БАҒРИ КЕНГЛИК ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТНИНГ ГАРОВИДИР.

Ислом дини талимотларида ҳар хил миллат вакиллари гарчи динлари ва  эътиқодлари ўзаро фарқ қилсада, Бағрикенглик тамоили асосида бир-бирларини хурматлашга, ўзаро тотув бўлиб яшашга даъват этилган.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дедилар: “Ким бир аҳдлашган (ғайри дин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёҳуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”. Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилганлардан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч тотув ва жамоат манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар берар ҳамда улардан ҳадяларни қабул қилар эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Бу ўринда саҳобаи киром ва тобиинлар ҳаммага ўрнак ва намуна кўрсатишган. Жумладан, бир куни Абдуллоҳ ибн Умарнинг уйларида қўй сўйилиб, қўни-қўшниларига ҳадя тариқасида улашилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар” “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадядан бердингизларми?,-деб қайта-қайта сўраб: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан қўшнилар ҳаққини адо этиш зарурлигини  эшитганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ривоят қилинишича, Имом Аъзам (р.а)нинг мажусий қўшнилари бўлиб, у ҳар кеча маст ҳолда у зотнинг тинчларини бузиш, намозларига халал бериш мақсадида атайин овозини баланд кўтариб ашула айтар, шовқин кўтарар эди. Бир кун тунда Имом Аъзам одатдагидек ибодат билан машғул бўлиб турсалар, қўшнининг уйидан ҳеч қандай товуш келмабди. Хавотирланиб чиқиб қарасалар у уйда йўқ. Кейин билсалар атрофдаги қўшниларнинг шикояти туфайли, миршаблар уни олиб кетишган экан. Эртасига тонг саҳарда Имом Аъзам хибсхонага бориб, миршаблардан узр сўраб, қўшниларини озод қилиб келадилар. Бундан ажабланган мажусий: Мен сизга доимо озор бериб келган бўлсам, нега мени озод қилдингиз деб сўрайди. Шунда Имом Аъзам:  Мен фақат қўшничилик вазифамни бажардим холос, диним мени шунга буюради, деб жавоб берадилар. Бу воқеъадан қаттиқ таъсирланган мажусий ўша ондаёқ у зотдан узр сўраб, имонга келган экан. Диний бағрикенглик – бу турли эътиқодларга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб яшашини ифодалайди.

Диний бағрикенглик маданияти – шахснинг диний қадриятларни ҳурмат қилиши, бошқа динлар, урф-одатлар, диний урф-одатлар, ўзга диний қадриятлар, эътиқодлар ва турмуш тарзига нисбатан сабр-бардошлик, чидамлилик, виждон поклиги ҳамда руҳий покланишдир.

Юртимизда қадимдан этник ва диний хилма-хилликка  ҳурмат билан ёндашилган.

Ҳақиқатан,  асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогалар фаолият кўрсатиб, турли миллат ва динга мансуб қавмлар ўз диний амалларини эркин адо этиб келган. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний можаролар бўлмагани, халқимизнинг диний бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради. Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятларни тарғиб қилувчи ғоялар кенг ёритиб берилган. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотуридий  Қуръони карим оятларининг тафсирига бағишланган, “Таъвилот аҳли сунна” асарида Ҳаж сурасининг 40‑оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш манъ этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”,  деб таъкидлайди.

Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс Самарқандий  эса ўзининг “Баҳр ал‑улум” деган тафсир китобида Мумтаҳана сурасининг 8-, 9‑оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди‑келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади. Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан‑Насафий  ўзининг  “Мадорик ат‑танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”, деб шарҳлайди. Маълумки, мусулмон мамлакатларида яшовчи бошқа динга эътиқод қилувчилар  “зиммий”лар деб аталиб, шариат ҳукми бўйича уларнинг барча моддий ва маънавий ҳуқуқлари, яъни мол-мулки, ҳаёти, диний эътиқоди, урф-одатлари, тили, маданий мероси дахлсизлиги  мусулмонлар зиммасида бўлган. Шу туфайли ўрта асрлардаёқ мусулмон халқлари, жумладан, диёримизда яшовчи халқлар ҳам диний мурасасозлик ва бағрикенгликнинг ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этганлар. Юқорида баён қилинган  фикр-мулоҳазаларни ҳамда юртимиздан етишиб чиққан мутафаккирларнинг асарларидан келтирилган маълумотларни умумлаштирган ҳолда қуйидаги хулосага келиш мумкин:

Шу сабабдан ҳам, биз башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англашимиз ва ҳурмат қилишимиз зарур. Зеро, бағрикенгликсиз тинчлик, тинчликсиз тараққиёт бўлмайди.

М.Мадиримов 

Хазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” жомеъ масжиди имомхатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *