ЭКСТРЕМИСТИК ДИНИЙ ОҚИМЛАР ЗАЛОЛАТ БОТҚОҒИ

Динимиз тарихига назар солар эканмиз, яна шунга амин бўламизки, соғлом идрок, соғлом ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Диний экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.

Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир. Диний-экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган. Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам диний экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Юқорида қайд этилганидек, диний экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.

“Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар.

Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” деб марҳамат қилинган. Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”.

Ҳозирда дунёда кўплаб экстремистик ва террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, афсуски, уларнинг муайян қисми ислом дини ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторида “ал-Қоида”, “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” (Озодлик исломий партияси), “ал-Жиҳод”, “ат-Такфир вал-ҳижра” (Такфир ва хижрат), “Туркистон ислом ҳаракати”, “Исломий жиҳод иттиҳоди” (Исломий жиҳод уюшмаси), “Катибатул Имам ал-Бухари” (Имом Бухорий батальони), “Жамоат Ансоруллоҳ” (Аллоҳнинг ёрдамчилари жамоаси), “Жабҳатун-нусра” (Ғалаба фронти) ва “Ислом давлати” каби ташкилотларни санаш мумкин.

Шунингдек, диний-экстремистик руҳдаги сайтларга киришдан эҳтиёт бўлиш лозим. Бундай сайтларнинг аломатлари: жойлаштирилган материалларда “ҳижрат” ва “жиҳод”га даъват қилиш, дунёвий ҳукумат ва тузумларни кофирликда айблаш, давлат мустақиллиги, Янги йил, Наврўз, 8-март каби байрамларни, туғилган кунни нишонлашни ҳаром деб эълон қилиш, Афғонистон, Покистон, Ироқ, Сурия каби мамлакатлардаги жангариларни мадҳ этиш. Шунингдек, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб, Ибн Таймия, Носириддин Албоний, Саййид Қутб, Айман аз-Завоҳирий, Усома бин Лодин, Абдували қори, Обид қори, Рафиқ қори, Рашод қори каби ақидапараст шахсларнинг китоблари, фатволари, аудиомурожатлари, савол-жавоб шаклидаги маърузалари мавжудлиги; ижтимоий тармоқлар, турли форумларда диний мавзуда илмоқли, нозик саволлар бериб суҳбатга чорлаётган шахслар билан мулоқотдан тийилиш, дунёвий жамиятни танқид қилиб, мутаассибона диний турмуш тарзини даъват қилаётган шахслар билан умуман алоқа қилмаслик каби маълумотлар билан танишиб бориб, доимо огох ва хушёр яшашимиз лозимлигини унутмаслигимиз керак.

Юқоридаги мулоҳаза ва далиллар, диний-экстремизм ва терроризмнинг нафақат умумэътироф этилган замонавий қонунлар, балки ислом дини асосларига ҳам зид эканини кўрсатади.

Шундай экан, диний-экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз ўз масъулиятимизни ҳис этишимиз, огоҳ бўлишимиз, ватанимизнинг келажаги учун жавобгар эканимизни унутмаслигимиз лозим.

А.Усмонов

Боғот тумани “Иморат бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *