АЁЛНИНГ БАХТИ

Азал-азалдан ота боболаримиз оила тинчлигини бошқа масалалардан устун қўйиб, оиладаги тартиб интозом билан алоҳида шуғулланганлар. Оилани барпо қилиш билан катта ажрга эга бўлинса, уни барбод қилиш, яъни оила ажримига сабабчи бўлиш оғир гуноҳдир. Динимизда оила ажрими маъқулланмайди. Кейинги йилларда ёш оилалар ўртасида ажримлар кўпаймоқда. Ёшларимиз тушунмасдан “талоқ” сўзини ишлатиб, оила ажримларига сабаб бўлмоқда. Бу сўз ўйламасдан айтиладиган сўз эмас. Оила мустаҳкамлиги эр ва хотиннинг иккаласига ҳам боғлиқ масала, бунда эр ва хотин олдида турган мажбуриятлар мавжуд. Айниқса аёлларимиз ўз мажбуриятларини унитиб қўйишлари оила ажримининг сабабларидан биридир.

Биз оналар қизларимизни турмушга тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратишимиз зарур. Қиз бола тарбияси жуда нозик ва машаққатли меҳнат ҳисобланади. Бу иш ўзига хос сабр ва матонатни талаб қилади. Қиз бола вақти келиб келин бўлади. Уни янги келин бўлган оилада ҳурмат топиши ва қадрланиши болаликда олган тарбиясига боғлиқ бўлади. Келин вақти келиб она бўлади ва фарзандларини тарбиячисига айланади. Фарзандларини қандай тарбия топиши ўзини олган тарбиясига қараб бўлади. Қизларимиз суюкли ёр, бир хонадон бекаси, меҳрибон она бўлишади. Шундай экан ибоси, ҳаёси, одоби, аҳлоқи билан улар ўзларини асрашлари лозим бўлади. Нақлларда айтилишича: “Гўзаллиги билан мадҳ этилувчи аёл гўзал эмас, балки, тарбияли аёл гўзалдир” — дейилади. Аёлнинг бахти оила қувончи ва тинчлигида. Оила тотувлиги шу оиладаги аёлга боғлиқ. Айрим аёлларимиз оила тинчлигини бузишга ҳаракат қилади, улар оз сонли бўлсалар ҳам жамиятимизга зарари катта.

Ҳаттоки айрим келинлар турмуш қургандан кейин турмуш ўртоғини соддалигидан фойдаланиб, ўзига қаратиб, қайнота ва қайнонани куёвига ёмон кўрсатишга ҳаракат қилиб, ҳар хил бўхтон гап сўзларни тўқийди, бу билан ўзи гуноҳга ботаётганидан хабари йўқ. Келин янги ханодонга келишдан олдин барча зарурий таълимотларни олиб, ўз мажбуриятларини унутмаслиги зарур. Айниқса, сабр-қаноатли бўлиш, Аллоҳ берган неъматга шукр қилиш каби фазилатлар эгаси бўлиши керак. Оила аъзолари билан одоб-аҳлоқ ва иззат-ҳурмат меъёрларига риоя қилган ҳолда муомала қилиши керак бўлади. Турмуш ўртоғига нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлиш, қайнота ва қайнонага, оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматини жойига қўйишга мажбурдир.

Аёл киши турмуш ўртоғи меҳнат қилиб топган пулини ҳар доим кийимга сарф қилмасдан, рўзғордаги камчиликларга ишлатса, қолганини тежаса нур устига аъло нур бўлади. Кийим ўзини кўз кўз қилиш учун эмас, балки баданни аврат (уят жойлар)ини беркитиш учун кийилади.
Биз аёллар турмуш ўроғимизга таянч, фарзандларимизга меҳрибон она, оила аъзоларимизга суюкли опа-сингил бўлайлик. Барча аёлларга оилалари тинч осойишта бўлишини тилаб қоламан.

Р.Қадирова
ЎМИ Хорзм вилояти вакилининг хотин-
қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *