ТИНЧЛИК ВА ТЎКИНЛИК ХОТИРЖАМЛИК ОМИЛИ

Маълумки, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши осойишта ҳаёт билан  чамбарчас боғлиқ бўлган. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суриб, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш бўлади. Бир сўз билан айтганда, тараққиётнинг асосий омили бу осойишталикдир.
Дарҳақиқат,  Аллоҳ таолонинг бизларга берган неъматлари беқиёс. Шундай улуғ неъматлардан бири  бўлмиш тинчлик ҳақида мулоҳаза қилсак, шоядки, унинг нақадар улуғ неъматлиги янада намоён бўлиб, бу ҳолатга шукримиз зиёда бўлса. Чунки аксар инсон табиати неъматлар ичида яшаб туриб, унинг қадрига етмасликка мойил бўлади. Зеро бу хусусда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деб марҳамат қилганлар: “Инсонларнинг кўпчилиги бепарволик ила уларнинг қадрига етмайдиган икки неъмат бор, улар: соғлик ва хотиржамликдир”. Демак, тинчлик бор жойда кундалик юмушларимиз ва режалаштирган ишларимизни босқичма-босқич амалга ошириш пайида бўламиз. Буларнинг барчаси учун эса кўпинча бепарво бўладиганимиз тинчликка эътибор бермоқ керак. Тинчлик бор жойда барака ва тўкинлик бўлади. Тинчликнинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Иброҳим (а.с.)нинг Макка ҳақига қилган дуоларида бунинг тасдиғини кўрамиз.  У оятда Маккага тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари зикр қилинган. Бу ҳақда шундай дейилади: “Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара;126) Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш “шу жойда тинчлик бардавом бўлсин” дейишни ифодалайди. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга, оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади. Ватан тинч бўлса, яшаш учун энг қулай маскан ҳисобланади.  Демак, ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъий назар, қайси касб, қандай мартаба, қанча обрўли бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтождир. Чунки хавфсираган кишининг кечаси хотиржам ўтмайди, тонгини хотиржам кута олмайди ва хотиржам яшай олмайди. Доим қалби қалқиб, безовта бўлади. Ўз моли, жони, оиласи ва касбидан хавфсираб юради. Тинчлик бўлса, инсонларнинг ҳаёти фаровон бўлади ва улар Аллоҳ таолога  хотиржамликда ибодат қиладилар. Бу неъмат давомли бўлиши учун эса, унинг сабаблари, уни тутиб турувчи омиллари яъни ўзаро ишонч, меҳр-мурувват, шукроналик, адолатли бўлиш,  зулм ва хиёнат қилмаслик каби фазилатли хислатларга ҳам эътиборли бўлиш лозим. Ўзбекистонимиз тарихан қисқа даврда, қандай оғир ва машаққатли синовларни бошидан ўтказмасин, унинг босиб ўтган йўли, ўсиш суръатлари, қўлга киритган ютуқ ва марралари жаҳон миқёсида тан олиниб кўпчиликнинг ҳавасини келтирмоқда. Халқаро майдонда Ўзбекистонимизнинг обрў-эътибори ошиб бораётганининг ҳал қилувчи мезони ва омили аввало, тинчликсевар ва меҳнатсевар халқимизнинг борлигидир. Шаҳару Қишлоқларда қурилаётган намунавий уй-жойлар халқимиз ҳаёт сифатини янада юксалтирмоқда. Бу ҳаракат самарасида шаҳару қишлоқларимизга тараққиёт кириб бормоқда, замонавий ахборот технологиялари одамлар турмуш тарзидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Албатта бундай кунларга етишлигимизнинг асосий омили тинчлик ва тўкинликдир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрига етиши, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш ҳамда тинчлик-осойишталик ҳукм сурган юртимиздаги фаровонлик, тўкин-сочинлик ўзи ва ҳалқи учун нечоғли муҳим эканлиги ўйлаб шукр қилиб яшамоқлиги лозимдир.

 Урганч туман “ Ҳазрати Шаҳобиддин бобо” масжиди имом ноиби
М.Каримов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *