НАФСНИ ЖИЛОВЛАГАН КУЧЛИДИР

Ҳар бир ишда Ўзининг борлиги ва бирлигини намоён этиб қалбларга нурли йўл солган Зот — Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Яратган эгамнинг дийдорига фақат салим қалб билан етиш мумкинлигини башорат этган ва бу йўлда инсониятга намуна бўлган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, унинг аҳли байтлари ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин. Қуръони  каримда зикр қилинган нафс ҳолатга қараб турли сифатларга эга бўлади.

1. Гоҳида «хотиржам нафс» бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло «Фажр» сурасида: «Эй хотиржам нафс! Роббингга  сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жан-натимга киргин!» деган (27–30-оятлар).

Бундай нафс шаҳватлар ила курашда ғолиб бўлиб, сокинлик касб қилган нафсдир. Шунинг учун, у мутмаъинна – хотиржам нафс деб аталади.

2. Гоҳида «маломатчи нафс» бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида: «Ва маломатчи нафс билан қасам», деган (2-оят).

Маломатчи нафсдан мурод тақводор мўмин кишининг нафсидир. Чунки у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради: гуноҳ иш қилса, «Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима жавоб берасан?» деб маломат қилади. Савоб иш қилса, «Бу озку, кўпроқ қилсанг бўлмайдими? Қанча кўп савоб иш қилсанг, ўзингга фойда-ку», деб маломат қилади. Тасаввуф мактабининг машҳур намояндаси Ҳасан Басрий: «Яхши одам доимо ўз нафсини маломат қилиб туради, фожир одам нафсини итоб қилмай юраверади», деганлар.

3. Гоҳида «ан-Нафсу амморатум биссувъи» – ёмонликка амр қилувчи нафс бўлиши мумкин. 

 Аллоҳ таоло Юсуф сурасида:   «Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи Зотдир»,  деди»,  деган (53-оят).

Демак, нафс турли ҳолатларда бўлиб, гоҳ, хотиржам, гоҳ маломатчи ва гоҳ, ёмонликка буюрувчи бўлиши мумкин. Инсон айнан мана шу нафсга қарши кураша билиши ва уни жиловини қўлга ола билиши керак, чунки бундай ҳолатда нафсни ўз ҳолатига ташлаб қўйса у уни турли ёмонликлар кўчасига етаклаши мумкин. Қуйида ҳадиси шарифларга бир назар ташласак.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Курашда ғолиб чиққан  кучли эмас. Балки  ғазабланганида ўзини тия билган кучлидир ” (Бухорий, Муслим, Насоий, Молик, Аҳмад, Байҳақий ривояти). 

Бу ривоятда нафсга қарши  курашиш жанг майдонида очиқ душманга қарши  курашишдан-да оғирроқ экани маълум қилинмоқда.  Жангда билаги кучга тўлган  паҳлавон киши ғолиб чиқиши мумкин. Аммо нафсга қарши курашда билакдаги  куч-қувватнинг аҳамияти йўқ, десак ҳам бўлади. Чунончи, ғазабни тия билаш учун  қалбдаги имон нури кучли бўлиши керак. Шундагина банда ғазабни ғазабдан  ажрата билади ва нафс учун ғазабланишдан тийилади. Ушбу ҳадис уламолар томонидан қуйидагича таъвил  қилинади: 1. Ғазаб вақтида ўзини боса  олган одамдан кучли инсон  йўқ (зоҳирий маъно).  2. Курашда рақибларини  енгиб ғолиб бўлган одамнинг ютуғидан унчалик фойда йўқ. Аммо ғазабини тийиб, нафсидан устун келган
одамнинг ютуғи кўп манфаат  келтиради. Бундан ғазабни  тия билишга бўлган рағбат ва  куч-қувват олдида душманга  қарши бориш учун ишлатиладиган куч-қудрат ҳеч  нарса эмас, деган маъно келиб чиқади.  Албатта, ҳадисда душмандан  устун келиш ботирлик саналмайди, дейилмаяпти, балки ғазабни тийишдан кўра  пастроқ ўринда туриши  айтилмоқда.  Хулоса қилинадиган бўлса нафсини тийиб уни жиловлаган кимсадан кучли кимса бўлмайди.

М.Каримов

Урганч туман “Ҳазрати Шаҳобиддин бобо”

масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *