ПАЙҒАМБАРИМИЗДА СИЗЛАР УЧУН ГЎЗАЛ НАМУНА БОРДИР.

Маълумки, Рoбиъул аввал ойи жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссалом таваллуд топган ойларидир. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳаётлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта ибрат мактабидир. Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Бизлар ҳам бирор табаррук, аҳли солиҳ инсон билан учрашиб қолганимизда ёки унинг яхши хислатларини зикр қилганимизда ҳавас қилиб, “бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин”, “фалончига ўхшаб юрайлик” деган ибораларни ишлатамиз. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад (с.а.в) бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” – деб марҳамат қилган (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Машхур саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу айтан эканлар: “Биз болаларимизга Қуръони карим сураларини қандай ўргатсак, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сийратларини ҳам шундай ўргатар эдик”.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “ Расулуллоҳ алайҳиссалом: Албатта энг содиқ калом Аллоҳнинг китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдир, — дедилар”. ( Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган). Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш, итоат этиш, муҳаббат қилиш ва у зотдан ўрнак олиш вожиб бўлганидан, у зотнинг ҳаётлари, сифатлари ва суннатларини ўрганиш ҳам вожиб бўлади. Муҳаммад алайҳиссаломни ҳаётлари, сийратлари ва суннатларини ўрганмай туриб, у зотга иймон келтириш, итоат этиш, муҳаббат қилиш ва у зотдан ўрнак олиш имкони йўқ. Бу ўринда “ Вожиб амални бажариш учун унга олиб борадиган нарса ҳам вожибдур” деган қоида кучга киради.

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, ота-онасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди».(Муслим ривояти)

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тафсирида қуйидагиларни айтадилар: “Бирор киши Аллоҳ таолога муҳаббатни даъво қилсаю, Муҳаммадий йўлда бўлмаса, у токи Муҳаммадий шариатга ва барча сўз-у амалларида Набавий динга эргашмагунича ушбу даъвосида ёлғончидир”-деб.

Демак, ким Аллоҳ таолога муҳаббатни даъво қилса ва Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришишни хохласа, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг келтирган шариат ва ибратли ҳаёт йўлларига эргашиши ва итоат қилиши лозим бўлади. Мавлудда бунга имконият вужудга келади, у зотнинг ҳаётлари, насаблари, ахлоқлари, суннату сифатлари баён қилинади.

Юртимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг гўзал одоб-ахлоқлари илм олишга тарғиботлари, хайру саховатлари, инсонийлик фазилатлари бизларга хамиша илҳом бериши лозим.

Бугунги кунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) таваллуд топган муборак кунларини нишонлаш ва у зотнинг сийратларини ўқиб-ўрганиш ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоқлигимиз керак.

  Х.Мунисов

Боғот тумани Сайид Мансур Эшон бобо масжиди имомхатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *