ШАЙХ ШАРОФ БОБО МЎЪТАБАР АВЛИЁ

Гўзал ва бетакрор, кўп қадим воҳамиздан не-не алломалар, қанчалаб тенгсиз илм аҳллари, маърифат фидоийлари етишиб чиққан. Ўз замонасида раиятни илмга ва ҳидоятга чорлаган бу буюк зотларнинг табаррук номлари Мағриб-у Машриқда, Шарқ-у Ғарбда машҳур ва таниқлики, биз улардан ҳақли равишда фахрланамиз. Шу аснода улуғ бобокалонларимизга муносиб авлодлар бўлишга интиламиз.

Мустақил давлатимиз асосчиси – Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қадриятларни, боболаримиз тарихини қайта тиклаш, ўтмишда яшаб ўтган буюк сиймоларнинг тарихдаги ўз ўрни, ўз нуфузини жой-жойига қўйиш борасида олиб борган халқчил сиёсати боисдан сўнмас қадим қадриятларимизни тиклашга, тарихимизни хаққона ёритишга, авлиё ва табаррук зотларнинг муборак номларини ўрнига қўйишга, уларнинг қадамжоларини обод қилишга мушарраф бўлдик.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат ана шу буюк ва эзгу ишларнинг узвий давоми бўлиб майдонга чиқмоқда. Биз аҳли мўминлар бундай имкониятлар учун Яратганга шукронлар айтмоғимиз, ҳар бир кунимизни юрт равнағига ҳисса бўлиб қўшиладиган эзгу амаллар билан ўтказмоғимиз, келажагимиз бўлган фарзандларимизни ҳам ҳусни хулқ эгалари қилиб тарбияламоғимиз керак.

Мустақилликдан буён ўтган қисқа давр ичида Хоразмда Юсуф Ҳамадоний, Маҳмуд аз-Замахшарий, Шайх Мухтор Валий, Саййид Моҳи Рўйи Жаҳон, Саййид Одина Муҳаммад Хоразмий, Сулаймон Боқирғоний, Дошқинжон бобо, Паҳлавон Маҳмуд, Исмоил Эшон, Ниёзмуҳаммад Охунд каби авлиё зотлар номи билан боғлиқ ўнлаб муқаддас қадамжолар, масжиду мадрасалар қайта тикланди, ободонлаштирилди. Айни пайтда мазкур қадамжоларда мўминлар тоат-ибодатларини эмин-эркин бажаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Бугунги кунда янги замонавий кўринишда таъмирдан чиқаётган ана шундай қадамжолардан яна бири Урганч туманида жойлашган, авлиё зотлардан бири Шайх Шароф бобо номи билан аталувчи масжиддир.

Шайх Шароф бобонинг асл исмлари Саййид Аҳмад ибн Саййид Муайяд Хожаи Маккий бўлиб, Макка шаҳрида туғилганлар. Туғилган санаси маълум эмас. У зотнинг насаблари ота тарафдан Абу Бакр Сиддиқ (р.а)га оналари тарафдан эса ҳазрати Ҳусайн (р.а)га бориб тақалади.

Шайх Шароф бобо ёши олтига етганда отаси мадрасага ўқишга беради. Мадрасада йигирма йил таълим олгандан кейин тариқат илмини ўрганиш учун Ҳаловий деган шаҳарга бориб тариқат пирларидан бўлган Шайх Абу Бакр Ҳаловийнинг ҳузурларида хизматда бўлади. Риёзуз Зокирийн асарида бу ҳақда шундай дейилган: “У азизнинг бир молбоқар подачиси йўқ бўлиб подачи топмай юрган эканлар. Пода боқмоқ хизматини мунга меҳрибон бўлиб турурлар. У ҳазрат у хизматни ўзларига улуғ давлат билиб уч йил подачилик қилган эканлар. Ундан сўнг яна бир ярим йил истибро хонани покламак хизматини буюрган эканлар. Ундан сўнг яна бир ярим йил тахоратхоначи бўлиб таҳоратхонага сув иситмоқ хизматини қилган эканлар. Ундан сўнг ўзларининг ёнига талаб қилиб ўзларига пеш хизмат қилиб турурлар, то саккиз йилгача пешхизмат бўлиб ўн саккиз йилда хатми сулук қилган эканлар.

Шайх Шароф бобо ҳазратлари устозлари ҳузурида шариат илмларини ҳам тариқат илмларини ҳам мукаммал эгаллайди. Устози Шайх Халвонийнинг топшириғига биноан қирқта шогирди 40 кун ибодатда чилла ўтиришга киришади. Бунинг учун уларга озуқа сифатида қирқта хурмо ва бир кўза сув берилади. Орадан уч кун ўтмасдан шогирдлар имтиҳонга чидай олмай бирин-кетин чиқиб келаверишади. Қирқта шогирддан фақатгина Саййид Аҳмад бу имтиҳонга бардош бериб, қирқ кун чилла ўтиради ва устозининг муҳаббатига мушарраф бўлади. Қирқинчи куни бу хабарни эшитган Ҳалавон шаҳрининг подшоҳи шайхнинг ҳузурига зиёратга келади. Устози сенинг шарафингга улуғ инсонлар зиёратимизга келди. Энди отинг бундан кейин Шайх Шароф бўлсин, чунки сен улуғ мартабага мушарраф бўлдинг, деб дуо қилиб ижоза беради сўнгра уни Хоразм воҳасига юборади. Ундан кейин Ҳазрати Шайҳ Шароф пир амри ҳудо амри деб муриди Сўфий Солиҳ билан вилоятма вилоят сайр қилиб ниҳоят Хоразм вилоятига келиб Жайҳун дарёси (Амударё)нинг шимол тарафида Шайх Жалил тоғининг этагида Аминмийрак деган қалъасига келиб тушадилар. У ерда одамларнинг буғдойларини ўриб бериб кун кўрадилар. У кишидан каромат содир бўлиб, тонг пайтида одамлар буғдойларни ўрмоқчи бўлиб кўрсалар ҳаммаси ўриб бўлинган. Кейин йиғиб ҳирмон қилиш ишини ҳам ўз зиммаларига олиб, бир кечада ҳар кимнинг буғдойи бўлса йиғиб ҳирмон қиладилар. Беш кунда у буғдойларни омборхонасига солиб тамом қиладилар. Шайх Шароф бободан бу ҳориқи одат (каромат)ни кўргандан сўнг Аминмийрак бошлиқ ҳаммаси буғдой экилган ерларни у ҳазратга ҳадя равишда берган эканлар.

Шайх Шароф бобо Хоразм диёрида динимиз маърифатини тарқатиб, воҳамиздан етук дин арбоблари етишиб чиқишига катта ҳисса қўшганлар. У киши Хонқада маскан тутган Саййид ота (бугунги кунда Хонқа туман марказида Саййид ота мақбараси ва масжиди мавжуд)нинг синглисига уйланиб, ундан бир ўғил ва уч қиз фарзанд кўради :

1. Саййид Муҳаммад

2. Биби Салима, куёви Шайх Жалолиддин Гурланий

3. Биби Жамол, куёви Нўъмон Хўжа

4. Меҳри Нигор, куёви Шайх Мухтор Валий (вафоти 686 ҳижрий)

Баъзи уламолар “Равнақул ислом” асарини, “Чор китоб” нинг аввалги номи “Ҳақ китоби” ни Шайх Шароф бобонинг қаламига мансуб деганлар.

Шайх Шароф бобо мелодий 1310, ҳижрий 709 йилда кексалик ёшида вафот этган. Қабрлари Урганч туман Қоромон қишлоғида жойлашган. У зотнинг муридлари, шогирдлари ва ихлос қўйган кишилар устозлари ҳузурида абадий қўним топишни ўзларига шараф деб билганлари сабаб, қабрлари атрофида катта қабристон барпо бўлади ва қабристон у кишининг муборак номларига Шайх Шароф бобо деб номланади.

Муҳаммадамин Муҳаммадзариф

Урганч туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *