ЮРТ ТИНЧЛИГИ-КАТТА ДАВЛАТ

Жамиятда тинчлик-хотиржамлик, осойишталик бардавом бўлса, инсон бундай улуғ неъматнинг қадрига ҳамиша ҳам етмаслиги мумкин. Лекин дунёда рўй бераётган ахборот тахдидлари, терроризмнинг мудҳиш оқибатларидан бохабар бўлган киши юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг нақадар қадрли эканини юрак-юракдан хис қилади.

Дунё шиддат билан ўзгармоқда. Инсоният ақли ва қўли билан самода, ерда жойлаштирган оммавий қирғин қуроллари хавотири, ён-атрофимизда содир этилаётган террористик харакатлар, қудратли давлатларнинг мустақил мамлакатлар ички ишларига аралашиши, нуфузли халқаро ташкилотлар қўли билан ўз манфаати йўлида бошқаларнинг моддий манфаатларини топташга интилиш, зўравонлик, сиёсий босимлар одат тусига кириб, турли мафкуравий тажовузлар уюштирилмоқда.

«Мафкуравий полигон», «мафкуравий иммунитет», «мафкуравий профилактика» тушунчалари бизни жаҳон сиёсатига янгича назар ташлашга ўргатди. Сиёсий ғирромлик, иккиюзламачилик, риёкорликка асосланган мафкуравий курашларнинг мақсад ва мохиятини ҳамма ҳам англаб етавермайди. Кўпинча бундай мақсадлар кутилмаганда жуда катта кулфатлар, йўқотишлар ва қурбонларга сабаб бўлади. Энг ёмони, жамият тинчлиги бузилади, беқарор вазият юзага келади. Ижтимоий ривожланиш ва тараққиёт тўхтайди.

Халқимизда «Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади» деган ибратли нақл бор. Бу нима дегани? Бу — ўзбек халқи менталитетига хос бўлган хушфеъллик, бағрикенглик, бировнинг кўнглига озор бермаслик, ҳаммага яхшиликни раво кўриш каби инсон ҳаётининг зийнатларидир. « — Мен қонуний ҳокимиятни тан оламан, — деган эди Биринчи Президентимиз 1991 йил «Ди Сайт» немис ҳафтаномаси мухбири саволларига берган жавобида. — Лекин у фуқаролар тинчлигини, сиёсий ва иқтисодий барқарорликни, қаттиқ тартиб ва интизомни таъминлаши, ҳар бир киши, миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, ўзи учун, фарзандлари ва яқинлари учун хавотирланмай, хавфсиз яшаши ва меҳнат қилиши учун кафолат бериши керак».

Шиддат билан ўзгариб бораётган, тахликали даврда уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси, ғоявий таҳдидлар ахбороти хуружи, диний экстремизм ва миссионерлик ҳаракатлари тинчлик ва осойишталикка ўз таъсирини ўтказмоқда, терроризм ва дин ниқобидаги сиёсий экстремизм халқаро муаммога айланди.

— Истиқлолнинг илк кунларидан то хозиргача юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз раҳбари томонидан катта ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда янада огоҳ бўлиб, дунёнинг турли минтақаларида, мамлакатларда содир бўлаётган нохуш воқеалар, турли можаролар, ўзаро қарама-қаршиликлар, қон тўкилишлар, дилни хира қиладиган воқеалар биздан узоқда, деб унга лоқайд қараш мумкин эмас. Чунки бу бало бир мамлакат ёки минтақа доирасида чегараланиб қолмайди, вақтида бартараф этилмаса, тобора кучайиб, бошқа мамлакат ва минтақаларга ҳам ёйилиши мумкин. Дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан хамиша огоҳ бўлиш, она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун хар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини дилига жо қилмоғи даркор. Айниқса, бу фикрни ёшларимиз онгу шуури, қалбига жо этишимиз ҳаммамизнинг вазифамиздир.

Неъматнинг қадри у йўқолганда билинади, неъматнинг йўқолмаслиги эса доимо унинг шукрини адо қилиш билан бўлади. Бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етган инсон ўз қадрига етади. Тинчлик учун курашмоқ кераклигини доимо ёдимизда сақлашимиз, ҳар куни ўз хонадонимизда, маҳалламизда, корхонамизда тинчликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш учун жонбозлик кўрсатиб, фаол курашмоғимиз керак. Курашмоқ дегани қўлга қурол олиб майдонга чиқиш дегани эмас. Аввало, мана шундай дориломон ва ёруғ кунларга юракдан шукрона айтиб, юрт ободлиги, унинг кундан-кунга равнақ топиши учун ҳар ким ўз жойида ҳиссасини қўшиши керак.

Ўзбек халқи азалдан болапарвар, оилада тинчлик-хотиржамлик, жамиятда осойишталик тарфдори бўлиб келган. Катта-катта ишларни хашар қилиб битирган, тўйда ҳам, азада ҳам бир-бирига ёнма-ён, елкадош бўлган, қувончли ва ташвишли кунларда бир-бирининг холидан хабар олган, бева-бечоралар, етим-есирларнинг бошини силаган, одамгарчиликни, маънавиятни барча мақсадлардан устун қўйган.

Мустақиллик йилларида бошимиздан кечирган турли тажовузкорлик уринишлари, мамлакатимиздаги тинч-осуда ҳаётни, ислоҳотларни, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўролмаётганларнинг ғаразли ниятлари ҳар биримиздан хушёрликни, ҳар-бир янгиликка теран фикр, чуқур мулоҳаза билан қарашни тақозо қилади. Дунёдаги турли тазйиқ ва агрессияларнинг янгича моҳиятига назар ташлаб, оқилона хулоса чиқарган, найранглар остидаги мақсадларни англаб етган мамлакатдагина тинчлик-осойишталик, фаровонлик барқарор бўлади. Дунё тинчлиги, юрт тинчлиги катта давлатдир.

У.Машарипов

Қўшкўпир тумани “Ҳазрати Эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *