СОҒЛОМ АВЛОД ТАРБИЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧИМИЗ.

Шукрлар бўлсинки, мустақиллик  туфайли минг йиллик қадриятларимиз, тамоман унитилиш холига келиб қолган анъаналаримиз ўз эгаларига қайтди. Бугунги кунга келиб давлат миқёсида ҳар биримиз учун муқаддас қўрғон ҳисобланмиш оила масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, оила ота-на ва фарзанддан иборат учта асосга қурилади. Оиланинг бахту саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана ўша учта устуннинг бир-бирига бўлган муносабатига, аҳиллигига боғлиқ. Оилада аҳиллик ва тотувлик бўлмас экан, оиланинг мустаҳкамлиги дарз кетиб, таназзулга юз тутаверади. Ёш болаларимиз ниҳоятда кузатувчан, зийрак ва тақлидчи бўлишади. Оилада катталарнинг барча ижобий ва салбий хатти-ҳаракатлари бола кузатувида бўлади ва ёш бола ҳар бир кўрган ҳолатини, кераклисини ва кераксизини ҳам бирдек ўзига сингдириб олаверади. Бола тарбиясига ўта салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатлардан бири  эр-хотиннинг ўзаро жанжалларидир. Оиладаги доимий нотинчлик боланинг асабини толиқтириб, тажанг қилиб қўяди. Бундай вазиятларда бола ўзини озгина назоратсиз сезса, билингки у ўзбошимчалик билан ғайритабиий ва ҳатто ғайриқонуний ишлар қилишгача бориб етади. Зеро, аксар нотўғри, залолат йўлидаги фирқа ва оқим вакиллари ҳам айнан шу каби “боши берк кўчага кириб қолган” ёшларни излайди.

Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлган ислом комил инсон тарбияси, айниқса болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим беришни энг муҳим вазифалардан бири қилиб белгилаган. Бола тарбиясида, аввало, ота-она, сўнгра эса  тарбия ўчоғи бўлган боғча, мактаб ва маҳалланинг ўрни беқиёсдир. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) дан имом Термизий ривоят қилган бир ҳадисда: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал ҳадя бера олмайди”, дейилган.

Фозила аёл оилада фарзанд тарбиясига масъуллиги билан бирга, ота билан фарзанд ўртасида воситачи ҳамдир. У фарзандига оиланинг устуни бўлган отани қадрлашни, кўзига тик боқмасликни, ота билан орасида доимо масофа сақлаш лозимлиги ва шу каби одобларни ўргатади. Отага эса уларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўз вақтида билдириб туради. Узоқни кўра оладиган аёл фарзанди олдида турмуш ўртоғининг ҳурматини доимо жойига қўяди. Отанинг ҳурмати юқори бўлган оилада тарбия топган болада қатъиятлилик, фидойилик, мардлик ва мустаҳкам иродалилик каби эзгу хислатлар кўпроқ учрайди. Отанинг оиладаги қатъиятлилиги эса болани интизомга ўргатади. Интизомли бола меҳнатдан қочмайди, ўзига топширилган вазифани вақтида адо этади, ҳар бир ишга масъулият билан ёндошади.

          Ҳар бир ота-она келажакда фарзандларининг роҳатини, уларнинг орзу ҳаваслари ушалганини кўришни хоҳласа, уларга миллий-диний қадриятларимизга амал қилган ҳолда таълим тарбия берса, ўзлари хоҳлагандек, орзу ҳавас кўрсатадиган, халқимиз ва жамиятга фойдаси тегадиган етук фарзандни вояга етказган бўлади.

Атажонов Рахматжон

Янгиариқ туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.