ОИЛА – МУҚАДДАС ҚЎРҒОН

Бирор инсон йўқки, ҳаётининг қайсидир палласида «Мен бахтли яшадимми?» дея ўзига савол бермаган  бўлсин. Ҳар-бир  киши бахтга интилади, шу йўлда курашади, бахти учун кўпнарсани қурбон қилади. Аммо инсонларнинг «бахт» тушунчасига қарашлари турлича: бировга арзимас туюлган нарса биров учун чинакам бахтиёрлик рамзидир. Хасталарга соғлик, хунукларга чирой, камбағалга мол-дунё, мажруҳларга тўрт муччанинг мукаммал бўлиши чинакам бахт тимсоли саналади. Лекин кўпчилик бирнарсада якдил: оилавий бахт ҳамма нарсадан азиз ва ардоқлироқ деб ҳисоблайди. Ҳар-бир оилада эр-хотин тинч-тотув, аҳил-иноқ равишда, бахтнашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади. Аммо, жонбор жойда жанжал бор, деганларидек, кишилар истамасалар ҳам, оила аъзолари – эр-хоти норасида тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ва уриш-жанжаллар чиқиб туриши табиий хол. Ушбу табиий холни оила бошлиғи сифатида ислох қилишлиқ қойим турувчи эр кишининш муҳим омиллардан биридир.

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси ва хуқуқий асоси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси шаръий никоҳга боғлиқ масалалардир.

Бу масалада икки тараф ҳам бир-бирини яхши тушуниши, аёл эрнинг, эр аёлнинг риоясини қилиши лозим. Икковлари бир-бирларининг одатларини, нимадан хафа ва нимадан хурсанд бўлишларини, руҳий кечинмаларида ва кайфиятларида бўладиган ўзгаришларни яхши тушуниб етишлари зарур. Сўнгра бир-бирларини хафа қиладиган ҳаракатлардан йироқ бўлиб, хурсанд қиладиган нарсаларга яқин бўлишга ҳаракат қилишлари керак.

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди» (Наҳл сураси, 72-оят). Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас» (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, оиласини шаръий никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

Ёшларнинг аксарияти турмуш, оила, бахт деган тушунчаларни жуда юзаки тушунади. Ҳаёт ҳамиша ўйин-кулгидан, кўнгилхушликлардан, эхтиросли учрашувлардан иборат, деб ўйлайди. Катталар эса фарзандларини бахтли қилиш нинг аслий ўлчовларидан чекиниб кетишгани учун ўзлари хоҳламаган ҳолда уларнинг бахтларига рахна солишмоқда. Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичилмас экан, токи оиламизда чинакам муносабатларга – раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтилмас экан, бу ихтилофлар, жанжал-можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади.

Оила ҳаёти ҳеч қачон фақат шодухуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагич аучрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади ҳамда оила хотиржамлиги тезроқ мустаҳкамланади.

У.Бекязов

Ҳазорасп тумани “Абдукарим Шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *