ТОТУВЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК ТИНЧЛИК ГАРОВИ

Юртимиз қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар яшаб келаётган заминдир. Мамлакатимиз ахолиси минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”, – деб белгилаб қўйилганлиги, кўпмиллатли халқимиз ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш учун яратилган заминдир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон бағрикенглик ва динлараро мулоқот борасида бутун дунёга намуна бўлмоқда. Республикамизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансуб бўлишидан қатъи назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда,  юртимиз равнақи учун фаолият юритиб келмоқдалар. Юртимизда виждон эркинлигига доир қонун асослари янада такомиллаштирилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган.

Тарихдан шу нарса маълумки, қайси жамият ҳаётида диний бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди. Шунинг учун ҳам инсоният Ер юзида ҳаёт кечиришни бошлагандан буён бағрикенглик тамойилларига амал қилиб яшашга эҳтиёж сезади.

Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудуди қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи, бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган ўлкадир. Ўзбекистоннинг жўғрофий нуқтаи назаридан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий алоқалар қилгани ерли халқларнинг диний ва маънавий ҳаётига, шунингдек, Мовароуннаҳрдаги урф-одатлар ҳам ўзга юртлар маданияти ривожига салмоқли таъсир кўрсатган. Бу эса ўзига хос миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни шакллантиришдаги асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган. Мана шундай бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам кўплаб кўришимиз мумкин. Айримларини мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг қўшини таркибида яҳудий ва яна бошқа динга мансуб аскарларни ҳам хизмат қилиши ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани фикримизнинг тасдиғидир.

Муқаддас ислом динимизда ҳам бағрикенглик тушунчаси диний истилоҳда “мурувват” деган маънони англатиб, кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндошиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир. Бошқа динлар сингари ислом дини ҳам азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто, ғайридинлар (исломдан бошқа динга эътиқод қилувчилар)га ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, ислом ўзидан аввалги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик)ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакилларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини шариат қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто, ораларида яшайдиган ғайридин (бошқа диндаги)ларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг амри ҳамда Расулининг умматга берган кўрсатмаси эди.

Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга олиб келмасин!”.Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради” – деб марҳамат қилганлар. Қуръони каримнинг бир неча оятларида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари кенг ёритилган. Жумладан, “Оли Имрон” сурасида: “Айтинг (Эй, Муҳаммад!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва биз Унинг ўзигагина бўйин синувчилармиз”. Шу суранинг давомида эса: “Эй, иймон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” – дейилган.

Қуръони карим ўзидан олдинги муқаддас китоблар Забур, Таврот, Инжилларни тан олишга, аҳли китобларни, яъни, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилишга чақиради. Одамларни ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳамкорликка чақириб, фитна, нифоқ ва низоларнинг ҳар қандай кўринишини енгиб ўтишга даъват этади.

Муқаддас динимиз тарихидан ҳам бағрикенгликнинг юксак кўринишига намуна бўла оладиган мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Жумладан, Пайғамбар (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорлик қилиш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар.

Шунингдек, Хайбар ғазотида мусулмонларга ўлжа тушган нарсалар ичида Тавротдан бир қанча саҳифалар ҳам борди. Яҳудийлар келиб Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўша саҳифаларни қайтариб беришни талаб қилдилар. Пайғамбар (с.а.в.) уларни яҳудийларга қайтариб беришга амр қилдилар. Зеро, бошқа дин вакилларининг қадриятларини эъзозлаш ислом динининг гўзал ахлоқларидандир. Шунинг учун яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган саҳифаларга заррача зиён етказилмай ўзларига қайтарилди. Бу воқеалар Исломдаги диний бағрикенгликнинг ёрқин далилидир.

Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Одамлар бир жанозани кўтариб ўтишди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) маййит ҳурматига ўринларидан турдилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ (с.а.в.) бу вафот қилган киши яҳудийку” – дейишди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Яҳудий одам эмасми” – дедилар. Бу гаплари билан саҳобалардан ранжиганликларини билдирдилар ҳамда бошқа диндаги кишиларга нисбатан қандай муомала қилиш кераклиги борасида амалий кўрсатма бердилар.

Пайғамбар (а.с.) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад (с.а.в.) бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар. Масалан, Пайғамбар (с.а.в.) бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.

Пайғамбар (с.а.в.) Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. У  зот (с.а.в.) Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишга рухсат берганлар”. Ҳозирги вақтда юртимизда 130дан ортиқ миллат вакиллари, 16та диний конфессия, 2200дан ортиқ диний ташкилотларнинг диний бағрикенглик асосларига риоя қилган ҳолда ўзаро тинч-тотувликда умргузаронлик қилаётгани сўзларимизнинг яққол далилидир.

Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлиши, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиш каби инсоний фазилатларда намоён бўлади.

Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, ушбу тамойиллар юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.

Х.Матякубов

Хонка туман бош имоми хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *