ОИЛА РИШТАСИ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН

Дунёда ҳамма нарса жуфти билан яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Энг қизиғи, ана шу барча жуфтликлар  ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир.  Мусбат ва манфий зарралар бирлашсагина электр қувватини ҳосил қилганидай, икки акс нарса жуфтлашиб, яхлит бир комил нарсани пайдо қилади. Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, жамики мавжудотларнинг энг олийи бўлмиш одамзод жуфтлигини ҳам бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, ҳатто туриш-турмушда, феъл-атворда, воқеликка муносабатда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда фарқланадиган қилиб яратган. 

Ана шундай мутлақо бир-бирига ўхшамаган, бири иккинчисининг ғирт акси саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, ҳаёт давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг санъати ва ҳикматидан далолатдир.

Бирор инсон йўқки, ҳаётининг қайсидир палласида «Мен бахтли яшадимми?» дея ўзига савол бермаган бўлсин. Ҳар бир киши бахтга интилади, шу йўлда курашади, бахти учун кўп нарсани қурбон қилади. Аммо инсонларнинг «бахт» тушунчасига қарашлари турлича: бировга арзимас туюлган нарса биров учун чинакам бахтиёрлик рамзидир. Хасталарга соғлик, хунукларга чирой, камбағалга мол-дунё, мажруҳларга тўрт муччанинг мукаммал бўлиши чинакам бахт тимсоли саналади. Лекин кўпчилик бир нарсада якдил: оилавий бахт ҳамма нарсадан азиз ва ардоқлироқ деб ҳисоблайди. 

Йигитлар гўзал ва вафодор, солиҳа ва ширинсўз, фаросатли ва ҳаёли рафиқага рўпара бўлган кунларини ҳаётларидаги энг бахтли дамлар сифатида бир умр эслаб юришади. Қизлар мард, меҳнаткаш, ибодатли, оиласи ҳақида қайғурадиган, хушмуомала ва ғайратли йигитга турмушга чиқишса, улар учун бундан ортиқ бахт бормикин?.

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси ва хуқуқий асоси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси шаръий никоҳга боғлиқ масалалардир.

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди» (Наҳл сураси, 72-оят). Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас» (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, оиласини шаръий никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

Никоҳ асосига қурилган оилавий турмуш – нозик масала. Унга ақл ва фаросат, мулоҳазакорлик ва босиқлик билан, иккови томоннинг манфаатларини тарозига солиб ёндошиш керак. Энг ачинарлиси, кейинги пайтларда айрим ёшлар никоҳ ва талоқнинг моҳиятини ҳис этмай, бўлар-бўлмас сабаблар билан хотинини талоқ қилишга боришяпти, нафс ва шайтон сўзига кириб ширин турмушларини оғуга айлантиришяпти, гулдай оилани барбод қилиб, фарзандларини тирик етимга айлантиришяпти. Баъзи келинларимиз оиланинг қадрига етмай турмуш қуришга қанчалик ошиқишса, эрдан ажралишга ҳам шунчалик тез киришишади.  Бугунги кунда ҳаётга янги қадам қўяётган ёшларнинг никоҳ масаласига масъулиятсизлик билан қараб, «турмуш» дея аталган буюк оламнинг  сир-синоатларига, унинг турли машаққатларига, ҳаёт аччиқ-чучукларига, синов-имтиҳонлари ҳамда ташвишларига тайёр эмасликлари аён бўлмоқда. 

Ёшларнинг аксарияти турмуш, оила, бахт деган тушунчаларни жуда юзаки тушунади. Ҳаёт ҳамиша ўйин-кулгидан, кўнгилхушликлардан, эхтиросли учрашувлардан иборат, деб ўйлайди. Катталар эса фарзандларини бахтли қилишнинг аслий ўлчовларидан чекиниб кетишгани учун ўзлари хоҳламаган ҳолда уларнинг бахтларига рахна солишмоқда. Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичилмас экан, токи оиламизда чинакам муносабатларга – раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтилмас экан, бу ихтилофлар, жанжал-можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади.

Ҳар қандай киши ўзида йўқ нарсани бошқадан қидиради ва уни қадрлайди. Аммо феъл-атвор (характер)ларнинг ўхшамаслиги, турли-туманлиги оиладаги муросасизликка, ғишава-жанжалларга сабаб бўлмаслиги керак. Турмуш ва уй-рўзғорга тегишли ишларни эр-хотин бир-бирларидан яширмасликлари керак. Эр баъзида хотинининг ноўрин ишини билса, унга мулойимлик билан насиҳат қилиши, бу ишининг хато ёки гуноҳ эканини тушунтириши зарур. Хотин ҳам эрининг эҳтиёжини, саъйи ва касбида ялқовлигини сезса, уни тўғри йўлга солиб кўнглини кўтарсин, тасалли берсин, ғайрат бағишласин. Икки томон ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирлари ҳамдард бўлишга аҳд-паймон қилишлари талаб этилади. Масалан, улардан бири касал бўлса, иккинчисининг илтифотсиз қараб, уни боқмасдан ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги лозим.

Оила ҳаёти ҳеч қачон фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади ҳамда оила хотиржамлиги тезроқ мустаҳкамланади.

Умаров Жасур

Шовот тумани Араб бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *