БАРКАМОЛ АВЛОД ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ПОЙДЕВОРИ

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда ёшларимизни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратила бошлади. Амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, шунингдек ёшлар тарбияси ва уларнинг ақлий ва илмий салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар давлат сиёсатининг асосий ва устивор йўналиши қилиб белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таъкидлаганларидек, “Олдимизда турган энг улуғ мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир”. Фарзанд тарбияси масаласида аждодларимиздан бебаҳо ўгитлар ва анъаналар бизга мерос қолган. Бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ўзининг “Донишнома” асарида фарзанд тарбияси учун, аввало, ота-она масъуллигини таъкидлаб, бу борада асосий масъулият ва жавобгарлик ҳам ота она зиммасида бўлишини эслатадилар. Ҳақиқатан ҳам фарзанд тарбияси ҳаётий зарур масаладир. Ҳар бир оиладаги тарбия фарзанднинг гўдаклик давридан бошланади, фарзанд эса ҳаётининг кўп қисмини ота-онасининг бағрида ўтказади.

Барчамизга маълумки, теварак атрофимизда авж олаётган баъзи муаммолар ҳам борки, у сиз-у биздан ўта ҳушёр ва огоҳ бўлишни талаб этади. Ўсиб келаётган ёш авлодларимиз ўз ҳаётларини бахтли, саодатли ва энг асосийси ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган ҳолда кечиришлари кўп жиҳатдан ота-онага боғлиқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг Ҳадиси шарифларида айтилганидек: Ота-оналарнинг фарзандларига қолдирадиган энг катта мероси уларга берадиган таълим-тарбияси, гўзал одоби ва ахлоқидир. Ота-она ўз фарзандини дунё ва охират ёмонликларидан огоҳ қилиши, ҳалол ва пок яшашни таълим бериши, ҳаётда ўз эҳтиёж ва заруратларини ўз меҳнати орқасидан таъминлашни тушунтириши лозим. Қачонки инсон мана шу натижаларга эриша олса жамиятда ўзининг мустаҳкам мавқеига эга бўлади. Ҳаётда ўз ўрнини топган инсон эса жамият ва давлат учун ҳам катта манфаат келтиради. Бугун ҳар-биримиз фарзандларимизни ҳукуматимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлардан фойдаланиб илм ўрганиш, касб-ҳунар ўрганиш билан шуғулланишга чорлашимиз лозим. Зеро эртанги кунимизнинг не чоғлик ёруғ ва нурафшон бўлиши фарзандларимиз илмий ва ахлоқий жиҳатдан комил инсон бўлиб шаклланишига боғлиқдир.

О. Ғойипов

Боғот тумани Мирҳошим бобо жоме масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *