ДИЛ БА ЁРУ-ДАСТ БА КОР

ДИЛ БА ЁРУ-ДАСТ БА КОР

(Қўлинг меҳнатда-ю, дилинг Аллоҳда бўлсин)

на заминимиз не-не алломаларни дунёга келтирмаган, дейсиз. Уларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини бутун дунё этироф этган. Ана шундай пири комил аждодларимиздан бири Баҳовуддин Нақшбандийдир.

Баҳовуддин Нақшбанд 1318 йили Бухоро яқинидаги қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган . Ўзидан олдин ўтган Юсуф Ҳамадоний, Хожа Абдуҳолиқ Ғиждивонийлар тамонидан яратилган хожагон тариқатини давом эттириб ХIV аср шароитига мослашган ҳолда нақшбандия таълимотини асос солади. Бу таълимот бошқалар меҳнати билан кун кечириш, текинхўрлик, ижтимоий зулм ва истибдодни қатъиян қоралайди.

Нақшбандия таълимотида хилват эшигини беркитиб, суҳбат эшигини очиш, шайхлик эшигини беркитиб, ёрлиқ, яъни ёр-дўстлик, ҳамжихатлик, ҳамдамлик, ҳамдардлик эшигини очиш ҳақида сўз юритилади. Баҳовуддин Нақшбанднинг маънавий отаси –Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний томонидан ХIII асрдаёқ ишлаб чиқилган XIV асрда ривожлантирилган нақшбандия таълимоти халқ оғирини енгил қилиш, ҳалол бўлиш, касб-ҳунар эгаллаш; “ Дил ба ёру-даст ба кор”( Қўлинг меҳнатда-ю. Дилинг Аллоҳда бўлсин ) деган олийжаноб, ўта дунёвий ва ҳаётий ғояларни илгари сурган.

Нақшбандия тариқати инсонпарварлик, ҳалқпарварлик, меҳнатсеварлик, тинчлик, ўзаро дўстлик ғояларини тағиб қилгани учун сўнги асрларда Афғонистон, Эрон, Покистон ва Туркия каби бир қатор мамлакатларда ҳам кенг тарқалган

Нақишбандия тариқатида рухий тараққиёт босқичларига тўрт зина орқали чиқилади: Шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат… Баҳовуддин Нақшбанд ислом дини кўрсатмаларига қатъий итоат қилиб тирикчилик қилишга ва маънавий етукликга ундайди. Хайр –эҳсон ҳисобидан эмас, балки қўл меҳнати билан кун кечиришни тавсия этади .

Ҳожа Баҳоуддин Нақшбанд доимо узлатда ётмасдан ҳаётнинг мазмуни билан қизиқиб ҳаракат қилиб яшаш, саёҳатларга чиқиб туриш, ҳар қадамни ақл- фаросат ва фикр-ўйлов билан босиш, олинаётган ҳар бир нафасни хушёрлик билан олиш, вақтни, ҳар бир дақиқани қадрига етиш, инсонларга меҳр мухаббатли бўлишни тарғиб қилган. Хожа Баҳоуддин ўз даврида дарвешлик, қаландарлик қилиб кун кўрган кишиларни ўз қўл меҳнати билан ҳалол луқма топиб яшашга даъват этган.

Буюк аждоддимизнинг бу ўгитлари, айни бизлар учун бугун ҳам ўта аҳамиятлидир.

Нақшбанд ҳазратларининг бу таълимоти асосида ёш авлодни тарбияласак, фарзандларимиз ҳам жисмонан ҳам маънан соғлом, бугунги маънавий ҳуружларга қарши маърифат билан курашадиган авлодни тарбиялаган бўламиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:

Яъни: “ Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унитмагин …” ( Касос сураси , 77 –оят.)

Нақшбандий ҳазратлари ҳам ушбу ояти каримага мувофиқ инсонга берилган дунёдаги насибасини унитмасликка ва охират насибасидан ҳам бебаҳра қолмасликка тарғиб қиладилар.

Бу таълимот яна шу нарсага тарғиб қиладики, инсон қилаётган ишида ниятни ҳам холис қилиши лозимлигига ундайди. Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади :

Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деганларини эшитганман” , деди .

Ушбу ҳадисга кўра, қиладиган хайрли ишларимиз, барча инсонларга қилган яхшиликларимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши ҳамда унга ажир-савоб олишимиз учун ниятимиз тўғри бўлиши лозимлиги маълум бўлади. Ҳар бир хайрли ишни амалга оширишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзласак, ажр –савобга эришамиз. Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳум эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади .

Масалан, касб қилишдан мақсад диним касб қилишга буюрган, оиламнинг таъминоти менинг зиммамдаги фарздир , деган ниятда бўлиш ҳам мумкин ёки фақат мол дунё орттиришни ният қилиши ҳам мумкин.

Ушбу ҳолатларда ниятнинг ўрни жуда ҳам муҳимдир. Аллоҳ таоло буларни ниятига кўра мукофотлайди. Ният ва ихлос агар инсоннинг ҳаёти давомида доим тўғри қўлланса, ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси ибодатга айланади.

Бунга жавобан фуқароларимиз халқимиз, элимиз манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътиқодан қўллаб-қувватлашлари, жамиятимизнинг ижтимоий хаётда фаол қатнашишлари лозим.

Биз буюк аждодларимиз таълимотини бугунги ёшлар онгига сингдирган ҳолда уларда ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик каби фазилатларни камол топдиришимиз ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Р.Эрназаров

Боғот тумани “Дарвеш бобо ” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *