МИССИОНЕРЛИКНИНГ ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИГА ТАҲДИДИ.

Миссионерлик – лотин тилидаги “missio” сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифа бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик ҳозирги замонга келиб сертармоқ соҳага айланди. Бир қарашда миссионерларнинг дастурлари инсоният равнақи, дунёда тинчлик ўрнатиш, мухтожу бечораларга кўмак кўрсатишга қаратилгандай туюлади. Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрилиб назар ташланса, ғаразли мақсадлар кўзланаётганлиги аён бўлади. Аввал улар ўзларини сахий ва ватанпарвар қилиб кўрсатиб, кейинчалик асл қиёфаларини ошкор қилишади. Баъзи ҳолларда “шунча яхшиликлар эвазига“ христианликни қабул қилиш талаб ҳам қилинади.

Бугунги кунда миссионерликдан ғаразли геосиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳам кенг тус олган. ХХ аср йирик давлатлар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш учун олиб борилган кураш даври бўлди дейиш мумкин. Осиё ва Африка мамлакатлари эса асосий кураш майдонига айланди.

Миссионерликнинг асосий мақсади христианликни тарғиб қилиш йўли билан жамиятда хайриҳоҳ бўлган гурухларни шакллантириш ва тарафдорлар сонини кўпайтириш орқали муайян мамлакат ва ҳудуд устидан назорат ўрнатишдир. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И. Каримов таъкидлаганларидек, “…қудратли давлатлар ва муайян сиёсий марказлар ўз мақсадларига эришиш учун аввало забт этмоқчи бўлган мамлакатлар ахолиси онгини ўзига қарам қилишга интилади”.

Миссионерлик фаолиятининг хавфли томонларидан бири шундаки, баъзи жамоаларда, масалан, иеговочилар ва баҳоийларда аъзолар харбий хизматга боришлари, умуман қўлларига қурол олишлари тақиқланади. Бундай ғоявий тарғибот Ватандан бегоналашишга, унинг тақдирига нисбатан бефарқлик ва лоқайдлик кайфиятининг шаклланишига йўл очади. Ноанъанавий диний конфессияларнинг бундай ғоялари билан тарбияланган фуқароларнинг кўпайиши миллий хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид туғдиради. Баҳоийлар умуман “Ватан” тушунчасини ҳам инкор қиладилар. Ер юзининг баҳоийлар тарқалган ҳар қандай жойи улар учун Ватан ҳисобланади. Афсуски инсоният тарихида диний онгнинг ажралмас қисми бўлган одамлардаги эътиқоддан фақат бунёдкор куч сифатида эмас, балки вайрон қилувчи куч, ҳатто фанатизм сифатида фойдаланганлигини кўрсатувчи мисоллар жуда кўп. Улар ўз динининг ҳақиқийлигига ўта қаттиқ ишониш, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлишдан иборатдир. Айнан фанатизмга йўлиққан одамлар ва ёки уларнинг гурухлари жамиятда беқарорлик тўлқинини келтириб чиқаришга қодир бўладилар.

Биз халқимизнинг, айниқса ёшларимизнинг миссионерларнинг ғаразли тузоғига илиниб қолишларининг олдини олиш учун бор куч ва билимимизни сарфлашимиз лозим.

Ш. Қучқаров.

Олти Аълам бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *