ДИНИМИЗ ТАЪЛИМОТЛАРИДА ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ

Ислом поклик дини экани, поклик иймондан экани ҳаммага маълум ва машҳур. Мусулмон инсон қайси соҳада бўлмасин, қандай жойда бўлмасин, покликка алоҳида эътибор бериши лозим. Орамизда шундай кишилар борки, ўз уйларида, иш жойларида бу таълимотларга ихлос билан амал қилишади-ю, жамоат жойларида, жумладан, кўчада, дам олиш ва сайргоҳларда бу нарсага беэътибор бўлишади. Қўллларидаги чиқиндиларни дуч келган тарафга ташлаб, чиройли жойларни булғатишади, ўтирган жойларини бирпасда ифлос қилишади. Бундай масканлардаги баъзи дам олувчилар қайтиб кетишганидан сўнг, ортларидан турли ахлат-чиқиндилар, овқат қолдиқлари сочилиб ётганини кузатиш мумкин.

Аслида эса табиат муҳофазасига, унинг поклигига эса барча баробар масъулдир. Ҳар ким ўзи дам олган жойни ва сайр қилган ерини покиза тутиши лозим. Баъзи ҳолатларда тозалашга эҳтиёж туғилиб қолганда, яхшилаб тозалаш ҳам керак. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга турар жойларимиз саҳнини, ҳовлиларни тоза, покиза тутишга амр қилганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейиш ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё иймоннинг шуъбасидир», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда ерни бировлар ташлаган нарсадан тозалаш ҳақида сўз кетмоқда. Бундан эса булғатадиган, бошқаларга озор берадиган, кўнгилни нохуш қиладиган нарсаларни ерга ташламаслик лозимлиги келиб чиқади. Мабодо ташланган бўлса ҳам, ташлаган одамнинг ўзи тозалаб қўйиши зарур. Баъзи одобсиз кишилар томонидан шундай нарсалар ташланган бўлса, уларни олиб, тозалаган одам ажр-савобларга эга бўлади. Ушбу таълимотларга амал қилиб, барча жойларимизни, жумладан, дам олиш ва сайр қилиш масканлари каби жамоат жойларини тоза, покиза тутишга эътиборли бўлишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бузғунчиликни қаттиқ қоралаган. У Зот Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Ва бурилиб кетганда, ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат этадир. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас» (205-оят).

Исломда ҳеч бир нарсага талофат етказишга рухсат йўқ. Балки ҳар бир нарсани авайлаб-асраш керак. Ўша нарсалар ўзиники бўладими, ўзганики бўладими, фарқи йўқ. Динимиз бизларни бузишга эмас, тузатишга, ислоҳ қилишга, хароб қилишга эмас, обод қилишга буюрган. Шунинг учун мусулмон инсон ҳеч бир нарсага зарар, талофат етказмасликка ҳаракат қилиши лозим.

Шермуҳаммад Болтаев

Ҳазорасп тумани Шайх Қосим бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *