ИХТИЛОФЛАРДА ТОРТИШИШ ВА ТАФРИҚА ДИНИМИЗДА МАН ҚИЛИНГАН

Ҳозирги пайтда дунёнинг баъзи жойларида кўнгилсиз ҳолатлар, ихтилофлар ва уруш-жанжаллар бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур нохушликларда мусулмонларга тегишли томонлар борлигини ҳам яхши биламиз. Шунингдек, бундай ҳолатларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламда фаолият олиб борилмоқда. Бу мақсадга эришиш йўлида динлар, сивилизасиялар, маданиятлар минтақа ҳамда давлатлар орасида мулоқотлар олиб борилмоқда ва мазкур мулоқотлардан фойдали чораларга ўтилмоқда.

Дунё ҳамжамиятининг ажралмас қисми ва мазкур нохушликлардан энг кўп жафо чеккан Ислом оламида ҳам мазкур ишда фаоллик борган сари ортиб бормоқда. Динда ҳаддан ошишлик, жангарилик, қуролли чиқишлар каби ҳолатлар қаттиқ қораланмоқда. Йўл қўйилган хатоларни тўғрилаш бўйича кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Ўша фаолият ва ишлар ичида бошқалар билан мулоқот қилиш билан бирга мусулмонлар ўзаро мулоқот қилишлари, ораларидаги ихтилофларни йўқотишлари ва биргаликда муаммоларнинг тўғри ечимларини топишлари лозим деган чақириқлар ҳам баралла янграмоқда.

Табиийки, бизда ҳам бу маънода ўзига яраша ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ишлар ўз самарасини беради, деган умиддамиз. Бу савобли ишда кўпроқ кишилар янада серкўлам иш олиб боришлари зарурдир.
Зотан, имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», дедилар».

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам комил иймон учун зарур нарсалар ҳақида саҳобалар ҳузурида сўзлаб туриб: «Дин насиҳатдир», дедилар. «Насиҳат» луғатда холис, покиза, содиқ маъноларни билдиради. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир. «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори, насиҳатдан иборатдир, деганларидир.

Атажонов Хошимжон

Урганч шаҳар Охунбобо масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *