ВАТАН СОҒИНЧИ ИМОНЛИЛИК БЕЛГИСИ

Юртга муҳаббат, унга садоқат имонли кишилар хислатидир. Ватанга бўлган мухаббатнинг энг гўзал намунасини Пайғамбаримиз ( с.а.в) кўрсатганлар. У зот умматларини доимо она Ватанга мухаббатли бўлишга чорлаганлар: “ ( Эй Макка,) агар қавмим мени сендан чиқармаганда , ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлардим ”, дейдилар. Бутун инсоният учун ўрнак бўлган Расуллуллоҳ (с.а.в) ўз юртларини севиб ардоқлаганлар.

Ватанга муҳаббат – бахт топган остонамиз – оиламизга, бизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар – миллий қадриятларга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир. Соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур ўз битикларида бундай ёзган:” Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унитиб, хизмат вақтида ўз саҳибидан юз ўгириб, Менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим”. Шундай экан, ўз она юртига, халқига хиёнат қилган одамлардан ҳеч қачон дўст бўлмайди.

Зеро, Ватанни ҳимоя қилиш, ўз халқини, оиласини ҳимоя қилиш эркак кишининг эркаклигини, йигитлигини синайдиган шарафли бурчдир. Ватанимизда туғилиб-ўсган ҳар бир эр йигитнинг қуролли кучлар сафида хизмат қилиши Ватан ҳимоясининг рамзидир. Чегарани қўриқлаш Ватанни қўриқлашдир, бунга доим тайёр туриш ҳар бир Ватан ўғлонининг қалбига сингиб кетган ҳиссиёт бўлиши лозим. Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳирроҳма шундай деган эканлар: «Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик.

Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳар-қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. Ватаннинг шаънини турли кўринишларда улуғлаш мумкин, масалан, уни моддий ва маънавий обод қилиш мумкин, турли халқаро анжуманларда, халқаро мусобақаларда Ватаннинг номидан иштирок этиш мумкин. Аммо бунинг асосий шарти шуки, қайси соҳада бўлмасин, холис ва самимий хизмат қилсин, ана шунда бу хизмат Ватаннинг шаънини кўтаришдаги хизмат ҳисобланади.

«Ватан соғинчи» рисоласида айтишича, араблар бирон жойга сафарга чиқишса, ҳидлаб юриш учун Ватан тупроғидан олиб кетишар экан. Ўша тупроқ ватан ҳиссини уйғотиб, уни эсдан чиқармай турадиган омил бўлар экан. Ҳадиси шарифларда бунга ўхшаш мисоллар кўплаб келтирилган. Уларнинг ҳаммаси бизни ана шу Ватан ҳиссини сезишга ундаши керак.

Аллоҳ таоло юртимизни жамики ёмонликлардан асрасин ва бунинг учун чинакам ватанпарвар, ҳақиқий мард, жасур ўғлонларни тарбиялашимизда Ўзи мададкор бўлсин!

Мунисов Ҳусниддин

Боғот тумани Саидмансур эшон бобо масжиди имом-хатиби в.б

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *