НИКОҲ- УЛУҒ РИШТА

Никоҳ масаласи инсоният оламида ҳар бир киши, оила, жамият ва давлат учун муҳим эканини ҳамма билади. Чунки бу амалий ҳаётда ўта муҳим бўлиб, ҳалол ва ҳаромга, оила ташкил қилишга, келажак авлод фарзандларимизнинг дунёга келишига ва унинг тарбиясига боғлиқ масаладир. Шунингдек, у эру хотинларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларга амал қилиш, оилани ташкил этиш, бошқариш, қолаверса, саодатли қилиш билан боғлиқ масаладир.

Агар оилалар жипс, бақувват, бахтли бўлсагина жамият ҳам жипс, бақувват, бахтли бўлади. Мусулмонлар бу нозик ишда ўз Холиқлари, бутун олам тарбиячиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига, Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий амал қиладилар. Чунки оила илоҳий кўрсатмалар, набавий таълимотлар, дину диёнат, фозил ахлоқ асосида қурилгандагина мустаҳкам ва бахтли бўла олади.

Аллоҳ таоло махфий ва ошкор ишларимни кўриб турибди, қалбимни, тилимни ва аъзоларимни иффатли тутай, деган кишиларнинг оилаларигина саодатли оила бўла олади. Ана шундоқ оилаларгина хотиржам, қарорли, саботли, ҳар турли келишмовчилик ва бадбахтликлардан узоқда бўлади. Шундагина никоҳдан кўзланган олий мақсадга эришилади, олижаноб насллар етиштирилади, башарият муҳофаза қилиниб, унинг софлиги сақланиб қолади.

Никоҳ масаласи ўта нозик масала бўлиб, ислом динимиз камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслигига ишора қилади. Бинобарин, бундан баъзи кишилар «қўли калталик»ни баҳона қилиб, никоҳни ортга суришлари мусулмончилик одобларига тўғри келмаслиги тушунилади. Дарҳақиқат, ўйлаб кўрсак, кўпчилик авваллари бепарво юрган бўлса ҳам оила қургач жиддий ҳаракатга тушиб, иқтисодий аҳволларини яхшилаб олганларини кўрамиз. Аллоҳ таоло айтади: “Ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз”, деган (Раъд, 38).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлигини баён қилмоқда. Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарлидир. Улар ўз соғликларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.

Шунингдек, жинсий майлини пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари ва ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатлар келишига, инсон наслининг бузилиб фасод бўлиб кетишига сабаб бўладилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда у Зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади.

Никоҳ туфайли оила деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эру хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Шундоқ йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади. Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади. Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинади. Ислом динида турли кишиларнинг ҳолатига қараб никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турлича бўлади.

1. Вожиб-фарз.

Агар бир инсон никоҳли бўлмай зинога боришига ишониб етса ва никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлгач, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан ҳаққини адо этишига ишонса, ундоқ одамга никоҳ фарз-вожиб бўлади. Чунки мусулмон киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши лозим. Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ–уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш–оила қуриш вожиб бўлади.

2. Ҳаром.

Агар бир инсон никоҳланиб, ўзининг умр йўлдошига зулм қилиши ва зарар етказишига ишониб етса, ундоқ одам учун оила қуриш ҳаром бўлади. Бу ҳолатда Ислом шариатининг ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир, деган қоидаси ишга тушади. Бировга зулм қилиш, зарар етказиш ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлгани учун унга олиб борадиган йўл ҳам ҳаром бўлади.

3. Суннати муаккада.

Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари бунга далилдир. Ҳанафийлар бу суннати муаккада вожибга тенг, дейдилар. Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган ҳисобланади.

Ислом таълимотлари бўйича оила қуйидаги асос ва мақсадда қурилади:

Оилавий ҳаёт, эр-хотинлик алоқасидан доимо шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шерик бир ҳайъат деб қараш керак.

Эру хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олижаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтиришга ҳаракат қилишлари керак. Бу эса, ўз навбатида, келишган ҳолда ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишини тақозо қилади.

М.Собиров

Урганч шаҳар “Имом Фахриддин ар Розий” ИУМБЮ ахборот- ресурс маркази раҳбари, Урганч тумани “Ғоиб ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *