ҲУШЁРЛИК БОР ЖОЙДА ХОТИРЖАМЛИК БАРҚАРОР

Аллоҳ ато этадиган бу буюк неъматни асрай олиш инсоннинг ўз ҳатти-ҳаракатларига боғлиқдир. Аллоҳ таоло инсон зотига ақлу идрок ато этиш билан уни яратган барча мавжудотларидан афзал қилди. Шу боис одамзот ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, ўз ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда амалга оширади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонларга ўз жинсларидан бўлган, ўзларининг орасида яшайдиган кишилардан пайғамбарлар юборди ва барча илоҳий кўрсатмаларини уларнинг онгларига мос қилиб нозил қилди. Ушбу илоҳий кўрсатмалар орқали Аллоҳ таоло бандаларига фойдали бўлган нарсаларни баён қилиш билан бир қаторда, уларни дунё ва охиратлари учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳ қилиб келган.
Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштириш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни турли ғоявий ва ахборот хуружларидан сақлаш, ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларидаги қуролли можаролар, ибодат уйларидаги қўпорувчилик ишлари бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди.
Мамлакатимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида камол топтириш, уларни маънавиятимизга ёт зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аллоҳ таоло энг сўнги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Ислом динининг асосий манбаи бўлмиш Қуръони карим ва суннатларда ҳам биз мўмин-мусулмонларни дунё ва охиратимиз учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳлантирган. Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй, инсонлар! Мен сизлар учун аниқ огоҳлантирувчидирман, холос, — деб айтинг», (Ҳаж сураси, 49-оят) — дейилган оятда у Зотни «Назийр», яъни «қўрқитувчи», «огоҳлантирувчи» номи билан аталишлари ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният жаҳолат ботқоғига ғарқ бўлиб, инсонийлик қиёфасини йўқотиб бораётган бир даврда пайғамбар бўлиб келдилар ва одамларни олдиларида турган хатардан, яъни дунёдаги турли бало ва офат ҳамда охиратдаги оташи дўзахдан огоҳлантирдилар.
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига теран назар билан боқади, келиши мумкин бўлган хавфу хатарни келмасидан олдин бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил ва бепарво бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор қаратмай, охир оқибат турли хил бало ва офатларга дучор бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз, ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборадики, ундан кейин қанча дуо қилсангизда дуоингиз қабул бўлмайди» (Имом Термизий ривояти), – деб одамларни амри маъруф ва наҳий мункар қилмасликнинг оқибати қанчалик ёмон бўлишлигидан огоҳлантирганлар.
Демак, халқ орасида яхшиликларни ёйиш, ёмонликларнинг олдини олишга ғайрат қилиш лозим бўлади. Аксинча, ҳеч кимнинг биров билан иши бўлмаса, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлса, халқнинг фаровонлиги, тинчликнинг барқарорлиги учун ўз ҳиссасини қўшмаса, бундай ҳолда Аллоҳ таоло ҳам бандаларидан юз ўгиради, уларнинг талабларига жавоб бермайди.
Аслида огоҳ бўлиш лозим бўлган соҳалар жуда кўп. Масалан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг!», — деган ҳадисларида «Соғликни бемор бўлишдан олдин, ёшликни кексаликдан олдин, бойликни фақирликдан олдин, хотиржамликни машғул бўлиб қолишдан олдин ва ҳаётни ўлимдан олдин» ғанимат билиб, уларни бепарволик билан қўлдан бой бериб қўймаслик учун огоҳ бўлиб яшашликка чақирганлар.
Биз мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлсак, Унинг чақириғига итоат этиб, юртимиз ва хонадонимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги ҳамда охиратимизнинг обод бўлишига панд берадиган унсурлардан огоҳ бўлмоғимиз, уларни бартараф этиш учун саъй ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Шундай экан, ҳозирги кунимизда улуғ неъматимиз бўлмиш тинчлик ва хотиржамлигимизга бепарво бўлмай, унинг қадрига етайлик, уни асраб авайлайлик, ундан икки дунёмиз учун манфаатли бўлган ишларни амалга ошириб фойдаланайлик!

А. Жуманиёзов

Урганч шаҳар “Охун бобо”

масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *