халқ орасида яхшиликларни ёйиш, ёмонликларнинг олдини олишга ғайрат қилиш лозим бўлади. Аксинча, ҳеч кимнинг биров билан иши бўлмаса, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлса, халқнинг фаровонлиги, тинчликнинг барқарорлиги учун ўз ҳиссасини қўшмаса, бундай ҳолда Аллоҳ таоло ҳам бандаларидан юз ўгиради, уларнинг талабларига жавоб бермайди.
Аслида огоҳ бўлиш лозим бўлган соҳалар жуда кўп. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг!», — деган ҳадисларида «Соғликни бемор бўлишдан олдин, ёшликни кексаликдан олдин, бойликни фақирликдан олдин, хотиржамликни машғул бўлиб қолишдан олдин ва ҳаётни ўлимдан олдин» ғанимат билиб, уларни бепарволик билан қўлдан бой бериб қўймаслик учун огоҳ бўлиб яшашликка чақирганлар. Биз мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлсак, Унинг чақириғига итоат этиб, юртимиз ва хонадонимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги ҳамда охиратимизнинг обод бўлишига панд берадиган унсурлардан огоҳ бўлмоғимиз, уларни бартараф этиш учун саъй ҳаракат қилмоғимиз лозим. Шундай экан, ҳозирги кунимизда улуғ неъматимиз бўлмиш тинчлик ва хотиржамлигимизга бепарво бўлмай, унинг қадрига етайлик, уни асраб авайлайлик, ундан икки дунёмиз учун манфаатли бўлган ишларни амалга ошириб фойдаланайлик!

Б.Хаджаев
Хива шахар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *