ЙЎЛ ВА УЛОВ ОДОБИ

Аллоҳ таоло бандаларига берилган неъматларидан бирини Ўзининг китобида зикр қилиб дейди: “Ерда уларни тебратмаслиги учун тоғлар қилдик ва шоядки, тўғри йўл топсалар, деб унда даралар, йўллар қилдик[1]

Бу оятда Аллоҳ таоло улкан неъматларидан бири яшаб турган еримиз мувозанатини сақлаб туришлик учун тоғларни яратганлиги ва инсонлар, яъни бизлар манзилимизга тўғри етиб боришлигимиз учун улуғ неъматлардан яна бири, бизларни ер юзида йўллар қилиш фикрини берганлиги ва бу йўллар орқали инсонлар қийналмасдан ўз манзилларига етиб боришлигидир. Дарҳақиқат, бир тасаввур қилайлик, агар бизларга Аллоҳ таоло йўл қилиш фикри билан илҳомлантирмаганида барчамиз ер юзида сарсону саргардон бўлиб тентираб юрардик. Шунинг учун динимиз Исломда йўл одобларига алоҳида эътибор қаратган.

Абу Барза ал Асламий р.а. келиб Расулуллоҳ с.а.в.дан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, мени жаннатга киритадиган амалга буюринг”. Шунда жаноби Пайғамбаримиз с.а.в.: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла. Менга умматимнинг амаллари намойиш қилинди. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам. Умматимнинг энг яхши ишларидан бири йўлда ётган озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш эканини билдим. Умматимнинг энг ёмон ишларидан бири масжидда кўмилмай қолган балғам эканини ҳам кўрдим”, деб айтдилар.

Азизлар, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг сўзларига эътибор берайлик, жаннатий инсоннинг белгиси одамлар юрадиган йўлдан озор берувчи нарсаларни, кишини кўнглини хира қилувчи ашёларни олиб ташлаш эканлиги. Ислом умматининг энг афзал амали йўлда ётган озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш бўлса, энг охирги пиллапояси бу йўлдан азият берадиган нарсани олиб ташлаш эканлигини билиб олдик.

Буни акси бўлса нима бўлади? Тескариси биз мусулмон бўла туриб йўлни кавлаб шу ҳолича ташлаб қўйсак нима бўлади, қўлимиз учраган ҳар бир нарсаларни ташласак, ўзимиз, инсонлар юрадиган йўлларида халақит берадиган даражада иншоотлар қурсак нима бўлади?!

Албатта, Аллоҳ таоло берган улуғ неъматларидан бири бўлмиш йўл неъматининг шукрини уни ифлослантирмаслик ва ундаги азият берадиган нарсаларни олиб ташлашлигимиз билан адо қилган бўламиз. “Бир куни Пайғамбаримиз с.а.в. саҳобаларга: “Йўл бўйиларида ўтиришдан сақланинглар!” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, (гоғида) бизнинг гаплашиб ўтиришимиз зарур бўлиб қолади” деганларида, Пайғамбаримиз с.а.в.: “Агар ўтирсангиз, йўлнинг ҳаққини беринглар” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, йўлнинг ҳаққи нима?” деб сўрашди. Сарвари коинот с.а.в.: “, озор бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, йўлдан адашганга тўғри йўл кўрсатиш,” деб марҳамат қилдилар”.

Демак, киши кўча бўйида ўтириб ўтган кетганни томоша қилиб туришлиги одобдан эмас. Агар кўча бўйида туриб қолиш зарурат бўлса, унда йўлнинг ҳаққини адо қилиб туриши лозим.

1Кўзни тийиш. Расулуллоҳ с.а.в.дан номаҳрамларга кўз тўсатдан тушиб қолиши ҳақида сўралганда: “Кўзингни тезлик билан бошқа тарафга қаратгин”, дедилар.

2.Саломга алик олиш. Ҳасан Басрий дейдилар: “Салом бериш суннат, алик олиш вожибдир”.

3.Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш. “Ё Расулаллоҳ, менга яхши амални кўрсатинг” деди Абу Барза. “Йўлдаги халақит берувчи нарсаларни олиб ташласанг сен учун садақадир”.

4.Йўл кўрсатиш. Яъни, йўл йўқотган кишига тўғри йўл кўрсатиш. Бу ҳам инсоний бурчлардан саналади.

Йўлда кишиларга озор етказадиган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлардан четда бўлиш керак. Бунда барча моддий ва маънавий озорлар назарда тутилади. Моддий озор деганда, йўлни ифлос қилиш, унга ахлат ташлаш, одамларга халал берадиган тўсиқларни қўйиш, кишиларга моддий ва жисмоний зиён етказиш кабиларни келтириш мумкин. Одамларга тил билан азият етказиш, уларга ташвиш келтириш, тупик ва шунга ўхшаш нарсаларни қолдириш билан кишиларнинг табиатини хира қилиш каби ишлар маънавий озорларга мисол бўлади. Исломда озор етказишнинг ҳар қандай тури ҳаром қилинган. Имом Табароний Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларга йўлларида озор берса, унга уларнинг лаънати вожиб бўлур», деганлар. Бир куни Пайғамбаримиз с.а.в. бизларга марҳамат қиладилар: “Сизлар биродарларингизни зиёратига меҳмондорчиликка бориб турасизлар, шунинг учун уловларингизни ва кийимларингизни чиройли қилинг, тоинки инсонлар орасида намуна бўлинг. Чунки албатта, Аллоҳ таоло фаҳшни ҳам, уятсизлик, бузуқликни ҳам яхши кўрмайди”.

Ҳозирда кўпчилигимизда автомашиналар бор. Булар ҳам Аллоҳнинг берган бир неъматидир. Расулуллоҳ с.а.в. айтганларидек уловларимизни эҳтиёжимизга яраша, хайрли ниятда чиройлисини оламиз. Манманлик, мақтаниш ва одамларга кўз-кўз қилиш ниятида эмас. Чунки бу ниятда олинган улов бебарака ва шайтон йўлида хизматкор маркабга айланади. Чунки ҳадисда: “Исроф қилмайдиган даражада жиҳозланинг. Албатта, Аллоҳ таоло бандаси устида берган неъмати асарини кўришни севади”, дейилган.

Пиёда бўлсин, уловда бўлсин, ҳар бир мусулмон ўзи яшаб турган жамиятдаги кўпчилик томонидан қабул қилинган йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши лозим. Чунки улар инсон ҳаётининг, саломатлигининг хавфсизлиги учун жорий этилган. Ислом шариати ўз аҳкомларида кўзлаган мақсадлардан бири ҳам айнан ушбу хавфсизликдир. Киши мазкур қоидаларга амал қилмаслик билан бошқаларнинг молу жонига, ҳақ­-ҳуқуқига тажовуз қилишдан ташқари, ўз жонини хатарга қўяди. Қуръони Каримда инсонларни ўз жонларини таҳликага солишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг». («Бақара», 195).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ», деганлар. Йўлнинг ҳақларини адо этиш аввало адо этувчининг ўзига, қолаверса, барчага, ҳатто йўлга ҳам айни фойдадир. Уларга ихлос билан, диний бурчим, деб риоя қилган киши бу дунёдаги манфаатлардан ташқари, Аллоҳ таолонинг розилигига ва охиратдаги улуғ ажрларга ҳам мушарраф бўлади.

Ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчиси ушбу ҳақларни диққат марказида тутмоғи даркор. Шу билан бирга, йўл ҳаркатига доир одоб ва аҳкомларга ҳам амал қилиши лозим. Киши пиёда бўлсин, ё бирор уловда бўлсин, ҳамроҳ билан гўё қўшни каби бўлади. Бинобарин, ҳамроҳига яхши муомалада бўлиши, унга озор беришдан ўзини сақлаши лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳамроҳларнинг энг яхшиси ўз ҳамроҳига яхши бўлганидир, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси ўз қўшнисига яхши бўлганидир», дедилар.

Ҳайдовчи қуйидаги асос тушунчаларни доимо ёдда тутиши лозим:

‒ Аллоҳ инсонни мукаррам қилиб қўйган, Аллоҳ мукаррам қилган зотни икром қилиш мусулмоннинг вазифасидир.

‒ Ҳайдовчи ўзининг ва ўзгаларнинг жонини муҳофаза қилишга масъул.

‒ Ҳайдовчи ўзининг ва ўзгаларнинг молини муҳофаза қилишга масъул.

‒ Мусулмон ҳайдовчи ўзининг динини муҳофаза қилишга, унинг обрў­эътиборини ҳимоя қилишга масъул.

‒ Ислом гўзал ахлоқ ва одобларни тугал этиш учун юборилган.

‒ Ислом озорнинг ҳар қандай кўринишини ҳаром қилган.

‒ Ислом мусулмон кишидан ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини адо этишни талаб қилади.

‒ Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ожизлик аломати эмас, балки тартиб­интизомли бўлиш, Ислом ахлоқи билан зийнатланишдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом таълимотлари инсонлар учун фақат яхшилик, бахту саодат манбаидир. Хусусан, йўл ҳаракати асносида унинг кўрсатмалирга амал қилиш барча инсонлар учун омонлик ва меҳр­оқибат гаровидир. Унинг ушбу таълимотларининг бирига амал қилишнинг ўзи улкан яхшиликларга сабаб бўлади.

Маҳмуджон Собиров

Урганч тумани Ғойиб ота масжиди имом-хатиби

[1]Анбиё 31

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *