МИССИОНЕРЛИК ЖАҲОЛАТГА ЕТАКЛАЙДИ

Бугунги глобаллашув замонида инсонлар орасида бошқа динни тарғиб қилиш, инсон қалби ва онгини забт этишга, ўз динидан воз кечишга қаратилаётган миссионерлик ҳаракати авж олмоқда. Марказий Осиё халқлари орасида миссионерлик ҳамда ўз моҳиятига кўра унинг таркибий қисми бўлган прозелитизм кўп учрамоқда. Бугунги кунда миссионерликни христианлик динининг протестантлик оқимида вужудга келган айрим секта, диний ташкилотлар ғояларини “Евангел христиан баптистлари”, “Исо Масиҳ” прозелитик гуруҳлари, Буддизмда “Кришнани англаш” диний ташкилоти харакатида кенг тарғиб этилиши фаолиятида кўриш мумкин.

Ёшларимиз онгига таъсир ўтказишга ҳаракат қилаётган яна бир миссионерлик оқими «Иегово шоҳидлари»дир. Ушбу оқимга Чарльз Тейз Рассел (1852-1916) томонидан асос солинган. Оқимнинг диний таълимоти унинг етти томлик «Муқаддас ёзувларни ўрганиш» китобига асосланади. Ушбу оқимга мансуб ёшлар ҳар қандай давлат мадҳиясини ижро этишдан, армияда хизмат қилишдан ва сайловларда қатнашишдан бош тортишади. Иеговочиларнинг қон қуйишга қаршилик кўрсатишлари натижасида эса беморлар ҳалок бўлган ҳолатлар учрамоқда.

Ташкилот бугунги кунда дунёнинг 230 дан ортиқ давлатларида фаолият олиб бормоқда. Жумладан, Марказий Осиёда «Иегово шоҳидлари» диний ташкилотининг биринчи жамиятлари ўтган асрнинг 50-йилларида пайдо бўлган ва норасмий равишда фаолият кўрсатиб келган. Республикамизда уларнинг 2 та ташкилоти Фарғона ва Тошкент вилоятларида 1994 йилда расман рўйхатга олинган эди. Улар 1999 йилда қайта рўйхатдан ўтиб, фаолият кўрсатган бўлса-да, ғайриқонуний ҳаракатлари учун тугатилган. Маълумотларга кўра, 2012 йилда дунё бўйича “Иегова шоҳидлари” ташкилотининг 7,7 млн аъзоси бўлган.Улардан 700 мингдан зиёди миссионерлик фаолияти билан бевосита шуғулланади. Ташкилотнинг ҳар бир аъзо кунига олти соат диний даъват билан шуғулланиши лозим. Ташкилотнинг миссионерлар тайёрлайдиган “Галаад” номли маркази мавжуд. Бу марказ АҚШ нинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган. Ушбу марказда ташкил этилган беш ойлик курсларда бутун дунёдан келган миссионерлар таҳсил олишади1.Иегово Шоҳидлари миссионерликка катта эътибор берадилар. Жамоа пайдо бўлган даврдан бошлаб асосан уйма-уй юриш ва адабиётлар тарқатиш билан ўзларига янги эътиқодчилар жалб қилишни бошлаган. Ҳозирги кунга келиб миссионерлик билан шуғулланувчи аъзолар сони 700 мингдан ошиб кетган. Миссионерлик фаолиятини молиявий қўллаб қувватлаш ва адабиётларни нашр этиш учун “Қўриқчи минора, библия ва брошюралар жамияти” (1882) тузилган. Инжилнинг маҳаллий тил ва лаҳжаларга таржима қилиниши ва текинга тарқатилиши ташкилот ҳаракатининг энг бошида келмоқда. Бундан ташқари даъват қилинаётган шахсларнинг савиясига мос китоб, рисола  ва шу кабиларни етказишга катта аҳамият берилади.  Ташкилот томонидан 25 млндан зиёд ададда “Қўриқчи минора”, “Уйғонинг” журналлари нашр этилмоқда. Бундан ташқари ташкилотнинг “Фарзандларингизга таълим беринг”, “Сиз Худонинг дўсти бўлишингиз мумкин”, “Ҳақиқий имон қалбда бўлади”, “Яҳовага қайтинг” номли даврий журналлари ҳам чоп этилмоқда2.2006 йилдан “Қўриқчи минораси” журналини ўзбек тилида ҳам чиқариш бошланди. Ушбу нашрлар асосан миссионерлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилгани учун уларни юртимиз ҳудудига олиб кирилишига йўл қўйилмаяпти.

Миссонерлик фаолиятини Иегово Шоҳидлари асосан тўрт босқичда амалга оширадилар:

1. Даъватларга заррача бўлсада мойиллик билдирган, “қизиққан” одамларни қидириш;

2. Уларни таълимотни қабул қилишга тайёрлаш;

3. Даъват қилинаётган одамнинг онгига Библия курслари ва унинг матнини ўрганиш орқали диний таълимотларини сингдириш;

4. Прозелитларни сув билан чўқинтириш, уларни тарғиботчилик(миссионерлик) фаолиятига тайёрлаш3.

Иегова шоҳидлари” ўз фаолиятларини амалга оширишда интернетнингижтимоий тармоқларидан фаол фойдаланмоқда. Ташкилотнинг www.jw.orgинтернет сайти дунёнинг 784 хил тилида фаолият олиб бормоқда. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, республикамизда расман рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган ноисломий диний конфессияларга мансуб жамоалар талайгина. Умумий аҳоли сонининг 3-4 фоизини ташкил қиладиган фуқаролар учун шунча имконият яратиб берилгани қонунларимиз нечоғлик демократик тамойилларга асосланганининг исботидир. Бироқ қонунларимизни нодемократик деб жар солаётган миссионерларнинг даъволари одамларни чалғитиш, уларнинг кўнглига ғулғула солишдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишда уларнинг фаолиятини ҳар томонлама ўрганиш ҳамда раҳбарлари ва аъзоларининг амалдаги қонунларга оғишмай амал қилишларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Дин, унинг моҳияти, инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида чуқур маълумотга эга бўлмаган одамлар фикрини ўзгартириш, уларга бир динни ёмон кўрсатиб, бошқасини яхши деб талқин қилиш ҳамиша осон.Миссионерлар асосан таъсирчан ваъзлари орқали айнан билимсиз кишиларни чалғитишга ва таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват этадилар. Оқибатда эса оми инсонлардан ташкил топган турли секталар, оқим ва диний жамоалар мамлакатда тартибсизликларни келтириб чиқаради.

Маълумки, давлатимизда дунёвий давлат сифатида барча фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағркенглик ва ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшаши, тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун4 қабул қилинган. Унда динлар хилма-хиллиги, миллий қадриятлари  уларнинг маънавий ҳаётининг ажралмас қисми эканлиги ҳисобга олинган, чунки мамлакатимизда 130дан ортиқ турли миллат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилиб келмоқда.

Охирги пайтларда  минтақамизда миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари жиддий муаммо бўлиб келаётган фаолиятлардан бири бўлиб  у ОАВларда ҳам тез-тез акс эттирилиб келинмоқда. Мазкур фаолият қонуний тақиқланган, лекинмиссионерлик ва прозелитик ҳаракатлари кишиларни турли услуб ва воситаларда ўз диний ақидаларини сингдиришга, ўзгартиришга интилмоқдалар Унинг моҳиятини, аянчли оқибатини тушунмаётган айрим кишилар ушбу ҳаракатларга аралашиб  турли оқимларга кириб кетмоқдалар.Бундай (миссионерлик ва прозелитизм) оқим ва ҳаракатлар домига билим савияси пастлиги, моддий манфаатга ўч, маънавий қашшоқ ва дунёқараши тор, ўзлигини англамаган кишилар тушиб қоладилар. Ва бу ҳатти-ҳаракатлари қандайоқибатларга олиб келишини ўз вақтида англаб етмайдилар.

Шуни айтиш лозимки, миссионерларнинг бу ҳатти-ҳаракатлари бошида узоқ вақтни мўлжаллаган, муайян мақсадни кўзлаётган геосиёсий кучлар вадунёга гегемонлик қилишга интилаётган ҳаракатлар ётганлигини ҳалқимиз англаб олиши  зарур.

Дарҳақиқат, миссионерликка қарши кураш асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларга эга мамлакатлар учун энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу курашнинг моҳияти фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойилида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Жойларда  аҳоли ўртасида диний экстремизм ва терроризмга қарши ва диний вазиятни соғломлаштиришга қаратилган  турли маънавий-маърифий ишлар олиб  бориляпти.

Диннинг асл моҳиятини тушунмаслик, инсон ва жамият ҳаётидаги ўрнини тўғри баҳолай олмаслик жаҳолатга олиб келади. Шу сабабли унга қарши маърифат билан курашиш, фуқароларимизнинг ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлишларига эришиш, таълим муассасаларида ёшларга дин ҳақида илмий асосланган билимлар бериш, диний қадриятлардан маънавий-маърифий мақсадларда фойдаланиш миссионерликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Табиийки, инсон табиати ахборот олишга мойил. Ўз вақтида тўғри ахборот етказиб берилмаса, жамиятда ғоявий бўшлиқ пайдо бўлади. Бундай эҳтиёж маърифат, тўғри йўлга бошловчи ғоя билан қондирилмаса, четдаги ёвуз кучлар шу заҳоти ишга тушади. Ёшларни заҳарлашга киришади.«Ёшларнинг онгида қандай кайфият устунлигини айтсанг, мен сенга кейинги авлоднинг табиати қандай бўлишини айтиб бераман5», – деган эди инглиз сиёсий арбоби Эдмунд Берк. Шу нуқтаи назардан миссионерларнинг ёш авлод онгини эгаллаш, назорат қилишни кўзлаб иш юритаётгани барчамизни янада сергакроқ бўлишга ундайди.

Бинобарин, дунё миқёсида, ғоявий-мафкуравий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерлик фаолиятини ўз ўрнида англаш, улардан доимо огоҳ бўлиш, мазкур ҳаракатларни ўз вақтида бартараф этиш бугунги куннинг долзарб муаммоси эканлигини ҳар биримиз англашимиз лозим.

Абдуллаев Хайрулло

УМИ Хоразм вилояти вакили

1 Ҳасанбоев Ў. Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: Диний ташкилотлар, оқимлар,  мафкуравий курашнинг долзарб йўналишлари. – T.:”Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2014.88б.

2 Очилдиев А., Нажмиддинов Ж. Миссионерлик: моҳият, мақсадлар, оқибатлар ва олдини олиш йўллари. –Т.:”Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2009. -Б.70.

Ўша манба. -Б.71.

4 “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун 1998 йил қабул қилинган, 23 моддадан иборат.

5 Маънавий таҳдидлар: миссионерликва прозелитизм (моҳияти, келибчиқиши, шакллари, муаммолари). – Тошкент, Мовороуннаҳр, 2011. 36 бет.

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *